Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:54

Ўзбекистон Тожикистонни айланиб ўтмоқчи


REGNUM ахборот агентлиги 20 ноябр куни “Ўзбекэнерго” давлат акционерлик ширкатидаги манбага таянган ҳолда Ўзбекистонда жорий йил 1 декабридан 93 миллион долларга тенг янги электр узатиш тармоғи ишга туширилиши ҳақида хабар тарқатди.

Манбага кўра, Тожикистон ҳудудини четлаб ўтувчи мазкур тармоқ ёрдамида Ўзбекистон Афғонистонга электр узата бошлайди. Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти ҳам маҳаллий электр билан тўла таъминланади ва бу ҳудудда, “Ўзбекэнерго” ширкатидаги манбанинг қайд этишича, бундан буён Тожикистон электрига эҳтиёж қолмайди.

“Ўзбекэнерго” ширкати расмийларининг маълум қилишича, 1 декабрдан эътиборан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида электр олди-бердиси расман тўхтатилади ва Тожикистон Ўзбекистонга узатадиган электрини ўз ички бозорига сарфлаши мумкин.

Тожикистон ҳукумати ва энергетиклари бу хабарни қандай қабул қилдилар? Қўшни мамлакат билан электр олди-бердиси расман тўхтатилар экан, бу Тожикистон ГЭСларида шу йил 9 ноябрида Норак ГЭСида рўй бергани каби техник аварияларнинг такрорланишига олиб бормайдими? Шу ва бошқа саволлар билан тожикистонлик соҳа мутахассислари ва мустақил кузатувчиларга микрофон тутдик.

Тожикистоннинг “Барқи тожик” ширкати матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий Ўзбекистон бош вазири Тожикистон ҳукуматига мурожаат этиб, шу йил 1 декабридан Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини маълум қилганини айтди.

- Аслида Ўзбекистон билан 29 октябрдан электр олди-бердиси тўхтатилган. Қўшнимизнинг ягона энерготизимдан чиқиб кетиши ёки Афғонистонга электр энергияси миқдорини яна ҳам оширишидан биз заррача ташвишга тушганимиз йўқ. Ўзбекистон билан электр олди-бердисининг тўхтаб қолиши ГЭСларимизга нагрузка ҳам бўлмайди. Мана бир ойдирки, ГЭСларимиз автоном тарзда ишлаб турибди, деди “Барқи тожик” расмийси.

“Норак ГЭСида рўй берган авария ҳам мазкур ГЭС автоном равишда ишлагани натижасида босим кучайиб кетиши ортидан юзага келгани айтилган эди. Бу ҳолат қайтарилмаслигига кафолат борми?” деб сўрадик “Барқи тожик” расмийсидан.

Аммо Нозиржон Ёдгорий Тожикистон давлат телевиденияси мухбирига эксклюзив интервью бериши кераклигини айтаркан, саволимизни очиқ қолдирди.

Айни пайтда тожикистонлик тажрибали мутахассис Ғуломиддин Сайфиддинов ўзбекларнинг энергетика соҳасида Тожикистонсиз мустақил тарзда фаолият юрита олишига шубҳа билан қарашини айтди.

- Биласизми, бу ҳаммаси “утка”. Ўзбекистоннинг Фарҳод ГЭСи, шунингдек, 600 мегаваттлик яна бир ГЭСидан (номи ҳозир эсимдан чиқди) ташқари барча ГЭСлари мазут ва буғ билан ишлайди. Уларда гидроэнергетик станциялар деярли йўқ. Бу эса Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш даъвосини қилаётган Ўзбекистон энергосистемасини фожеага олиб боради. Агар битта тармоғида техник авария рўй бергудек бўлса, занжир реакцияси юз беради.
Менинг мутахассис сифатида жавобим - Ўзбекистон энерготизими Тожикистонсиз фаолият юрита олмайди. Биз энергетиклар бир-биримизни жуда яхши тушунамиз ва ҳамкорлик ҳам қила оламиз. Ҳамма келишмовчиликлар икки давлат сиёсатчилар ўртасида. Агар юқоридагилар ўзаро муросага келишса, масала ҳал бўлади, дейди Ғуломиддин Сайфиддинов.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов фикрича эса расмий Тошкентнинг мазкур қарорга келиши унинг расмий Душанбе билан муроса қила олишига ортиқ ишонмай қўйганини англатади.

- Сўнгги йиллар маҳаллий ахборот воситаларида, қолаверса, хорижда ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги электр, сув масаласи атрофидаги даҳанаки жанглар борасида тез-тез гапирилди. Менимча, ўзбеклар бу “деди-деди”лардан безди ва Тожикистон билан электр олди-бердиси ўрнига ўз электрини Афғонистонга сотиб, иқтисодини бақувват қилишга қарор қилди. Менимча, унинг бунга тўла ҳаққи бор. Негаки, Тожикистон билан электрини у бартер қилар эди. Афғонистон ёки бошқа хориж давлатларга сотилган электр эса Ўзбекистонга валюта олиб келади, деди таҳлилчи Исмоил Раҳматов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетиш қарори тўғрисида бундан икки ойча аввал матбуотда гапирила бошлаган эди. Ўзбекистон бу қарорини Тожикистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан ортиқча электрни ҳеч қандай шартномасиз, ноқонуний ўзлаштираётгани билан изоҳлаганди.
XS
SM
MD
LG