Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:13

Қонунлар яна биттага кўпайди


Ҳуқуқшунослар¸ жиноий ишнинг судда адолатли ечим топишида суд-экспертиза хулосаси муҳим рол ўйнашини айтадилар.
Ҳуқуқшунослар¸ жиноий ишнинг судда адолатли ечим топишида суд-экспертиза хулосаси муҳим рол ўйнашини айтадилар.

Ўзбекистон Олий мажлисининг қуйи палатасида “Суд экспертизаси тўғрисида” қонун қабул қилинди ва шу пайтгача турли ҳужжатларга сочилган меъëрлар¸ мазкур қонунга жамланди.

Ўзбекистонлик мустақил адвокат Руҳиддин Комилов “Суд-экспертизаси тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингани сабабини шу пайтгача Ўзбекистонда суд экспертизаси фаолиятини тартибга солувчи махсус қонуннинг бўлмагани ва бу фаолиятнинг турли процессуал кодекслар асосида юритиб келгани билан изоҳлади. Унга кўра, “Суд-экспертизаси тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинганидан кейин бу соҳа ўз ҳуқуқлари белгиланган ягона қонунга эга бўлган.

- Ҳар бир нарсанинг ҳуқуқий асослари бўлиши керак. Мисол учун¸ терговчи ўзининг ҳатти-ҳаракатини Жиноий-процессуал кодексига асосан¸ судя Фуқаролик-процессуал кодексига асосан¸ пленум Ўзбекистон республикаси Олий суди пленуми қарорларига таяниб иш кўради. Шу нуқтаи-назардан ҳуқуқий асослари яратилган “Суд-экспертизаси тўғрисида”ги қонунда суд-экспертиза ваколатлари¸ у амалга оширадиган иш ва ҳаракатнинг доираси¸ унинг қонуний чегараси белгилаб берилади. Шу пайтгача процессуал нормаларга таяниб иш амалга оширилаëтган эди. Энди бу соҳанинг ўз қонуни бор. Ўша қонунга суянган ҳолда иш олиб борилади¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комилов содир этилган жиноят бўйича гувоҳлар бўлмаган ёки гувоҳларни судга олиб келишнинг имкони бўлмаган пайтда¸ экспертиза хулосалари ҳакамлар қарор қабул қилишида катта аҳамиятга эга эканини айтди.

- Эксперт ўз касбининг ҳақиқий етук эгаси бўлса¸ албатта¸ жиноятни фош қилиш йўлини топади. Ҳеч бир жиноятчи изсиз кетмайди. Из қолдирмасдан кетадиган жиноятчининг ўзи йўқ. Ўша жиҳатдан эксперт хулосасининг аҳамияти жуда катта. Шу нуқтаи-назардан оладиган бўлсак¸ бу қонун аллақачон қабул қилиниши керак эди ва бу жуда долзарб¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комиловга кўра, агар “Суд-экспертизаси тўғрисида”ги янги қонун кучга кирса, у мураккаб жиноятларни очишда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов бу фикрга қўшилади. Унга кўра, дунёнинг аксар давлатларида экспертиза хулосаси суд қарорини аниқлаштиришда катта рол ўйнайди.

Суҳроб Исмоилов:
Кўпчилик мамлакатлар суд тизимларида экспертизанинг суд қарорини аниқлаштиришда жуда катта туртки бериши мумкин. Ўзбекистон шароитида бунақа қонун қабул қилинишини биз олқишлашимиз керак. Чунки ҳар қалай бу қонун алоҳида бир ҳужжат. У ерда экспертиза тайинлашнинг барча тартиб-қоидалари батафсил ëритилган бўлади. Лекин бу қонун қабул қилингунча Ўзбекистонда турли кодексларда¸ масалан жиноят жараëни бўйича Жиноий-процессуал кодексда¸ Фуқаролик- процессуал кодексларида суд тарафидан ҳали тергов жараëнида қандай қилиб суд-экспертиза тайинлаш тўғрисида таърифлар¸ қоидалар ëзилган. Лекин алоҳида қонун қилиб чиқарилаëтган экан¸ биз буни олқишлашимиз керак.

Озодлик: “Суд-экспертизаси тўғрисида”ги қонун амалга жорий қилинса, айбланувчиларга нисбатан адолатли ҳукм чиқаришига хизмат қиладими?

- Албатта¸ қанақадир умумий жиноятлар учун ҳақиқатан ҳам жиноий ҳуқуқбузарлик қилиб¸ ишлари судга кўчирилган шахслар учун у ëки бу жиҳатдан қисман адолат тарозиси баландроқ келишини биз башорат қилишимиз мумкин. Лекин ҳозирги кундаги реалликдан келиб чиқиб¸ буни кенгроқ тарзда судларнинг мустақил эмаслиги билан боғлаб¸ судларнинг иши бошидан ошиб-тошиб ëтганлиги¸ битта судяга жуда кўп иш ҳажми тўғри келаëтганлиги¸ шунинг орасида уларнинг ўз вазифаларига совуққон қарашлари¸ порахўрлик сабабларини ëки охирги йилларда адвокатурага берилган салбий зарбани ҳисобга олиб¸ реал мустақил ишлай оладиган адвокатлар тобора камайиб кетганини ҳисобга олиб¸ уларнинг кўпроқ давлатга боғлиқ бўлаëтганини ҳисобга олиб¸ биз айта оламизки¸ янги қонун қабул қилиниши вазиятни кўп ҳам ўзгартирмайди. Ваҳоланки¸ мана шу қонуннинг ўзида биз ўзимиз айтаяпмиз¸ бояги энг асосий талаб мустақил экспертларни жалб қилиш ҳуқуқи назарга олинмаган экан¸ бунақа қонун кўпинча Ўзбекистон шароитларида менимча фойдасиз бўлиб қолади ҳозирча, дейди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон Олий мажлисининг қуйи палатаси депутатлари “Суд-экспертизаси тўғрисида” қабул қилган қонун тасдиқ учун Сенат муҳокамасига тақдим этилади.
XS
SM
MD
LG