Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Ислом танқидчиси дафн этилди


Россия православ черкови бош руҳонийси Патриарх Кирилл¸ Даниил Сисоев дафн маросимини ўзи якунига еткизди.
Россия православ черкови бош руҳонийси Патриарх Кирилл¸ Даниил Сисоев дафн маросимини ўзи якунига еткизди.

Номаълум шахслар томонидан отиб кетилган Россия православ черкови руҳонийси Даниил Сисоевнинг дафн маросимида минглаб россияликлар¸ жумладан Патриарх Кирилл ҳам иштирок этди.

Бошқа дин вакиллари¸ хусусан мусулмонларни насронийликнинг православ оқимига даъват қилиш билан фаол шуғулланиб келган Сисоев¸ айтилишича ўлимидан анча аввал ўлим таҳдиди билан пўписа қилинган.

19 ноябр куни Москва чеккасидаги ëғочдан қурилган кичик черковида боши ва бўйнидан отиб кетилган Сисоев¸ касалхонага етмай жон берди. Унинг ëнида бўлган черков мусиқачиси ҳам жароҳат олиб¸ ҳозирда касалхонага ëтқизилган.

Россия Бош прокуратураси Тергов бошқармаси матбуот котиби Владимир Маркин¸ православ черкови руҳонийсининг диний нафрат асосида ўлдирилгани¸ тергов жараëнида кўриб чиқилаëтган асосий версия эканини билдирди.

- Дастлабки тергов жараëнида гувоҳлар Сисоевнинг ўз диний фаолияти учун таҳдид қилингани ҳақда кўрсатма бердилар. Ҳозирда терговчилар руҳоний компютеридаги қаттиқ дискни тафтиш қилишмоқда¸ деди Владимир Маркин.

Россиядаги мусулмонларни православликка даъват қилиб келган Сисоев¸ айтилишича¸ Иеҳово гувоҳлари каби насронийликнинг бошқа кичик секталарини ҳам¸ ўз ибораси билан айтганда¸ “тўғри йўл” – православликка киритишга уриниб келган. Шундай бўлса-да¸ Сисоевнинг¸ ўз асосий фаолиятини Ислом ва мусулмонларни танқид қилишга қаратиб келгани ва бу билан мусулмонлар ғазабини қўзғагани айтилмоқда.

- Исломнинг биз тушунган анъанавий дин эмаслигини ëдда тутиш жуда муҳимдир. Шу боис¸ православ ва мусулмонлар ўртасидаги суҳбат¸ кар билан гунг ўртасидаги мулоқотга ўхшайди. Улар тоғдан келса¸ биз боғдан келамиз ва айни сўзга мутлақ бошқа маъно юклаганимиз боис¸ биз бир-биримизни тушуна олмаймиз¸ деган эди 35 яшар руҳоний ўлимидан аввал www.youtube.com сайтига қўйилган видеомурожаатида жумладан.

Сисоевнинг мусулмонлар ва бошқа “адашганлар”ни тўғри йўл деб билгани насронийликнинг православ оқимига даъват қилгани¸ Россия православ черкови томонидан қўллаб-қувватлаб келинди.

Руҳоний дафн маросимида қатнашган Россия православ черкови бош руҳонийси Патриарх Кирилл¸ Сисоевнинг Худо сўзини ҳимоя қилгани учун ўз умрини фидо этганига юксак баҳо берди.

- Агар одам Худонинг ҳақиқатини одамлар орасида тарқатиш учун ўлдирилган бўлса¸ бу мазкур ҳақиқатни қабул қилмайдиганларга оғир ботмоқда¸ демакдир. Бу буюк куч¸ деди Патриарх Кирилл.

Мусулмонларни танқид қилиш билан танилган руҳоний Сисоевнинг ўз диний фаолияти учун ўлдириб кетилгани Россиядаги динлар ўртасидаги сиртқи мувозанатнинг анча беқарор эканлигидан берилган ўзига хос огоҳлантирув сифатида кўрилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра¸ Кремл билан алоқалари қуюқ бўлган Православ черкови дин ва эътиқод соҳасини ўз монополиясига айлантириб¸ Россиядаги бошқа дин ва оқимларни ëмонотлиққа чиқаришга уринмоқда.

Бу эса¸ Россия федерацияси таркибидаги мусулмон ўлкаларида норозилик ва кескинлик туғдирмай қолмаяпти.
XS
SM
MD
LG