Линклар

logo-print

"Узбечка"га Россия бозори ëпилиши мумкин

  • Садриддин Ашур

Россия Бош вазири мамлакат автомобил саноатини қутқаришга уринаëтган ҳозирги вазиятда¸ унинг ўзбек машиналарини сиқувга олиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Россия Бош вазири мамлакат автомобил саноатини қутқаришга уринаëтган ҳозирги вазиятда¸ унинг ўзбек машиналарини сиқувга олиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Россиядаги йирик автомобилсозлик ширкати раҳбарлари Бош вазир Владимир Путинга мактуб йўллаб, мамлакатга Ўзбекистондан импорт қилинадиган автомобиллар миқдорини чеклашни сўрадилар.

Россия ҳар йили “GM-Ўзбекистон” компаниясининг 10 турдан ортиқ автомобилларини импорт қилади. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, “Нексия” ва “Матиз” Россияда энг кўп сотилаётган машиналардандир. Россиядаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар “АвтоВаз” ва “Газ” ва автомобиллар савдоси билан шуғулланадиган “Соллерс” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбарлари мамлакат Бош вазири Владимир Путинга мурожаат қилиб, бу автомобилларнинг Россияда сотилишини чеклашни талаб қилдилар ва ўз арзларини “қарснинг икки қўлдан чиқиши” билан изоҳлашмоқда.

Хўш, икки қўлнинг қайси бири қарсга ярамай қолди? Россиялик автомобил ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар бунда Ўзбекистон томонини айблашмоқда.

Россия автомобил ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси директори ўринбосари Алексей Сереженкиннинг Озодликка айтишича, Россия Бош вазири Владимир Путинга йўлланган сўровга етарли асослар бор.

- Мен шундай деб ўйлайман. Агар Ўзбекистон Россия автомобилларининг ўзида сотилишига қандайдир тўсиқлар қўяр экан, демак бунга қарши амалий жавоб керак. Албатта, бу ёмон. Биз иқтисодий ҳамкорлар эканмиз, демак барча шартномаларга тўлалигича амал қилиниши керак, дейди Россия автомобил ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси директори ўринбосари Алексей Сереженкин.

Хўш, Ўзбекистон Россия автомобилларининг сотилишига қандай тўсиқ қўймоқда? Бу тўсиқлар ҳақида Путинга ёзилган мактубда айтилган.

"Ўзбекистонда Россия автомобил заводларини тақдим этадиган фирмаларга валюта конвертацияси бутунлай тўхтатилди, хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилиш учун бериладиган кредитлар ман қилинди, импорт автомобиллари қўшимча йўл солиғига тортилмоқда".

Мактубда айтилишича, Ўзбекистон миллий пулининг эркин алмаштириладиган валютага конвертация қилинмаётгани оқибатида автомобил савдоси билан шуғулланадиган фирмалар ойлар мобайнида автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳисоб-китоб қилолмаяпти. Ана шу сабабларни рўкач қилиб, Россия автомобил ишлаб чиқарувчилари Бош Вазирдан Россияда сотилаётган ўзбек автомобилларини миқдорини чеклашни талаб қилмоқдалар.

Биз бу иддаоларга жавоб олиш мақсадида,“GM-Ўзбекистон” ёпиқ ҳиссадорлик жамиятига қўнғироқ қилдик. Ўз исми айтилишини истамаган мулозимга кўра, айни пайтда Россия автомобил ишлаб чиқарувчиларининг бу мактуби ва унда келтирилган иддаолар “юқорида” муҳокама қилинмоқда. Яқин кунлар ичида бу хусусда расмий баёнот тарқатилади. Мулозим фикрича, икки томонлама барча шартномалар қонун доирасида бажарилаяпти.

- Ўзбекистон республикаси қонуни бўйича ҳамма нималар амалга оширилаяпти. Қонун ҳаммага битта. Ҳеч қанақа қонунни четлаш бўлгани йўқ¸ дейди GM-Ўзбекистон” ёпиқ ҳиссадорлик жамиятининг мулозими.

Ўзбекистондаги “ЎзДЭУ” акцияларини шу йил“GM-Ўзбекистон” ёпиқ ҳиссадорлик компанияси сотиб олган эди. Бу компания ишлаб чиқараётган автомобилларнинг асосий қисми Россияга экспорт қилинади. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида яқин 145 мингта автомобил ишлаб чиқарилган. Россия Европа бизнеси бирлашмаси маълумотига кўра, ўтган 10 ой давомида Россияда 23 мингта “Нексия” ва 20 мингга яқин “Матиз” автомобиллари сотилган.

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг айтишларича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Россияда анча арзон нархда сотилади.

- Россияда машиналар Ўзбекистонга қараганда анча арзон. Ўзимизда чиқади шу машиналар¸ лекин ўзимизга қимматга сотилади. Нимага десангиз¸ билмайман¸ доставкаси билан десам¸ наоборот бу ерда қиммат тушиши керак. Мана Матизни олайлик. Матиз ўзимизда 11000 доллар дейлик. Шуни ҳам навбатда туриб¸ ака-ука қилиб оласиз. Мана яқинда менинг жиянларим олди. 11000 га ўзимизда олди. Бу ерда айниқса Ленинград ва Москваларда¸ мана яқинда фирманинг ҳисобидан командировка билан бориб келдик¸ магазинларда 7500 доллардан Матизлар турибди. 100 литр бензини билан подаркаси ҳам бор. Қизиқиб кўрсам¸ Ўзбекистонда чиқаëтган шунақа машиналар кўп. Нархи анчагина фарқ қилади.

Мана мен уч йилдан бери шу қишлоқда яшайман. Шу қишлоқдаги бир рус Нексия сотиб олдида. Қўшни энди. Мен қизиқиб “Қанчага олгансан?” деб сўрасам¸ “Автосалондан 8000 долларга олганман” деди. Ўтган йил олган. Мен келаëтган пайтимда битта танишим Нексия-2 машинасини олди. У менга “2000 шапка бериб олганман” деб айтди¸ дейди Россиядаги меҳнат муҳожири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG