Линклар

XXI асрда ҳам кетини кесак билан артиб юрган халқ қандай каромат кўрсатиши мумкин?!

Қайсидир тарихий китобда ўқиганим бор:

XIX аср ўрталарида Афғонистон орқали Бухорога юқори мартабали инглиз офицерлари ташриф буюради ва Ҳиндистон вице-қироли номидан: «Русия императори тез орада Туркистонни забт этади, ҳозир қозоқ чўлларида мустаҳкам ҳарбий истеҳкомлар барпо этиляпти. Шошилинч равишда замонавий қурол-яроқ ишлаб чиқарилмаса, амир Темур замонидан қолган қилич ва қалқонлар билан юртингизни ҳимоя қилолмайсиз, мустақиллик бой берилади. Биз сарбозларингизни ҳарб илмига ўргатамиз. Хўш, дўстона алоқа ўрнатишга розимисиз?» деб аркони давлатга мурожаат этадилар. Ҳадеганда сас-садо чиқавермайди: қушбеги шикорга Музаффархонга чиқишни таклиф этса, шайхул ислом ҳарамда ҳомиладор бўлиб қолган хотинларнинг шаръий никоҳ масаласида ривоят айтиб ўтираверади... Делегация бошлиғи бўлмиш полковник Стюарт дастурхончидан: «Мумкин бўлса, қоғоз берилса, ҳожатга ишлатамиз», дейди. «Ҳожатга?! Қоғозга кетларингни артасизларми?!» дейди дастурхончи таажжубланиб. «Оғзимизни артадиган қоғоз бор, лекин кетимизни артадиган қоғозимиз соб бўлди. Маъзур кўргайлар...»

Дастурхончи инглизлар илтимосини амирга етказади.

— Астағфурилло! — деб юборади Музаффархон соқолини тутамлаб. — Кофирлар тўхтовсиз зиндонга ташлансин!

— Олампаноҳ, улар кофир эмас, ҳазрати Исонинг умматлари экан, — деб майингина эътироз билдиради тўпчибоши.

— Менга деса, Мусонинг умматлари бўлмайдими! Зиндонбанд этилсин!

Подшонинг амри вожиб. Инглизлар дарҳол зиндонбанд этилади. Орадан кўп ўтмасдан асирлар Арк майдонида қатл қилинади.

— Кимки бизнинг тоза иймонимизни булғамоқчи бўлса, бундан кейин ҳам ўлим жазосига мустаҳиқ этилажак! — деб жар солади худайчи.

Бухоро амирлари иймон фақат қоғозда бўлади деб ўйларди. Улар наздида қоғоз Оллоҳнинг каломи битилган табаррук мато ҳисобланарди. Муборак калом қоғоздан қалбга кўчмаса, қуруқ гапдан бошқа нарса эмаслигини ҳеч ким хаёлига келтирмасди.
Ота-боболар қоғоздагина, сиртдангина мусулмон бўлгани учун ҳам ғайридинлар ҳукми остида бемалол 130 йил итоатгўй қул бўлиб яшади. 130 йил давомида етти авлод келиб кетди. Қуллик руҳи бола-чақаларимизнинг қон-қонига сингиб улгурди. Наслимизнинг қонини янгилаш керак. Насл қонини қандай қилиб янгилаш мумкин?

Аввало, миллий ифтихор туйғусини одамлар онгига сингдириш лозим. Шу пайтгача пахта ўзбекларнинг миллий ифтихори ҳисобланарди.

«Пахта терсанг, тоза тер — чаноғида қолмасин» деган мисра билан бошланадиган шеърни боғча болалари ҳам ёддан биларди, уни ҳар ким ўз мақомига солиб хиргойи қилиб юрарди.

Ўсимлик ҳатто стратегик хомашё манбаи бўлса ҳам миллий ифтихор тимсоли бўлиши мумкинми? Афсуски, мумкин экан. Ҳозир ҳам пахтага алоҳида меҳр-муҳаббат борлигини кузатиш мумкин. Узоққа бормайлик, халқимизнинг миллий ифтихор ориентациясини ўзгартириш мақсадида пойтахтда «Бунёдкор» футбол командаси ташкил этилди. Унга дунёга машҳур донгдор футболчилар, тренерлар жалб этилди. Команда миллий чемпионатда муттасил карвонбошилик қиляпти. Аммо аксарият томошабинлар ҳамон стадионда «Пахтакор» командасини қўллаб-қувватлаяпти. Агар «Бунёдкор» билан «Пахтакор» учрашадиган бўлса, Ривалдо командасига майл билдирган «ФАН» клуби аъзолари стадиондан калтак еб чиқиб кетади... Бундай ярамас ҳолатга узил-кесил чек қўйиш лозим.

Бултур йиғим-терим авж олган кезларда воҳа пахтакорлари билан учрашувга бордим. Чаман очилган битта пайкални атайлаб манга асраб қўйишган экан. Вилоят ҳокими билан эгат оралаб юрсам, тўсатдан ариқчада бир тутам пахта тўкилиб ётганини кўриб қолдим. Бир нуқтага тикилиб турганимни кўриб ҳоким дарҳол энгашиб пахтани икки қўли билан ҳовучлаб олди. Бадбўй ҳид гуп этиб димоғимга урилди. Афтимни буриштириб, икки қадам орқага чекиндим. Маълум бўлишича, кимдир сара қилиб, кетини пахта билан артиб туриб кетган, нажас устини пахта билан ёпиб қўйган экан. Атрофга қарасам, ҳув нарида тансоқчиларимдан биттаси белига этак боғлаб ёлғондакам пахта териб юрибди. Унга кўрсаткич бармоғимни ниқтаб зўраки пўписа қилиб қўйдим. Ҳоким эса пахтани рўмолчасига ўраб қўйнига тиқиб олди. Кун бўйи ҳокимдан бадбўй ҳид таралиб юрди. Янглишмасам, тансоқчим тушлик пайтида саримсоқ пиёзга роса тўйиб олган экан.

Ростини айтсам, халқ ҳеч бўлмаса пахтага кетини артишни ўрганиб олибди-ку деб ич-ичимдан хурсанд бўлган эдим. Афсус.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG