Линклар

logo-print

Қозоқ қочқинлари юртга қайтишдан чўчимоқдалар


Қозоғистоннинг Манғистау туман ички ишлар депатраменти веб-сайтининг "Қидирув" бўлимида қозоқ қочқини Қуаниш Каменов ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Қозоғистоннинг Манғистау туман ички ишлар депатраменти веб-сайтининг "Қидирув" бўлимида қозоқ қочқини Қуаниш Каменов ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Европа мамлакатларидан бошпана сўраётган қозоқ қочқинлари Қозоғистон махфий хизматларининг диндорларга нисбатан доимий равишда қўллайдиган қийноқлари ҳақида ошкор қилмоқдалар.

34 ёшли қозоқ қочқини Қуаниш Каменов 3 йил давомида 6 нафар фарзанди ва икки хотини билан ҳозир Европа давлатларидан бошпана сўраётган 200 дан зиёд диндор қозоқ қочқинлари каби сарсон-саргардонликда Чехияда яшаб келмоқда.

Озодлик мухбири билан суҳбат аввалида у 2006 йили Қозоғистон ғарбида жойлашган Атирау шаҳридан қочишига мажбур қилган сабаблар ҳақида гапирар экан, бунга авваламбор қозоқ махфий хизматларининг узлуксиз таъқиби ва босими сабаб бўлганини айтди.

- Ҳар жума ва бошқа кунлари биз дўстларимиз уйида йиғилиб, намоз ўқир, бир-бировимиз билан мулоқотда бўлардик. Махфий хизмат ходимлари ортимиздан кузатиб, биродарларимиз билан бирга йиғилган жойга етиб келишарди. Улар йиғин қайси уйда бўлишини аввалдан билар эдилар. Шунга қарамай, биз йиғинларимизни давом эттирардик. Махфий хизмат ходимлари жамоатимиз йиғилган жойга келиб, йигитларни полицияга олиб кетарди, дея эслайди қозоқ қочқини Қуаниш Каменов.

Унинг айтишича, қозоқ диндорларини сўроқ қилиш пайтида махфий хизмат ходимлари томонидан уларга нисбатан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий босим ўтказилган.

- 1999 йил сентябр ойида мени камерага қамаб қўйишди. Икки-уч кун ўтгач, мени у ердан олиб чиқиб, машинага ўтқазиб, шаҳар чеккасига олиб боришди. Бу Ақтау шаҳри махфий хизмати ходимлари эди. Улар мени ким яратгани ҳақида савол беришди. Мен уларга мени Оллоҳ яратганини айтдим, улар эса мени мазах қилиб, мени ота-онам яратганини айтишди. Сўнг оёғимдан чалиб, ерга қулатишди. Бошимга пистолет тираб, диндан қайтишимни, намоз ўқишни бас қилишимни талаб қилишди. Агар уларнинг айтганига кўнсам, менга доимо кўмак бериб туришга, ҳаттоки ишларимда ёрдам беришга ваъда қилишди. Мен диндан қайтмаслигимни айтдим. Шунда улар: “Унда ҳаёт билан видолаш, сўнгги сўзингни айт”, дейишди. Мен сукут сақлашни давом эттиргач, улар ҳеч нима айтмай, мени шаҳарга қайтариб олиб келиб, камерага тиқиб қўйишди.


Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё дастури бўйича раҳбари Виталий Пономаревнинг келтиришича, ҳозирда Қозоғистон қамоқхоналарида 2005 йилдан бошлаб қозоқ диндорларига нисбатан бошланган ов оқибатида уларнинг кўпи қўлга олингани ва ҳозирда қамоқда сақланаётган ушбу кишиларнинг тақдири на улар яқинлари ва на ҳуқуқ ҳимоячиларига номаълумлигича қолаётганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, ушбу диндорларнинг аксари қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноий ишлар бўйича айбланиб қамалган, Қозоғистондан қочишга улгурганларига нисбатан эса халқаро қидирув эълон қилинган.

Чехиядан бошпана сўраётган қозоқ қочқини Қуаниш Каменовнинг айтишича, у ҳам Манғистау туман ички ишлар департаменти томонидан наркотик моддаларини сақлаганлик ва ваҳҳобийликка алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга эълон қилинган.

Қуаниш Каменовнинг халқаро қидирувга эълон қилингани сабаблари борасида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Манғистау вилоят ички ишлар департаменти билан боғландик. Аммо департамент матбуот хизмати ходимаси Гулзайда Тўлуеғалиева бу борада бизга маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Айни пайтда Чехия ҳукумати 2006 йилдан бошлаб Қозоғистонда диний мотивлар бўйича таъқиб кузатилмагани ва ҳозирда ҳам бундай ҳолат мавжуд эмаслиги сабаб қозоқ диндор қочқинларига бошпана беришдан бош тортмоқда. Ҳозир кузатувчилар бу қочқинлар Қозоғистонга депортация қилиниши, у ерда эса унга нисбатан доимий қийноқлар қўлланиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари эса аслида мамлакатда диндорларга бўлган муносабат совет даврида бўлгани каби ҳозирда ҳам аянчли аҳволда эканини қайд этмоқдалар.

- Эътибор беринг, совет даврида иқтидорда бўлган кишилар ҳозир ҳам масъул лавозимларда ишлимоқдалар. Уларнинг диндорларга нисбатан қўллаётган сиёсати ҳам ўзгармаган. Раҳбарлар совет мафкурасидан қутулолганлари йўқ. Улар нима учун ҳалиям динни хавфли деб ҳисоблашларини ШҲТ ва КХШТ каби икки аксилтеррор марказидан сўраш керак. Нега улар динни мафкура учун хатарли деб ҳисоблашади? Улар мафкура деганда нимани назарда тутмоқдалар? Бу ўта мураккаб ва фалсафий саволдир, дейди Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитаси Олмаота бўлими раисаси Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитаси Олмаота бўлими раисаси Нинель Фокина.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли бу “мураккаб ва фалсафий савол”га ўзи топган жавоб билан ўртоқлашади.

- Диндорлар ботинан эркин кишилардир, уларни турли мафкуравий ишловларга осонгина бўйин бермайдилар. Улар ўз ички қадриятларини раҳбарлар оддий халққа сингдирмоқчи бўлган қадриятлардан кўра юксакроқ ҳисоблайдилар. Диндорларни пулга сотиб олиб бўлмайди, қўрқитиб ва шантаж ҳам қилиб бўлмайди. Шу боис, расмийлар ўйлаганидек, улар ўз хулқ-атвори ва турмуши билан бошқаларга ёмон ўрнак кўрсатишаяпти, мен бундан бошқа ҳеч бир сабаб кўрмаяпман, дейди Фокина.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ давлат департаментининг эътиқод эркинлиги бўйича бу йилги ҳисоботида Қозоғистонда диний эркинлик вазияти аввалги йилларга нисбатан анча ёмонлашгани қайд этилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG