Линклар

Эрондан жавоб кутилмоқда


Россияга кўра, Эрон халқаро ҳамжамиятнинг кам тўйинтирилган уранни хорижда қайта ёнилғига айлантириш борасидаги таклифларига ҳануз ўз якуний жавобини билдирмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Андрей Нестеренко бу борада эълон қилинган баёнотда Эронга нисбатан янги жазо чоралари қўллаш масаласи муҳокама этилмаётганини маълум қилди.

Чоршанба куни Эрон Ташқи ишлар вазири Манучехр Мутаққий расмий Теҳрон ўз уранини қайта ишлаш учун бошқа давлатга юбормаслигини таъкидлади.

Атом энергияси халқаро агентлиги эса Эронга ўзининг кам тўйинтирилган уранини учинчи давлатда қайта ёнилғига айлантиришни таклиф қилмоқда.

Мутаққий, ўз навбатида, Эрон уранни тўғридан тўғри ёнилғига айрибошлаш режасини кўриб чиқаётганини билдирди.

Эрон расмийсининг ушбу баёнотидан сўнг АҚШ президенти Барак Обама Вашингтон ва унинг ҳамкорлари Эронга нисбатан жазо чоралари қўллаш масаласини муҳокама эта бошлаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG