Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:30

Россия президенти ҳукмрон партияни танқид қилди


Россия президенти Дмитрий Медведев ҳукмрон “Единая Россия” партиясини танқид қилди. Россия раҳбари Кремл қўллаб-қувватлаган бу партия яқинда ўтказилган регионал сайловларда демократияга путур етказганини айтди

Россия бош вазири Владимир Путин етакчилик қилувчи “Единая Россия” партиясининг 21 ноябр куни Санкт-Петербург шаҳрида очилган йиллик йиғилишида сўзлаган президент Дмитрий Медведев партиянинг минтақалардаги айрим бўлимлари сайловчиларга ўз иродасини ифодалаш учун имконият бермаганини айтди. Медведев партия раҳбарларига келажакда сайловчилар овозларини ҳалол қозонишга ҳаракат қилиш тўғрисида буйруқ берди.

Ҳозирда Россия парламенти Қуйи палатасидаги 450 ўриннинг 315 тасини “Единая Россия” партияси вакиллари эгаллаган. Бу партия октябр ойида ўтказилган сайловда ғолиб бўлиш учун сайлов жараёнига таъсир ўтказганликда айбланмоқда.

Мустақил кузатувчилар ва мухолиф партиялар вакилларига кўра, сайловда қонунлар кенг кўламда бузилган, жумладан, бир сайловчи кўп марта овоз берган, сайлов қутиларига олдиндан тўлдирилган бюллетенлар ташланган.

Президент Медведев “Единая Россия” партияси “очиқ курашда ютиб чиқишни бошлаши керак”лигини айтди.

- Демократия ҳокимият тепасидаги ёки мухолифатдаги партиялар учун эмас, балки фуқаролар учун, Россия Федерациясида халқ ўзининг бошқариш ҳуқуқини юзага чиқариши учун мавжуддир. Партия эса жуда муҳим ва ўта керакли бир восита, холос. У мақсад эмас, балки шунчаки бир воситадир, деди Россия президенти.

Медведевдан кейин сўзга чиққан бош вазир Владимир Путин президентнинг танқидига жавоб қайтармади. Аммо у “Единая Россия” аъзоларини ўз шахсий манфаатлари йўлида партиядан восита сифатида фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирди.

- Шу билан бирга, мен партияга нуфузли элита клуби сифатида қараётганларни, унга аъзо бўлиш ўз “шахсий амбицияларини қондириш ва мансаб пиллапоялари бўйлаб юқорилаш билан боғлиқ бошқа муаммоларни ҳал этишга йўл очади” деб ўйлаётганларни огоҳлантирмоқчиман, деди Россия бош вазири.

Айни пайтда Владимир Путин фақат “Единая Россия” партияси барча муаммоларни билиши ва уларни ҳал этишда тўғри қарорлар қабул қила олишини таъкидлади. Унинг нутқи асосан Россия иқтисодиёти ва глобал иқтисодий бўҳрондан чиқиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш чоралари ҳақида бўлди.

2008 йилда Россия президенти лавозимини Дмитрий Медведевга бўшатиб берган Владимир Путин 2012 йилда ўтказиладиган сайловда президентликка номзод бўлишини эҳтимолдан соқит қилмади.
XS
SM
MD
LG