Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Сўғдликлар кўмирга қайтмоқда


Тожикистонда электр энергияси ва газ тақчиллиги сабаб мамлакат аҳолиси яна ўтган асрнинг 30-йиллардаги ҳаёт тарзига қайтмоқда.
Тожикистонда электр энергияси ва газ тақчиллиги сабаб мамлакат аҳолиси яна ўтган асрнинг 30-йиллардаги ҳаёт тарзига қайтмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистондан келаëтган газ миқдори кейинги тўрт ой мобайнида кескин камайиб кетгани оқибатида газ билан ишлайдиган қатор корхоналар иши тўхтаб қолди.

Маҳаллий мутахассислар вужудга келган вазиятдан чиқиш йўлини топишди. Тўқимачилик корхоналари ишлаб чиқаришда табиий газ ва электр энергияси ўрнига кўмирдан фойдаланишга ўтди.

- Биринчидан, газ нархи кўтарилди. Бир куб метр газ учун 30 сомоний тўлаш керак. Бундай нархлар биз учун оғирлик қиляпти. Сарфланган маблағ маҳсулот таннархини қимматлаштириб юборди. Иккинчидан, шу газнинг ўзи ҳам йўқ. Шу боис корхона ишини юргизиш учун яна ўша 30-йиллардагидек кўмирдан фойдаланишга ўтдик. Табиийки, фабрикада реконструкция ишлари амалга оширилди, дейди Хўжанд ипакчилик комбинати ишлаб чиқариш муҳандиси Салим Сангинов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, кўмирдан фойдаланишнинг қатор афзалликлари бор. Жумладан, кўмир табиий газдан арзон. Илгари бир килограмм ипак нархи 20 АҚШ долларга тўғри келарди. Эндиликда унинг нархи 4 долларга арзонлашди. Демак, харидорлар ҳам кўпаяди.

Вилоят ҳокимияти қошидаги Саноат бўлими бошлиғи Содиқ Рустамовдан олинган маълумотларга кўра, вилоятдаги қатор корхоналар табиий газ йўқлиги сабаб ишламаяпти. Чунончи “Лаъл” шиша идиш ишлаб чиқарадиган, “Торгмаш” ва газ аппаратура заводлари, “Текстил Сити" очиқ ҳиссадорлик жамияти каби табиий газга қарам бўлган корхоналар тўрт ойдан буён ишламайди. Мазкур корхоналар фаолиятини жонлантириш учун айни пайтда мутахассислар томонидан турли тадбирлар белгиланмоқда. Жумладан, шиша идиш заводини ҳам кўмир билан ишлашга ҳозирлаш тадбирлари кўрилмоқда.

“Сомон Сўғдгаз” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти бошлиқ ўринбосари Абдураҳмон Кенжаевнинг айтишича, шу кунларда фақат Хўжанд ва Чкалов шаҳарлари, Бобожон Ғафуров, Спитамен ва Жаббор Расулов туманларигина қисман табиий газ билан таъминланган. Лекин бу ҳам жуда кам миқдорда. Вилоятдаги корхоналарга эса газ мутлақо берилмаяпти.

- Агар биз Ўзбекистон олдидаги қарзни ўз вақтида тўламасак, қўшнилар бизни газдан бутунлай маҳрум қилиши мумкин. Бугун аҳоли ва корхоналар қарзи қарийб беш миллион сомонийни (1,5 миллион АҚШ доллари) ташкил этади. Ўзбекистон олдидаги қарз эса 6 миллион сомонийдан ошган. Шу боис табиий газ қачон бўлиши ҳозирча маълум эмас, деди Абдураҳмон Кенжаев.

Унга кўра, аҳоли ва корхоналар қарзларини тўла узмаса ва 10 кунга олдиндан ҳақ тўламаса, улар газ билан таъминланмайдилар.

Айни пайтда корхоналарнинг кўмир ва мазут ишлатишга ўтиши маҳаллий табиатни муҳофаза қилиш вакилларини ташвишга солмоқда. Экологларнинг сўзларига кўра, кўмир ва ёнилғи атроф-муҳитни бузади.

- Сўнгги йилларда электр энергияси ва газ тақчиллиги сабабли аҳоли уйларини иситиш ва таом тайёрлашда¸ асосан¸ кўмир ишлатаяпти. Бу атроф-муҳитга ўз таъсирини кўрсатаяпти¸албатта. Эндиликда йирик саноат корхоналарининг ҳам кўмир ва бошқа ёнилғилардан фойдаланишга ўтиши ташвишланарли ҳолдир. Чунки бирорта завод ёки фабрика филтрлар билан жиҳозланмаган. Демак, катта миқдордаги чиқиндилар атмосферага тарқалади, экологик вазият бузилади. Бундан ташқари, кўмир чиқиндилари ер эрозиясига олиб келади. Шу боис корхона раҳбарлари кўмир ва бошқа ёнилғилардан фойдаланишдан аввал атроф-муҳитга зарар етказмаслик бўйича чора-тадбирларини кўришлари лозим, дейди ОРХУС халқаро ташкилотининг вилоятдаги вакили Дмитрий Прудских.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, экологлар ташвиши ўринли. Бироқ республикада энергия тақчиллиги сабаб корхоналар фаолияти тўхтаб турган бир пайтда расмийлар атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида ўйламайдилар. Раҳбарлар учун бугунги кунда, қайси йўл билан бўлмасин, корхоналарни ишга туширишдан кўра муҳимроқ вазифа йўқ.
XS
SM
MD
LG