Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Депутат порахўр бўлмаса дейман...

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

...оддий¸ пулга ўч бўлмаган одамнинг сайланишини хоҳлардим; свет ўчмаса¸ свет ўчганда иложини қилиб ëқдирса¸ дейди 27 декабрга белгиланган парламент сайлови билан боғлиқ хавотирларини ифодалаган бухороликлардан бири.

Парламентга халқ вакили сайланмайди...

Бухородан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз, 27 декабрга белгиланган парламент сайловлари эркин ва адолатли ўтишига шубҳаси борлиги ҳақида гапирди. Исмини айтмаслигимизни истаган бу суҳбатдошимиз, "ўтган сафарги сайловлар пайтида маҳаллий расмийлар сайловчилар овозини кир совун ёки 3000 сўм эвазига сотиб олишга уринган эди, бу сафар ҳам шундай бўлармикин", деган хавотирда Озодликка қўнғироқ қилаётганини айтади.

- Сайлов ҳақида айтмоқчиман. Парламентга ҳар доим ўзиники сайланадида. Битта депутат сайланади. Нима учун? Шуни билмоқчи эдимда. Порахўрлик учунми ë кимнингдир оғзини ëпадими. Бу йил сайлов бўлиб ўтадида. Илгари “Илтимос¸ мана шу одамни сайланг” деб кир совун¸ бошқа нарсалар бериб кетишган эди. “Мана шу одамга овоз беринг” деб 3000 сўмдан бериб кетишган эди. Бу йил ҳам шундай бўладими¸ дейманда.

Озодлик: Бу йил “Мана шу одамга овоз беринг” деб кир совун¸ 3000 сўм пул беришса¸ нима қиласиз? Ўша одамга овоз берасизми ëки пулни олмайсизми?

- Ўша одамга умуман овоз бермасдим.

Озодлик: Унақа одамга овоз бермайсиз-а?

- Албатта.

Озодлик: Бу йил депутатликка ўз номзодини қўйганлардан бирортасини танийсизми? Агар сир бўлмаса¸ кимга овоз бермоқчисиз?

- Билмайманда тўғриси. Ҳали ўзим билмайман.

Озодлик: Ўша сизнинг районингиздан¸ шаҳрингиздан сайланадиган одамнинг қанақа бўлишини истардингиз? Қанақа одамга овоз беришни истаган бўлардингиз?

- Оддий¸ пулга ўч бўлмаган одамни хоҳлардимда. Свет ўчмаса¸ свет ўчганда иложини қилиб ëқдирса. Порахўр бўлмасада¸ дейди бухоролик суҳбатдошимиз.

сарлавҳа

Самарада мардикорлик қилаётган ва ўзини “водийликман”, деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз Озодлик радиоси ва интернет сайтида муҳокама қилинаётган мавзу - “Бунёдкор” футбол командасининг бразилиялик тренери Луиз Фелипе Сколарига 25 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланаётганига ўз муносабатини билдирди.

- Бизнинг футбол команда янги тренер олиб келибди. 25 миллион доллар. Мана биз ҳозир ташқариларда юрибмиз. 25 миллион долларни умримизнинг охиригача кўрмасак керак дейман. Бу пуллар қаердан олиб тўланаяпти¸ қандай тўланаяпти. 25 миллион доллар тўланаëтган бўлса¸ ҳеч нарса ўзгариб қолгани йўқ. Футбол командаси ўшанча фойда келтирмайди ҳам. Шу нарса бошқа бир заводга сарфланса бўлмайдими?

Озодлик: Сизни ўша ташвишга солаяптими ëки қийинчилик даврида 25 миллион тўланаëтганими?

- Мени бу ерда халқ қизиқтираяпти. Биз ҳам одамларникида юриб¸ ризқимизни оз-моз териб юрибмиз. Бундай олиб қарасангиз¸ Ўзбекистонга ташқаридан кириб келаëтган пуллар эвазига яшаяпти одамлар. Бизга ўхшаган одамлар жуда кўп. Бири Кореяга¸ бири бошқа давлатга¸ умуман ҳамма ëққа чиқиб ишлаб келишаяпти. Шунинг эвазига Ўзбекистон кун кўраяпти¸ деган фикрим бор. Ҳар йил кузда пахта терилади. Пахталар сотилади. Ўша сотилган пахталарнинг пули шу тренерга берилаяпти. Нафақат тренерга¸ бошқа шунга ўхшаган одамларга. Ўшанинг ўзимизнинг халққа тегса¸ фойдаси йўқми? Бу одам эл-юртга ош қилиб берадими¸ бошқа қилиб берадими? Ҳеч нарса қилиб бермайди¸ дейди Самарада мардикорлик қилаётган ва ўзини “водийликман”, деб таништирган суҳбатдош.

“Водийлик” бу йигит, Озодлик радиосида эшитган яна бир хабар, президент Каримовнинг Фарғонага қилган ташрифи чоғида пахтанинг қайтадан чаноқларига солиб чиқилгани ҳақида хабардан ҳам ҳайратга тушганини айтади.

- Мана ҳурматли юртбошимиз Марғилонга келибдилар. Ўшанга далаларга киришиб¸ бўлмаган ишларни бўлдиришиб¸ скочлаб¸ бунинг нимага¸ кимга кераги бор? Шу ерга келган одам шунинг скочланиб турганини кўрмадимикан? Қанча расход¸ қанча вақт.

Озодлик: Мен шуни сиздан сўрай? Нима кераги бор?

- Менинг билишимча¸ буларнинг ҳаммаси политика. Шундай юртни бошқарган одам шу нарсаларни билмайдими? Ҳамма ëқни билиб туради. Ҳамма нарсани Ислом Каримовнинг ўзига айтмайман¸ атрофдагиларини айтаманда. Атрофлари ҳам шу сингари.

Озодлик: Ëн-атрофдаги амалдорлар¸ демоқчисизда энди?

- Ҳа.

Озодлик: Пахтани жойига ëпиштириб чиққанларчи?

- Пахтани жойигга ëпиштириб чиққанлар¸ нима деса бўлади энди. Мен студент бўлиб битта мактабда ўқисам¸ коллежда ë бошқада ўқийдиган бўлсам¸ менга “Ўшанга чиқасан бугун. Ўшани бугун бойлайсан” дейдиган бўлса¸ мен ўшани қилишга мажбурман. Нимага? Эртага ўқишдан ҳайдаши мумкин¸ бошқа қилиши мумкин. Мен пул сарфлаб кирган бўлсам. Ҳокимлар ҳам ўзидан ўзи бу гапни топиб гапирмайди. Уларга ҳам тепадан¸ тепадан¸ тепадан бўлиб¸ министрликка бораяптида мана шу нарсаларнинг ҳаммаси¸ дейди ўзини водийликман деб таништирган суҳбатдошимиз.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG