Линклар

logo-print

"Тоҳир Йўлдош Каримовнинг одами бўлса керак"

  • Барно Анвар

Одамларни мажбурлаб ўз ҳаракатига қўшиб келган Тоҳир Йўлдош¸ ўз қўлидагиларга зулм қилишда Ислом Каримовдан қолишмайди¸ дейди Аҳмаджон ака.

Одамларни мажбурлаб ўз ҳаракатига қўшиб келган Тоҳир Йўлдош¸ ўз қўлидагиларга зулм қилишда Ислом Каримовдан қолишмайди¸ дейди Аҳмаджон ака.

Ўз ҳикоясига кўра¸ Жирғатолга олма олгани бориб¸ у ерда Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдош қўлига тушиб¸ ҳаëти алғов-далғов бўлиб кетган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси¸ 10 йилдан ошиқроқ кузатишлари асосида шундай гумонга келганини айтади.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида Озодлик таҳририятига аввалига Эрондан, сўнгра эса Туркиядан сим қоққан ўзбекистонлик бир оиланинг тақдири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Исм-фамилиясини сир тутишимизни сўраган ўзбекистонлик бу оила ҳақида аввал ҳам бир хабар берган эдик. Эрон полицияси томонидан мамлакатда ноқонуний яшаганликда айбланиб, қўлга олинган ўзбекистонликлар ўз юртига депортация хавфи остида қолган ва ҳибсда сақланаётган кезда улар билан алоқамиз узилиб қолган эди.

Эндиликда маълум бўлишича, Эрон полицияси уларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган ва бу оила Эронга қўшни Туркияга бориб қолган.

Аввал айтганимиздек, бунга қадар Эронда, Покистонда, Афғонистонда ва Тожикистонда бўлган бу оиланинг тарихи жуда қизиқ. Ўз вақтида улар Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида ҳам бўлган.

Бу оиланинг ўзи сўнгги 11 йиллик ҳаётида баъзи юртдошлари учун ибрат бўладиган жиҳатлар бор, деб ҳисоблаб, уни сиз тингловчига сўзлаб беришга қарор қилдик.

Оила аъзолари ўз исмини шартли равишда Аҳмаджон ва Ҳабибахон, деб номлади.

Дастлаб, Эрон ҳибсхонасига тушиб қолган бу оиланинг қандай қилиб Туркияга бориб қолгани билан қизиқдик.

Ҳабибахоннинг сўзларига кўра, улар ҳибсга олинишидан аввалроқ БМТ нинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Теҳрон бўлимига ариза билан мурожаат қилган ва жавоб кутаётган эди.

Аммо, шунга қарамай Эрон полицияси уларни ҳибсга олиб, Ўзбекистонга депортация қилишга уринган.

Қолганини Ҳабибахондан эшитинг.

Ҳабибахон: Бизни Теҳронга келтиришганидан кейин аввал мен ўзимга вакил талаб қилдим. Булар “Вакил-макилингни ҳам¸ БМТ ни ҳам йиғиштир” деди. БМТ нинг Теҳрондаги идорасига телефон қилдим. Ўзимни таништирдим. “Бўпти¸ сизларнинг орқаларингиздан тушамиз” деди. Уч кунгача мен шу ердаги болага “БМТ дан одам келдими?” деб сўрадим. “Сен БМТ ни қўй” дедида¸ беш кун деганда чиқариб юборишди.

Озодлик: БМТ дан одам келмадимикан ëки келса ҳам улар қўймадимикан?

Ҳабибахон: Унисини мен билмайман. “Агар Ўзбекистонга бериб юборишдан бошқа йўлинг бўлмаса¸ мени шу ернинг ўзида отиб юборақол” десам¸ менга “Бўпти¸ биз сени Туркияга ўтказиб қўямиз” деб¸ ўз қўли билан пул олмасдан Туркиянинг чегарасига шундай топшириб кетишди.

Озодлик: Чегарачиларнинг қўлига топшириб кетишдими?

- Йўқ. Туркиянинг чегарасига келган пайтимизда¸ “Мана Туркия. Бор кетсанг кет” деб шундай қўйиб юборишди. “Мени Туркия солдатлари ушласа¸ у ëғига қанақа қилиб кетаман?” десам¸ “Сен Туркияни хоҳладингми¸ менинг ишим йўқ. Кетсанг кет. Кетмасанг¸ бошқаси бўлади” деди¸ дейди Ҳабибахон.

Шу тариқа, БМТ нинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг Теҳрон бўлими билан гаплашишга имкон берилмаган ёхуд ваколатхона ходимлари томонидан вақтида сўраб-суриштирилмаган бу оила ноқонуний равишда Эрон ҳудудидан чиқариб юборилди.

Ноқонуний равишда Туркия ҳудудига ўтиб қолган ўзбекистонликлар сўнгра айни ташкилотнинг Туркиядаги бўлимига учрашишга қарор қилди. Аммо, бу оилани бу мамлакатдаги бошқа ўзбекистонлик қочқинлар муқаддам учраган бир қатор муаммолар ўйлантирмоқда.

Ҳали айтганимиздек, улар аввал Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида бўлган ва халқаро миқёсда террорчи, деб эълон қилинган ҳаракатнинг собиқ аъзолари аввал ҳам Туркия ва Эрон ўртасида кўп сарсонгарчиликларга учраган эди.

Ҳозирда бу оила зўрлик билан ушбу ҳаракатга қўшиб олингани ва имкон бўлиши билан уни тарк этганини айтмоқда. Уларнинг тарихини ўрганган ва ҳозирги тақдирини кузатаётган бир неча халқаро ташкилотлар уларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишига эришишга уринмоқдалар.

Биз эса шу ўринда бу оиланинг қандай қилиб, Тоҳир Йўлдош жанггарилари сафига қўшилиб қолгани-ю, қандай қилиб улар сафини тарк этгани билан қизиқдик.

Бу ҳақда оилабоши Аҳмаджон ака ҳикоя қилиб берди. Унинг сўзларига кўра, у бир неча қишлоқдоши билан 1997 йил ўрталарида савдогарлик қилиб пул топиш учун қўшни Қирғизистонга, кейин Тожикистонга борган ва унинг ҳамма саргардонликлари айнан Жирғатолдан бошланган.

Аҳмаджон ака: Мен асосан ишлашга чиққан эдим. Қирғизистонга чиққан эдик. Қирғизистондан Тожикистонга¸ Жирғатолга ўтдик. Олма ва бошқа нарсалар тижорат қилиб сотиладику. Тожикистонда¸ Жирғатол деган жойда олма кўп бўлади. Хонадонда турган эдик. У ерда одамларнинг уйида олмалар кўп бўлар экан. Келганимиздан кейин бизга Жумавой учради. “Нимага келдинг?” деди. Кейин бизни машинага солиб олиб кетди. У ëққа боргандан кейин ҳамманинг паспортини йиғиштириб олади. Қайтариб беришмади улар. Паспортларимизни олиб бўлгандан кейин...

Озодлик: Аҳмаджон ака¸ сизнинг ëнингизда яна уч-тўрт кишини мажбурлаб олиб кетганми Жума Намангоний?

Аҳмаджон ака: Ҳа. Сизнинг қўлингизда қурол бўлмаса¸ уларнинг қўлида қурол бўлса¸ кетасизда. Ўша территорияларнинг ҳамма жойларини билишар экан улар. Бу ëққа нимага келганимизни тушунмадик. Кейин ҳаммамизни сўроқ-савол қилди. “Сен қайтиб кетмайсан” деди. Агар қайтиб кетсангиз¸ тамом¸ ишингиз тугайди. Қолдик¸ мажбур қолдик биз. Мен мажбур у ерда новвойчилик қилдим. Тўғриси¸ ўтин ëрардим. Ҳар жойга олиб борди¸ ўша ишларни қилдим мен.

Озодлик: Сиз турган жойда нечтача одам бор эди? Лагерда бўлганда?

Аҳмаджон ака: Ҳа¸ лагерга ўхшаган жой. Бизни янги олиб келишган пайтда кўпмас экан. 50-60 нафар одам бор эди. Кейин аста-аста кўпайиб кетди одам. 100 нафардан ошди¸ 200 нафардан ошди¸ исломий ҳаракатни кейин тузишди. У пайтда жуда озчилик бўлган эди аслида.

Озодлик: Сиз борган пайт нечанчи йиллар эди?

Аҳмаджон ака: 1997 нинг охири. Ноябр ойлари эди¸ қишда.

Озодлик: Жирғатолда Жума Намангонийнинг битта лагерига бориб қолдинглар-а?

Аҳмаджон ака: Йўқ¸ Жирғатолда эмас. Жумавойнинг Тожикистоннинг ҳамма жойига боришга ҳуқуқи бор эди. Билмадим¸ унинг нуфузи бормиди¸ аввалги Тожикистон жиҳодларида қатнашганми. Ҳамма жойда уни танишарди¸ уни ҳурмат-эҳтиром қилишарди. Нотаниш одам келса¸ унга бирпасда “Булар келипти. Тижорат билан келганми¸ жосусми” деб хабарини беришарди. Улар келади¸ “Нимага келдинг?” деб олиб кетади керак бўлса.

Озодлик: Кейин сизлар қандай қилиб Афғонистонга бориб қолдингизлар?

Аҳмаджон ака: Кейин ҳаммамизни жамлади ва “Афғонистонга ўтиб кетамиз” деб ҳаммамизни мажбурлашди. Вертолëтда¸ қайиқларда¸ бошқа нарсаларда олиб ўтишди Қундуз тарафга. Оилалар бор эди¸ бола-чақалар бор эди. Оила-оила бўлиб яшар эди¸ лекин назоратда турар эди.

Озодлик: Вертолëтлар Жума Намангонийникимиди?

Аҳмаджон ака: Менинг фикримча¸ яна Оллоҳ билади¸ Тожикистон Русияники эди.

Озодлик: Ўшалар ўтказиб юборишганда Афғонистонга.

Аҳмаджон ака: Ҳа. Йўлда солдатларни кўрганмиз¸ танкларни кўрганмиз. Иши бўлмаган. Шундай ўтказиб юборган.

Озодлик: Афғонистонда нима қилдингизлар?

Аҳмаджон ака: Кичкина мадраса¸ катта мадраса¸ кичкиналар ўқийдиган жойлар бор эди. Ўзбекистон исломий ҳаракатига тегишли жойлардан уй берилган¸ ўша жойларда яшар эдик оила-оила бўлиб. Ҳаммаси Афғонистонда озод юрар эди.

Озодлик: Шунинг ичида ëш болалар ўқирмиди?

Аҳмаджон ака: Ҳа¸ кичкина мадрасада¸ катта мадрасада ўқишар эди.

Озодлик: Қачон сиз Ўзбекистон исломий ҳаракатини тарк этдингиз?

- Америкада иккита бино қулагандан кейин Америка Афғонистонга¸ толибларга ҳужум қилди. Шундан кейин бизни Гардез тарафга олиб борди. Бу ëқдан Вана тарафга олиб чиқди. У ерда озгина турдикда¸ энди имкон бўлиб қолди деб¸ қўлимда пул бор эди озгина¸ ана шу пул билан мажбур ўша ерда пайт пойлаб¸ қочиб чиқдим. Шу хизматини ҳам қилмадим¸ оиламни олиб қочиб чиқиб кетдим¸ дейди Аҳмаджон ака.

Биз шу ўринда Аҳмаджон акага Тоҳир Йўлдош ҳаракатини тарк этиши сабаблари ҳақида кенгроқ тўхталишини сўраб, яна баъзи саволларни бердик.

Аҳмаджон ака: Ўзбекистон исломий ҳаракатини тарк этишимнинг асл сабаби¸ тўғрисини айтсам¸ Тоҳир кўп зулм қилди. Чунки Тоҳир билан кўп тортишардим. Хатоларини айтар эдим. “Бу бўлмайди. Сен зулм қилаяпсан. Ҳозир нотўғри қилаяпсан” дердим. Кейин Жумавой билан Тоҳирнинг ўртасида бир зиддият бор эдики¸ Жумавойнинг болалари бошқа эди¸ Тоҳирнинг болалари бошқа эди. “Булар иккитаку. Агар булар бир иш қилмоқчи бўлса¸ бирлаша олмаса¸ қандай қилиб қилади?” десам¸ “Сен бизни иккига бўлдинг” деб зиндонга ташлаб¸ менга анча руҳий азоб беришди¸ қийнашди.

Кейин рост гап¸ кўнгилларим ўксиб кетди. Ҳатто мендан қўрқишди. Расмга олишди. “Бу Ўзбекистоннинг КГБ си. Отиб ташлаймиз” деди. Пистолетларни тирашди. “Сени бир чеккада йўқ қилиб юборамиз” дейишди. Худди Сталин давридек қийнашди мени. Кейин менга хизматга ҳақ бермас эди. Бир ойлик продукта масалан¸ картошка¸ ун¸ пиëз ва ҳоказолар берарди. Лекин пул бермас эди. Ўзбекистоннинг сиëсатига ўхшаб Тоҳир ҳам сиëсат қиларди. Баъзида кўпайтириб қўярди¸ баъзида камайтириб қўярди. “Нимага камайтирдинг? Биз ўзи зулмланиб чиққан бўлсак. Бу ерда ҳам зулмланамизми?” дейдиган бўлсак¸ баттарроқ камайтирарди. Қийнар эди шундай қилиб.

Озодлик: Мана айланиб-айланиб охири Туркияга келиб қолибсиз. Қандай хулоса чиқараяпсиз? Ўша ердаги болалар нима мақсадда юрган эди? Сизнингча¸ шунча болаларни тутқун қилиб¸ оила¸ бола-чақаси билан лагерма-лагер олиб юришдан Тоҳирнинг мақсади нима эди?

Аҳмаджон ака: Ана шуни мен ҳалигача тушунмайман. Шунинг учун менинг бошим қотган. Мақсади нима? Оллоҳ учунми ëки бир курси учунми?

Озодлик: Маърузаларда нима деб айтарди? Болаларга мақсадини тушунтирармиди ахир?

Аҳмаджон ака: Маърузаларида “Биз Оллоҳнинг қулларимиз. Оллоҳнинг йўлида жиҳод қиламиз. Жиҳод қилмасак¸ қиëматда Муҳаммад алайҳиссаломга қандай қараймиз?” дейди. Лекин¸ мен фикр қиламанки¸ ëлғон гапиради. Тоҳирдан чиқиб кетган одам¸ сиз динни қанчалик тушунасиз¸ муртад¸ диндан чиқди¸ дегандай бўлади. Уни ҳатто ташқарида отиб ҳам ташлайверишади. Калласини олиб кетишади¸ ўлдиришади. Шунинг учун мен тушунмайман¸ мақсади нима экан? Агар миллатчиликни хоҳласа¸ ўзбекни ўлдирмаслиги керак. Агар динни хоҳласа¸ қиëматда нима деб жавоб бераман деб ҳам ўлдирмаслиги керак. Кофир¸ аҳли китоб деб уларни ҳам ўлдирса¸ мусулмонларни ҳам ўлдирса¸ ўзбекларни ҳам ўлдирса¸ мен тушунмайман. Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Мен ўйлайман¸ у Оллоҳ учун иш қилмаса керак. Каримовнинг одами бўлса керак¸ деб ўйлайман. Аниқ шунақа дея олмайман¸ лекин шу томонга гумоним кўпроқ. Бир одам бор эди. У ҳамманинг исмини ëзиб чиққан. Исмларигача¸ расмларигача компьютерларда кўрдик деб айтган эди¸ ҳайрон қолдим мен. Ëзгандан кейин бир ҳафта ўтмасдан Ўзбекистон КГБсининг қўлида бўлади у. Мен шуни тушунмайман. Каримовнинг одами бўлса керакки¸ бу ëқда болаларни ҳам ўлдираяпти. Каримов нима иш қилса¸ у ëқда ҳам қийинчилик¸ бу ëқда ҳам қийинчилик. Мақсад мусулмонларни йўқотишми? Шундай деб ўйлайман мен ҳам.

Озодлик: Мана Туркияга келиб қолибсиз? Энди нима қилмоқчисиз?

- Менинг Ўзбекистонга қайтиб бориш ниятим йўқ. Чунки мен Ўзбекистоннинг ҳолатини¸ мусулмонларга бўлган ҳолатини яхши биламан. Мана Обид қори акаларни биласиз. Нимага Обид қори акалар Ўзбекистонда яшамай¸ ташқарига чиқиб кетди¸ дейди Аҳмаджон ака.

Аҳмаджон ака ўзи ва оиласининг Ўзбекистонга қайтарилишини асло мумкин эмас, деб ҳисоблайди.

Озодликка яна бир карра сим қоқар экан бу оила, уларнинг ўз сўзлари билан айтганда, тақдир тақозоси билан тортилган шунча азобдан сўнг ваниҳоят, тинч-осуда бошпана ҳамда тирикчиликка етишга муштоқ бўлмоқда.

Биз эса Озодлик тўлқинларида ўзбекистонлик бу оила тақдирини кузатиб боришга, янгиликлардан сизни бохабар қилиб боришга ҳаракат қиламиз.

*********************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: +42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG