Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

Тошкент учун қулай "янгилик"


Кузатувчиларга кўра¸ Каримов ва Карзай бир-бирини таниган¸ синаган қўшнилардир.
Кузатувчиларга кўра¸ Каримов ва Карзай бир-бирини таниган¸ синаган қўшнилардир.

19 ноябр куни иккинчи беш йиллик муддатга Афғонистон президенти сифатида қасамёдга келтирилган Ҳамид Карзай¸ янги ҳукумат тузишга киришди. Бу жараëн Кобулнинг ўз қўшниси Ўзбекистон билан алоқаларига қандай таъсир этиши мумкин?

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Фарҳод Толибовнинг Озодликка айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида кескин ўзгариш бўлмаган. Унинг фикрича, Афғонистон шу кунгача замонавий, том маънода мустақил давлат бўла олмади. Бундан ташқари Афғонистонда вазиятнинг нотинчлиги, уруш ҳаракатларининг давом этаётгани икки давлат муносабатлари ривожига тўсиқ бўлиб келди.

- Муаммолардан бири Афғонистон ҳали ўзини ўзи, ўз ҳудудини бошқара оладиган том маънодаги суверен давлат мақомига етолмаганидир. Афғонистон ҳозир нотинч аҳволда, беқарор. Турли хил таҳдидлар мавжуд. Афғонистонда экстремистик террористик ўчоқлар ҳали йўқ қилингани йўқ. Наркотиклар жуда катта кўламда етиштирилмоқда. У ҳам йўқ қилинмади. Ҳаммаси бор. Мана шундай таҳдидлар бор экан¸ қўшни давлатлар ва шу жумладан Ўзбекистон ҳам ҳамкорлик қилиш у ëқда турсин мана шу таҳдидларга қарши ҳаттоки чегараларини ëпиб олишга ҳам мажбур бўлади. Яъни чора кўришга мажбур бўлади. Албатта бу ҳамкорликка ëрдам бермайди, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниэр ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ривожига наркотиклар ва хавфсизлик муаммолари халал берди деган фикрда.

- Наркотиклар контрабандаси қарийиб 20 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати учун асосий масала бўлиб келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати жаноб Карзайни наркотиклар контрабандасини тўхтатиш учун чоралар кўришга чақириб келмоқда. Чунки бу Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир қилмоқда. Иккинчи муаммо¸ хавфсизлик масаласи. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Ўзбекистон ҳам Афғонистонда, хусусан мамлакат шимолида вазият барқарор бўлишини хоҳлайди. Тошкент расмийлари Ўзбекистон исломий ҳаракати ва бошқа жанггари гуруҳ аъзоларининг чегарага яқин келиши ва Туркманистон ёки Тожикистон орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтишини асло хоҳламайди. Афғонистон расмийлари хусусан Карзай билан сўзлашувларда Ўзбекистон томони айнан шуни талаб қилиб келади, дейди Брюс Панниэр.

Ҳозирда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар учун мўлжалланган ноҳарбий юклар ва бошқа халқаро ёрдамлар Ўзбекистон ҳудуди орқали ташилмоқда.

Озодлик радиосининг афғон хизмати мухбири Зариф Назар бу икки давлат алоқалари кенгайиши ва ўзаро муносабатлар мустаҳкамланишига хизмат қилади деган фикрда.

Унга кўра, агар Тошкент очиқ иқтисодий сиёсат юритса, Афғонистон Ўзбекистон учун катта бозорга айланиши ва бундан Ўзбекистон катта манфаат кўриши мумкин.

- Иқтисодий манфаат ҳар бир ўлканинг ўз иқтисодий сиëсатига боғлиқ бир нарса. Агар Ўзбекистон ўзининг иқтисодий¸ савдо-сотиқ ва бошқа соҳаларини ривожлантирмоқчи бўлса¸ Афғонистон катта бир бозор. Ўзбекистон учун яхши бир бозор. Ўзбекистонда экспертлар кўп. Механик¸ инженерлар кўп. Агар бироз очилиб¸ булар Афғонистонга кирса¸ ҳам иш топадилар¸ ҳам сармоялар ётқизиб¸ катта ишларни амалга ошира оладилар. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий сиëсатига боғлиқ нарса, дейди Зариф Назар.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати Ҳайратон ва Мозори Шариф шаҳарлари ўртасида темир йўл линияси қуриш бўйича Афғонистон ҳукумати эълон қилган тендерда ютиб чиққан. Бундан ташқари Ўзбекистон Кобулга электр қуввати етказиб бермоқда.

Брюс Паниэрга кўра, бу Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигига яхши мисол бўла олади. Айни пайтда, Ҳамид Карзайнинг иккинчи муддатга президент этиб сайлангани Тошкент расмийлари учун қўл келиши мумкин¸ дейди ғарблик таҳлилчи.

- Афғонистонда қайсидир маънода барқарорлик ўрнатилган. Ўзбекистон ҳукумати бир неча йилдан бери Ҳамид Карзай билан мулоқотда бўлиб келмоқда. Улар Карзайни билишади. Шу боис Карзайнинг ҳокимият тепасида яна беш йил муддат бўлиши Тошкент ҳукумати учун қулайлик яратиши мумкин. Афғонистон ҳукуматида расмийлар ўзгариши мумкин. Аммо президент ўзгармайди. Менимча, Тошкент буни олқишлайди. Шу ҳисобга олинса, икки давлат муносабатларида кескин ўзгариш кузатилмайди деб ўйлайман, дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниэр.
XS
SM
MD
LG