Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:59

Роғунни халқ пулига қуришмоқчи


Тожик парламенти юқори палатаси тожикистонликларни Роғун ГЭСи қурилишига ўз улушини қўшишга даъват этди.
Тожик парламенти юқори палатаси тожикистонликларни Роғун ГЭСи қурилишига ўз улушини қўшишга даъват этди.

Тожикистон расмийлари Роғун ГЭСи қурилиши учун аҳолидан 154 миллион доллар миқдорида маблағ йиғиш мақсадида кенг қамровли тарғибот ишларини бошлаб юборган кўринади. Олий лавозимдаги тожик расмийлари мунтазам тарзда фуқароларни бир ойлик маошини Роғун қурилишига беришга даъват этмоқдалар.

Аввал Тожикистон президенти, сўнгроқ “Ховар” давлат ахборот агентлиги ва Тожикистон журналистлар уюшмаси, энди эса мамлакат парламенти юқори палатаси тожикистонликларни Роғун ГЭСи қурилишига ўз улушини қўшишга даъват этди.

“Роғун ГЭСи қурилиб, ишга туширилиши Тожикистон ҳалқи учун ўта аҳамиятли. Мустақил Тожикистонимиз келажаги, иқтисодиёти тараққиётини ўйлаган ҳар бир фуқаро даъватимизни қувватлашига ишонаман”, дея таъкидлаган Тожикистон Миллий мажлисининг юқори палатаси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев шахсан ўзи Роғун ГЭСи фондига ойлик маошини ўтказганини маълум қилди.

Жума куни журналистлар билан учрашган Тожикистон Молия вазири Сафарали Нажмиддинов ўз идораси “мамлакат аҳолисининг ижтимоий - иқтисодий вазиятини назарга олган ҳолда” ҳар бири 100 сомонийдан (тахминан 23 доллар - таҳр.) нархланадиган акциялар чиқарилишини маълум қилган эди.

Молия вазири фикрича ҳам 100 сомонийлик акцияни “ватанпарварлик туйғуси ҳамма нарсадан устун бўлган ҳар бири киши сотиб олиши мумкин”.

Тожикистонликлар ҳукумат расмийларининг бу даъватини турлича қабул қилишмоқда. Биринчи суҳбатдошимиз олийгоҳ ўқитувчиси Бахтиёр Мўминов “ўртаҳол, ойликдан ойликкача кутиб кун кечираётган халқдан ГЭС қурилиши учун пул сўраш ўта адолатсизлик”, дея мулоҳаза билдиради.

- Парламент берган маълумотларга қараганда¸ давлат мулозимлари ойига ўртача 1000 сомоний (тахминан 230 доллар - таҳр.) ойлик олади. Ундан ташқари¸ уларнинг ҳар бирида хизмат машинаси бор. Хорижда, жумладан, кўпининг араб давлатларида бир нечтадан магазинлари бор. Улар учун 100 сомоний нима деган гап¸ дейди ўқитувчи.

- Аммо оддий одамлар учун 100 сомоний катта пул, ҳозирги шароитда. Бу ойлик билан Роғун акцияни сотиб олиш бизга қийин, дейди суҳбатимизга қўшилган автобус ҳайдовчиси Шермат ака.

- 200 ёки 300 ( 46 ёки 68 доллар – таҳр.) ойлик нима бўлади? Икки қоп ун олсангиз¸ тамом шу билан. Ким беради, агар ойлик шунча бўлса? Рўзғорни тебратиш керакми ёки Роғунни қуриш керакми¸ дейди норози оҳангда Ҳисор туманидаги пиво ишлаб чиқариладиган кичик завод ишчиси Ҳаким ака.

Душанбе шаҳар ҳукумати қошидаги транспорт қатновини назорат қилиш ва тартибга солиш бўлим ходими Файзулло Зубайдов ойига 220 сомоний ( 50 доллар 55 цент - таҳр.) иш ҳаққи олишини айтди.

- Бешта болам бор, хотиним ҳеч қаерда ишламайди. Мана ўзингиз айтинг, агар шу ойликнинг 100 сомонийсини ГЭС учун берсам, бир ой болаларимни нима билан боқаман? Энди биз учун йўл кира текин. Аммо ейиш, ичиш, тўй, мотам дегандек, ўзи бўладими. Ўзи умуман бундай ахмоқона фикр кимдан чиқди? Халқимиз аравасини зўрға судраб яшаяпти-ку, дея ёзғиради Душанбе шаҳар ҳукумати ходими.

Шаҳринав туманлик Ойсанам эса шўролар даврида Сангтўда - 1 ГЭСининг иккита акциясини сотиб олганини, ўшанда ҳам ГЭС ишга тушса, ёруғ кунлар келиши ваъда қилинганини айтди. Ойсанам ГЭС ишга тушганидан кейин ҳам вазият “эски ҳаммом эски тос”лигича қолганидан шикоят қилади:

- Унисининг фойдасини кўрмагунча, бунисининг ҳам акциясини олмаймиз. Худога шукур, қишлоқда ўтирибмиз, тезак, кўмир бор, гуриллатиб ёқаяпмиз. Миннатли гази ҳам керак эмас, электриям, дейди шаҳринавлик Ойсанам.

Аснода “Роғун ГЭСи қурилиши ҳаётан муҳим”, деб ҳисоблайдиган ва ГЭС учун ўз улушини қўшишга тайёрлар ҳам йўқ эмас. Ваҳдат туманилик Фатхулло Шарипов нафақахўр, оладиган нафақаси 400 сомоний (91 доллар - таҳр.) экан.

- Роғун ишга туширилса¸ ватанимиз обод бўлишига ишонаман. Мен учун Тожикистоннинг ободончилиги ҳамма нарсадан муҳимдир. Бир ой қийналсам ҳам мана шу гал оладиган нафақамни тўла Роғун ГЭСи фондига ўтказмоқчиман, дейди нафақахўр суҳбатдошимиз.

Мустақил таҳлилчилар Роғун ГЭСи қурилишини пастки қатлам вакиллари бўйнига юклаш демократик тамойилларга зид эканини таъкидлашади.

- Жамиятимизда ниҳоят бойлар ва ниҳоят қашшоқларга тақсимланадиган икки қатлам бор. Менимча¸ ҳукумат Роғун акциясини ўша ўзига тўқ, катта тижорат билан шуғулланаётган, бели бақувватларга сотиши керак. Бунинг эвазига акция эгаларига ҳам қандайдир фойда ваъда қилиниши лозим. Аммо ойликдан ойликка яшаётган фуқароларга бу мажбуриятни юклашни демократик принципларга зид деб ҳисоблайман, - дейди иқтисодчи ва мустақил таҳлилчи Давлат Усмон.

Тожикистон Миллий мажлиси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоевнинг билдиришича, 7 миллионлик Тожикистон аҳолисининг тахминан 2 миллион 143 мингги мамлакат ичкарисида турли соҳаларда фаолият юритади. Уларнинг ўртача иш ҳақи 314 сомоний (72 доллар - таҳр.) ни ташкил қилади. Агар ҳар бир киши бир ойлик маошини Роғун ГЭСи фондига ўтказса, жами 154 миллион доллар тўплаш мумкин.

Тожикистонлик соҳа мутахассисларининг билдиришларича, стратегик иншоотлар қаторига кирувчи Роғуннинг фақат 49% акцияси сотилиши мумкин. Аммо акцияларнинг катта қисми Тожикистон ҳукумати ихтиёрида қолиши шарт.
XS
SM
MD
LG