Линклар

Европа Иттифоқи президент сайлади


ЕИ президенти этиб сайланган Ҳерман ван Румпей молиявий бўҳрон оқибатларини бартараф этиш, иқлим ўзгариши, энергия ва хавфсизлик Иттифоқ учун устивор масала бўлишини таъкидламоқда.

ЕИ президенти этиб сайланган Ҳерман ван Румпей молиявий бўҳрон оқибатларини бартараф этиш, иқлим ўзгариши, энергия ва хавфсизлик Иттифоқ учун устивор масала бўлишини таъкидламоқда.

19 ноябр куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг фавқулодда саммитида Белгия бош вазири Ҳерман ван Румпей ЕИнинг биринчи президенти этиб сайланди.

Британиялик сиёсатчи, ЕИнинг Савдо-сотиқ масалалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон эса Иттифоқнинг ташқи алоқалар бўйича котиби лавозимига лойиқ деб топилган. Яъни Эштон умумевропа ташқи сиёсатига раҳбарлик қилади.

Европа иттифоқида энг юқори лавозимларга сайланган ҳар икки сиёсатчи Европа сиёсий саҳнасида унча танилмаган, дипломатия соҳасида катта тажрибага эга бўлмаган шахслардир.

62 ёшдаги Ҳерман ван Румпей Белгия бош вазири лавозимига олти ой аввал келган. Унгача Христиан демократлар партияси вакили сифатида 2007 йил ёзидан Белгия парламенти қуйи палатасига раислик қилган. Социология ва сиёсат ҳақида бир қанча китоблар муаллифи.

Иттифоқнинг ташқи алоқалар бўйича котиби лавозимига сайланган Кэтрин Эштон ҳам унча кўзга кўринмаган сиёсатчи. Эштон январ ойидан бери Европа иттифоқининг Савдо-сотиқ масалалари бўйича комиссари лавозимида ишлаб келади.

Европа иттифоқининг пайшанба оқшомида бўлиб ўтган фавқулодда саммитида ҳар икки сиёсатчи иттифоқнинг энг юксак лавозимларига сайлангани тантанавор бир тарзда эълон қилинди.

- Йилларча давом этган муҳокамалардан сўнг бугунги тарихий анжуманда Европанинг ушбу янги раҳбарияти таркибини тақдим этаяпмиз, деди Европа иттифоқига раислик қилаётган Швеция бош вазири Фредрик Рейнфелд.

Танқидчилар: “Шу пайтгача унча танилмаган сиёсатчилар қандай қилиб Европа иттифоқи манфаатлари юзасидан жаҳон етакчилари билан баҳслаша олади?” деган саволни ўртага ташламоқда. Шунингдек, Европа иттифоқи раҳбарининг сайланиши етарли даражада демократик бўлмаганига ҳам ишора қилмоқдалар.

Европа Комиссияси раҳбари Хосе Мануэл Баррозо янги лавозимларга Румпей ва Эштондан муносиброқ номзод топилмаганини таъкидлади.

Европа иттифоқи президенти лавозимига келаси йилнинг 1 январидан расман киришадиган Ҳерман ван Румпей молиявий бўҳрон оқибатларини бартараф этиш, иқлим ўзгариши, энергия ва хавфсизлик иттифоқ учун устивор масала бўлишини таъкидлади.

Европа иттифоқи президенти ва ташқи алоқалар бўйича котиби лавозимлари 1 декабрдан кучга кирадиган Европа иттифоқи раҳбарият тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Лиссабон шартномасида кўзда тутилган. Аммо Европа иттифоқига ҳар олти ойда галма-гал раислик қиладиган давлатлар раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирларининг келажакда қандай мавқе эгаллаши мавҳумлигича қолмоқда.

Испания Бош вазири Хосэ Запатеро январ ойида ўз давлати иттифоққа раҳбарлик галини Швециядан қабул қилиб олгач, "иккинчи скрипкачи"га айланиб қолиш истаги йўқлигини аллақачон билдирди.
XS
SM
MD
LG