Линклар

Қозоқ журналистларига танбеҳ берилди


Қозоқ журналистларини танқид қилган Бош вазир¸ улар журъатсизлиги сабабига тўхталишни ўзига эп кўрмади.

Қозоқ журналистларини танқид қилган Бош вазир¸ улар журъатсизлиги сабабига тўхталишни ўзига эп кўрмади.

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов, мамлакат журналистларини маҳаллий медиа бозорини Россия ва хориж ахборот воситаларига бой бериб қўйганликда айблади.

Бош вазирга кўра, Қозоғистоннинг яқин келажакда Россия ва Беларус билан ягона божхоналар иттифоқига кириши муносабати билан, қозоқ оммавий ахборот воситалари (ОАВ) Россия аудиторияси эътиборини қозониш учун курашмоқлари зарур.

- Агар барчаси яхши кечса, яқин келажакда Қозоғистон ва Россия ягона божхона иттифоқида яшайди. Бизнинг кейинги қадамимиз эса, ягона иқтисодий муҳитни яратиш бўлади. Тан олиш зарур, ҳозир биз Россия билан ягона информацион муҳитда яшашга мажбурмиз. Социологларнинг айтишича, ҳозирда Қозоғистоннинг 55 фоиз аҳолиси Қозоғистон эмас, балки Россия информацион муҳитида яшамоқда¸ деди Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов.

Айни чиқишида маҳаллий журналистларга мурожаат қилган Бош вазир, мамлакат ОАВ ларини россиялик рақибларидан ўзишга чақирди.

- Томошабин учун курашмоқ зарур. Биз интернет, телевидение, матбуот ва радио соҳасида рақобатбардош маҳсулот тайëрлаб, Россия томошабини эътиборини жалб қилиш учун курашмоғимиз лозим. Ҳозир бу биз учун устивор масалалардан бири бўлиб қолмоқда¸ деди Карим Масимов.

Бош вазирнинг ушбу чиқишидан сўнг Олмаотадаги Сиёсий ечимлар институти мамлакатдаги етакчи ОАВ лари вакиллари ва PR-компания раҳбарлари иштирокида Карим Масимов чиқиши юзасидан баҳс ўтказди.

Қозоғистондаги йирик PR- компанияси бўлмиш “PG Communications” бош директори Асел Караулова, Бош вазир чақириғини амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлай туриб¸ бунинг сабабларига тўхталди:

- ОАВ ларига давлат буюртмаси кўпайиб бормоқда, афсуски, бу ҳолат ОАВ ларининг ҳукуматга қарамлигини оширмоқда. Ҳукумат буюртмаси орқали ОАВ ларидаги материалларнинг мазмуни ҳам назорат қилинмоқда. Биз ҳозир Қозоғистон ОАВ ларидаги материалларга эътибор қаратадиган бўлсак, афсуски, унда совет журналистикасининг катта таъсирини кўришимиз мумкин. Материалларнинг аксари, мамлакатдаги ижобий ҳолатларни ёритишга қаратилган. Уларда аналитика, мустақил экспертлар нуқтаи назари йўқ. Афсуски¸ бу жараëн қозоқ ОАВларнинг аксари ё ҳукумат, ё алоҳида молиявий структуралар таъсири доирасида фаолият юритаëтгани боис¸ янада кучайиб боради. ОАВ материалларнинг аксари буюртма мақолалардир. Бу вазиятда Қозоғистон ОАВ лари Россия аудиторияси эътиборини қозона олмайди, дейди Асел Караулова.

Ўз навбатида, Чегаралар ҳамкорлиги ассоциацияси раиси Марат Шикунтов, кейинги 10 йил давомида Россия ва халқаро медиа компанияларнинг Қозоғистон медиа бозоридаги асосий ўйинчилар бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, ҳозир Қозоғистон медиа бозоридаги энг етакчи матбуот ўнталигидан фақат Россия ва халқаро медиа компаниялар жой олган. Бунга эса, Шикунтовга кўра, Қозоғистон медиа компанияларидаги бошқарувнинг заифлиги сабабдир.

- Медиа бозоримизни ë Россия ëхуд халқаро нашр маҳсулотлари тўлдириб келмоқда. Қозоғистонда маҳаллий ОАВ лари ахборотнинг асосий манбаи эмас. Журналистиканинг асосий вазифаси эътиборни жалб қилиш эмас, балки объектив маълумот беришдир. Бизнинг журналистлар аксар ҳолда Россия ва хориж матбуоти хабарларини кўчириб босиш билан шуғулланади. Масалан, “Бизнес-уик” да Олмаота ишлаш шароити бўйича дунëдаги энг ёмон шаҳарлар рўйхатининг 4- ўрнига қўйилса¸ бизнинг ОАВ лари ўз нашрларида шуни кўчириб қўя қолади. Бизнинг ОАВ лари учун ўқувчининг фикри бир пулга қиммат¸ улар фақат ҳукумат ва корчалонлар берган пулларни оқлаш учунгина ишламоқдалар, деди Марат Шикунтов.

Аммо “Медиа-нет” халқаро журналистика маркази раҳбари Вячеслав Абрамов , Қозоғистон ОАВ ларининг рақобатбардош бўла олмаётганига, Россия ва хориж медиа компанияларининг ўта кучлилиги эмас, балки Қозоғистонда журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун катта хавф мавжудлиги сабаб эканини айтади.

- Ҳозир қозоғистонлик журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш ҳолати кучайиб бормоқда. Журналистларнинг ўзлари бунинг давлат цензурасидан ҳам хавфлироқ эканини қайд этмоқдалар. Бизнинг журналистлар жуда кўп мавзуларда эркин ёзишдан қўрқадилар. Агар журналист эркин ёзишдан, бош муҳаррир эса, ўша материални ўз нашрида беришдан қўрқса, нима қилиш керак?

Ҳозир қозоғистонлик журналистлар орасида ўз ҳаётидан хавфсираш ҳолати кучайиб бормоқда. Бундай шароитда улар қандай қилиб Россия ва хориж медиа компаниялари билан рақобат қилиши мумкин? Ким ҳозир улар хавфсизлигини кафолайлай олади? Афсуски, бу ҳозирда энг актуал ва ечилмаган масала бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат ҳозирда Марказий Осиёдаги барча ОАВ ларига тегишли. Қачонки журналистлар ўз ҳаётлари учун хавфда яшар эканлар, рақобат ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, деди Вячеслав Абрамов.
XS
SM
MD
LG