Линклар

АҚШ Карзай режасини олқишлайди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг инаугурация маросимида коррупцияга қарши курашни кучайтириш ҳақда қилган чиқишини олқишлади.

- Президент Карзайнинг коррупция ҳақида сўз очгани мени қувонтирди. Афғон президентининг коррупция ва қонунсизликка қарши қаттиқ оҳангдаги чиқиши, ҳукумат расмийларидан банк ҳисоблари ҳақда ҳисоботларни талаб этиш, жиноий ишлар бўйича трибунал тузиш ғояси ва коррупцияга қарши комиссияни қўллаб қувватлаш чақириқлари маросим қатнашчилари тарафидан гулдирос қарсаклар билан қарши олингани қувонарлидир, деди Ҳиллари Клинтон.

Жаҳон етакчилари Карзайни Афғонистонга берилажак узоқ муддатли ёрдамлар мамлакатда коррупция муаммоси нақадар ҳал этилишига боғлиқ экани ҳақида огоҳлантириб келишган.

Айни пайтда Карзайнинг сиёсий мухолифлари, жумладан, ўтган президентлик сайловларида у билан президентлик лавозими учун беллашган доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ Ҳамид Карзай чиқишида ҳеч бир янги гап эшитмаганини айтди.

- Карзай чиқишида ҳеч бир янги гап эшитмадим. Карзай ўзгаришлар ва коррупцияга қарши курашиш, миллий яраш ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида авваллари ҳам гапирган. Бу ҳақда сўнгги саккиз йил давомида гапириб келинади, вазият эса ёмонлашмоқда, холос, деди Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ.
XS
SM
MD
LG