Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:13

Қаршилик саккиз муслима қўйиб юборилди


Қаршида ҳибсга олинган 30 дан зиёд муслимадан саккиз нафари 19 ноябр куни ҳибсхонадан чиқарилди. Аммо, қаршилик ҳуқуқ фаолларига кўра, улар ҳамон терговга чақириб турилибди.

Жорий йилнинг 5 ноябридан бошлаб қаршилик Латофат Орзиқулованинг 12 қариндоши ҳибсга олинган эди.

Латофатнинг Озодликка маълум қилишича, 19 ноябр куни унинг саккиз нафар қариндоши ҳибсхонадан озодликка чиқарилган.

- Ҳозир холам билан онамдан бошқаси озод бўлган. Саккизтаси озод бўлди, ўшаларнинг деярли барчаси қариндошимиз. Холам билан онамни ҳали чиқаришмаяпти. Борсак¸ “Айби бўлмаса, чиқади” деб гапиришаяпти, дейди Латофат Орзиқулова.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораевага кўра, ҳибсдан озод қилинган аёллар ҳамон терговга чақириб турилибди.

- Cаккизтаси озод бўлган, дейишаяпти. Ўша саккизтани қўйиб юборгани билан терговга чақиришаëтган экан барибир, дейди Гулшан Қораева.

Латофат Орзиқулованинг айтишича, унинг ҳибсдан озод бўлган қариндошларига нисбатан ҳибсхонада қийноқ қўлланилган.

- Уларни уришган, аёлларни. Оëқларидан қайноқ сувлар қуйишипти ҳатто. Рўмолларини ечиб ташлаб¸ ҳар хил қийноқлар қилишган. Бу нарса инсонийликка мутлақо тўғри келмайдику, дейди Латофат Орзиқулова.

Латофат онаси Меҳринисо Ҳамдамовага нисбатан ҳибсхонада қийноқлар қўлланилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораеванинг Озодликка маълум қилишича, Меҳринисо Ҳамдамова 2004 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қаршидаги фаоли сифатида фаолият кўрсатиб келган. Шунингдек, ҳибсга олинган аёллардан яна бири - Шаҳло Раҳмонова ҳам ушбу ташкилот аъзоси экан.

- Ҳибсдаги аёллардан иккитаси Меҳринисо Ҳамдамова билан Шаҳло Раҳмонова ОПЧУ (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти - таҳр.) аъзоси. Булар 2004 йилдан бу ëғига аъзо бўлиб келган. Илгарилари ҳам жуда фаол қатнашган, дейди Гулшан Қораева.

Қаршилик 40 ёшли Меҳринисо Ҳамдамова 2007 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Қаршидаги “Кўк гумбаз” масжидида ташкил қилинган “Отинойилар” ўқув курсида қизларга диний билим бериб келган.

2009 йилнинг 5 ноябридан бошлаб эса Меҳринисо Ҳамдамова ва унинг собиқ талабаларини оммавий равишда ҳибсга олиш бошланган.

Латофат Орзиқуловага кўра, унинг онаси Меҳринисо Ҳамдамова “Отинойилар” ўқув курсига келган талабаларга ноқонуний равишда диний даъват қилганликда айбланаяпти.

Қашқадарё вилояти бош отинойиси Шоира Каромова Озодликка берган интервьюсида ўзининг “Отинойилар” ўқув курси ташкилотчиларидан бири эканини айтиб, Меҳринисо Ҳамдамованинг ҳибсга олинишини унинг ўқув курсидаги фаолияти билан боғлаш нотўғри, деган фикрни билдирган эди.

- Энди буни рўкач қилиб кўрсатишаяпти. Бу аслида бошқа нарса. Уни бориб МХХдан¸ тергов органларидан сўраб билсангиз бўлади. Бу ўқитгани учун эмас. У ўқитганидан кейин ҳеч ким бу ерда ëмон йўлга¸ оқимга кириб кетганича йўқ. Лекин унинг ғояси¸ унинг ақидаси оилада бўлган. Масалан¸ қизини эрта турмушга берган. “Ўшанақа” одамлар билан мулоқотда бўлган. Лекин ўқув курсидаги дарсга унинг таъсири йўқ эди. Мен ҳеч қанақа қонундан чиққаним йўқ. Ҳатто юстиция лицензиясини ҳам олиб келган эдим. Мусулмонлар идораси билан доимий алоқада бўлдим. Тадбирлар қилсам¸ хотин-қизлар қўмитасини ҳам чақирдим¸ адлияни ҳам чақирдим¸ МХХни ҳам чақирдим. Ҳаммаси билан мулоқотда тадбир ўтказдим, дейди Шоира Каромова.

Қашқадарё вилоят МХХ бошқармасининг тергов бўлинмаси бошлиғи, адлия подполковниги Р. Раҳматов имзо чеккан “Меҳринисо Ҳамдамованинг уйида тинтув ўтказиш ҳақида”ги расмий ҳужжатда “Қарши шаҳрида яшовчи Ҳамдамова Меҳринисо ва бошқалар доимий равишда ўз яшаш уйларида ноқонуний ва яширин тарзда диний мавзудаги йиғилишлар ташкил қилиб, ушбу йиғилишларни жамоатга бирлашиш, жамоатга кўпроқ ёшларни жалб қилиб, сафларини кенгайтириш кабилар тўғрисида ўтказиб, ўз сафларини кенгайтириш учун даъватлар ҳамда фаол ҳаракатлар қилиб келганлар”, дейилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг хориждаги фаоли Толиб Ёқубов Қаршидаги икки фаолининг ҳибсга олинишидан таассуфда эканини айтиб, мамлакатда кейинги пайтда кузатилаётган оммавий ҳибсга олишларни шундай изоҳлади:

- Афсуски¸ бизнинг ташкилотимизнинг аъзоларини Қашқадарëда ҳам қамаяпти. Энди Ислом Каримовнинг қатағон машинаси жуда катта тезлик билан ишлаб ëтибди. Бу машинани тўхтатиш қийин. Тўхтата олмайди ҳам¸ тўхтатмайди ҳам. Чунки Ислом Каримов ўз сиëсатининг асосига “Ўзбекистонга қаëқдандир ислом экстремизми¸ терроризми хавф солаяпти” деган афсонани асос қилиб олган ва шунга жаҳон жамоатчилигини ишонтириб келишга ҳаракат қилаяпти. Шунинг учун ҳам бу машина тўхтамаслиги керак. Тўхтаса¸ сиëсат нотўғри эканлиги билиниб қолади. Шунинг учун ҳам янги-янги одамлар керак - айбдорми¸ айбдор эмасми - бундан қатъий назар. Биз биламиз¸ Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қамалган 10 минглаб одамлар бор. Бу нарса бундан кейин ҳам давом этаверади. Каримов бор экан¸ унинг сиëсати шу маромда кетаверади, дейди Толиб Ёқубов.
XS
SM
MD
LG