Линклар

logo-print

“Биродар”ликда гумонланганлар қийноққа солинмоқда


Сирдарёда ҳибсга олинганлар яқинларининг айтишича, улар ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо бўлмаган оддий намозхонлар бўлган.

Сирдарёда ҳибсга олинганлар яқинларининг айтишича, улар ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо бўлмаган оддий намозхонлар бўлган.

Жорий йилнинг октябрида Сирдарёда ҳибсга олинган 60 дан зиёд намозхон йигитга нисбатан ҳибсхонада қийноқ қўлланилмоқда. Улар “Биродарлар” номли янги бир диний ташкилотга алоқадорликда айбланаяпти.

Сирдарёлик 33 ёшли Авазбек Соипов уч фарзанднинг отаси. У савдогарлик билан шуғулланиб келган.

Авазбек жорий йилнинг 2 октябр куни ҳибсга олинган. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан унинг уйида тинтув ўтказилиб диний варақалар топилгани айтилган.

Ҳозирда Авазбек ҳибсга олинган сирдарёлик бошқа намозхон йигитлар билан биргаликда Сирдарё вилояти Хавос туманидаги тергов изоляторида сақланаяпти.

Авазбекнинг қайнонаси Раҳима Акбаровага кўра, куёвига нисбатан ҳибсхонада қийноқлар қўлланилмоқда.

- Турманинг деворлари ҳам гапираяпти-да. Бола шунақа қаттиқ азобда экан. Шунақа азобда эканки¸ ҳаттоки товонларига игна тиқишаяпти экан. Ҳатто товонлари қавариб кетганидан, юришнинг иложи бўлмаганидан судраб олиб чиқиб¸ судраб олиб киришаëтган экан. Шунақанги оғир азоб беришаëтган эканки¸ мен ҳеч қайси тил билан баëн этай. Ҳаттоки¸ токларга
ўтқазишибди. Орқа қисмидан ток беришибди. Боламни, энди билмадим, соғ-саломат кўришга имконимиз бўладими-йўқми... Аҳволи оғир. Жуда ҳам қаттиқ қийнашаяпти, деди Раҳима Акбарова.

Авазбекнинг онаси 70 ёшли Дилбар Соиповага кўра, ўғлига нисбатан Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилганлик айби қўйилаяпти.

- Боламни кўришга боргандим, бир мелиса чиқиб айтди. “Улар ҳокимиятгами¸ кейин яна бир ерга портловчи модда қўйибди”, дейди. “Шуларни аниқлаймиз ва кейин уйга юборамиз” дейишди, деди Дилбар Соипова.

Тошкентдаги “Веритас” инсон ҳуқуқлари ҳаракати тарқатган хабарга кўра, айни пайтда ҳибсда қолаётган сирдарёлик бошқа йигитларга нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаяпти.

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳибсга олинган сирдарёлик йигитлар Авазбек Соипов бошчилигидаги битта диний гуруҳга аъзоликда айбланаяптилар.

- Ховос тергов изоляторида сақланаëтган бир гуруҳ айбланувчиларнинг аҳволи жуда ҳам аянчли аҳволда. Уларнинг кўпчилигига қийноқлар қўлланилмоқда. Кўпчиликларига босимлар бўлмоқда. Мана шу ушланган гуруҳдан уюшган диний-экстремистик, террористик гуруҳ тузишга нисбатан ҳаракатлар бўлаяпти. Бугунги кунда жиноят ишида шу доирада ҳаракатлар кетмоқда экан. Авазбек Соиповга нисбатан “шу гуруҳнинг бошқарувчиси¸ лидери¸ ўзининг атрофига ëш йигитларни тўплаган” деган мақомдаги айбловлар қўйилаяпти. У билан биргаликда қўлга олинган ëш йигитлар¸ унинг таниш-билишлари босимлар остида мана шу тарзда кўрсатма беришга мажбур бўлишаяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

Сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаевга кўра, кейинги икки ой мобайнида ҳибсга олинган сирдарёлик намозхон йигитлар сони 61 нафарга етди.

- Уларнинг барчаси 25 ëшдан 30-35 ëшгача бўлган кучга тўлган, навқирон, намозхон йигитлар экан. Биз ҳибсга олинган йигитларни суриштириб кўрдик. Улар барчаси савдо билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар ëки бирор-бир ишлари бор йигитлар экан. Барчаси ишли, тижорат билан шуғулланувчи намозхон йигитлар экан, дейди ҳуқуқ фаоли.

Озодликка маълум бўлишича, қўлга олинган сирдарёлик йигитлар Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш), 244- модданинг иккинчи банди (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланаяптилар.

Исроил Ризаевнинг айтишича, ҳибсга олинган сирдарёлик намозхон йигитларнинг барчаси “Биродарлар” номли янги бир диний гуруҳга аъзоликда айбланмоқда.

- Орган ходимлари билан ҳам гаплашиб кўрдик. Улар айтаяпти¸ Анвар қори Турсунов¸ Ҳасан Асадов, ҳалиги ички ишлар вазирлигидаги терроризмга қарши кураш бўлим ходими, уни уйида отиб кетишди-ку. Шуларнинг қотилларига алоқадор қанақадир “Биродарлар” деган бир ташкилот бор экан. Булар гўë ҳозирги ҳукуматнинг раҳбарларини, куч ишлатар салоҳиятга эга бўлган идора вакилларини ëки бўлмаса диний айбловларда айбланиб қамалаëтган йигитларга фатво бераëтган одамларни жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилган бир гуруҳ экан, деган гапни ҳам эшитдик. Эшитдикки¸ улар диний мотивдаги “Биродарлар” деган уюшма эканки¸ ҳаттоки хориждан кимдир буларни молиявий қўллаб-қувватлашаётганмиш. Қасд олиш мақсадида Тошкентдаги қотилликларни ҳам бу йигитлар (Сирдарёда ҳибсга олинган 61 йигит - таҳр.) шу гуруҳ аъзолари қилган экан, отлари “Биродарлар” экан деб эшитдик, дейди Исроил Ризаев.

Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова билан телефон орқали боғланиб кейинги пайтда мамлакатда кузатилаётган оммавий ҳибслар борасида сўрадик.

Озодлик: Светлана опа, ноябр ойининг бошида Қашқадарëда 30 дан ортиқ муслима аëллар ҳибсга олинган. Кейин октябр¸ ноябр ойларида Сирдарëда 60 дан зиёд намозхон йигитлар қўлга олинди, деган хабарлар бор....

- Маълумотни тасдиқламайман. Унақа маълумотни тасдиқламайман. Нотўғри маълумот бу, дейди Светлана Ортиқова.

Озодликка маълум бўлган энг сўнгги маълумотга кўра, Сирдарёда қўлга олинган 61 нафар йигитдан икки нафари ҳибсдан озод қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG