Линклар

logo-print

Қашшоқлик болалар ўлимига сабаб бўлмоқда

  • Гулнора Равшан

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, тожикистонлик болаларнинг 34 фоизи иқтисодий шароит ёмонлиги туфайли жисмонан носоғлом бўлиб вояга етмоқда.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, тожикистонлик болаларнинг 34 фоизи иқтисодий шароит ёмонлиги туфайли жисмонан носоғлом бўлиб вояга етмоқда.

БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ Тожикистонда туғилаётган ҳар минг боладан 64 нафари 5 ёшга етмай нобуд бўлаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳонгвей Гаонинг билдиришича, бунга аввало тожикистонлик оналарнинг ҳомиладорлик даврида тўйиб овқатланмаслиги сабаб бўлмоқда.

- Носоғлом ва камқон онадан, табиийки, соғлом бола дунёга келмайди. Чақалоқ туғилганидан кейинги олти ой мобайнида кўкрак сути билан озиқланиши ўта муҳим. Афсуски, тожикистонлик оналарнинг атиги 30 фоизигина ўз фарзандини кўкрак сути билан боқади. Бизнингча, бу тожикистонлик болаларнинг соғлом, жисмонан бақувват бўлиб ўсишига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, деди ЮНИСЕФ расмийси Ҳонгвей Гао.

Мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз қишлоқ аёли Қундузой аксарият оналарнинг ўз боласини эмизмаслигини уларда кўкрак сути етишмаслиги билан изоҳлайди.

Тўрт боланинг онаси Қундузой ўзи ҳам кейинги икки боласига кўкрак сути бермаган.

- Энди қишлоқда яшагандан кейин аренда кўп, мол-ҳол дейсиз... То туққунча молнинг тагидан чиқмайсиз, таппи қиласиз, у қиласиз, бу қиласиз. Шу билан ўзига қарашга вақт етмайди. Калорияли овқатлар байрамларда бўлиб қолмаса, бўлак пайт шилдираган шўрва, макарон ошдан бошқа ҳеч нарса йўқ, дейди Душанбе яқинидаги Болшевик қишлоғида кун кечираётган суҳбатдошимиз.

Қундузойнинг айтишича, оналар иқтисодий ва ижтимоий турмуш тарзи яхшиланмас экан, тожик жамиятида болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кўпаяверади.

БМТ расмийлари ҳамда оддий тожикистонликлар мамлакатда болалар ўлими кўплиги ҳамда 17 ёшгача бўлган болалар вазни меъёридан енгиллигидан бонг уриб турган бир пайтда Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ЮНИСЕФ ҳисоботида келтирилган маълумотлар ҳақиқатдан йироқлигини таъкидламоқдалар.

- Марказий Осиёнинг беш давлатида болалар ўлими даражаси юқори ёки пастлиги қиёсланар экан, ҳақиқатан Тожикистонда ўтган йиллардагига қараганда болалар ўлими кўпроқ қайдга олингани маълум бўлади. Аммо бу “қўшниларимизда ҳаммаси яхши экан-да” дегани эмас. Қўшниларимизда, хусусан, Ўзбекистонда болалар ўлими билан боғлиқ статистикани давлатнинг расмий органлари тақдим этади. Бюрократия кучли бўлган Ўзбекистонда болалар ўлимини кўп жойларда 20 ёки ундан сал кўпроқ этиб кўрсатилади. Аслида ундай эмас. Биздаги ижтимоий ва иқтисодий вазиятни улардаги билан солиштирадиган бўлсак, қўшнимизда аҳвол оғирроқ десак, хато гапирмаган бўламиз, дейди тожик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеяси 1959 йил 20 ноябрида болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳақида халқаро ҳужжатни қабул қилиши ортидан бу сана тарих саҳифасидан жой олди.

Тожик расмийлари бу ҳужжатни 1989 йилда имзолаган эди.

Аснода тожикистонлик кузатувчилар орадан 20 йил ўтиб ҳам ҳукумат расмийлари тожикистонлик болалар турмушини яхшилаш борасида мақтанса арзигулик бирор иш қилмаганини таъкидламоқдалар.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, тожикистонлик болаларнинг тахминан 93 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қатнамайди. Бу ҳам мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий омилларга бориб тақалиши қайд этилмоқда.
XS
SM
MD
LG