Линклар

АҚШ фазода танаффус эълон қилмоқчи


Ҳозирда АҚШнинг бешта фазо кемаси коинотни тадқиқ қилиш билан машғул.

Ҳозирда АҚШнинг бешта фазо кемаси коинотни тадқиқ қилиш билан машғул.

Эксплуатация муддати якунига етаётган кемалар ўрнини эгаллаши лозим янгилари ҳали парвозга тайёр эмаслиги боис¸ АҚШнинг беш фазо дастури вақтинча тўхтатилмоқда.

АҚШ га тегишли “Atlantis” ҳаво кемаси бортидаги астронавтлар душанба куни иккинчи бор очиқ фазога чиқишга ҳозирлик кўрмоқда. Бундан аввал эса улар шанба куни Халқаро фазо станциясида олти соатлик амалиётини муваффақиятли бажариб, қайтган эди.

“Atlantis” бортида америкалик олти астронавт бор. Улар 16 ноябр куни 15 тонна юк билан орбитага чиқарилган эди.

Сўнгги 30 йил ичида АҚШ ҳукумати амалга оширган фазовий дастурни беш фазо кемаси ва унинг экипажи бажарди. Бу фазо кемасидан учтаси мунтазам фаол ҳаракатда.

Улар ёрдамида инсоният ва илм-фан тараққиёти учун жуда катта ишлар амалга оширилди. Аммо бу ютуқлар орасида жуда қимматли йўқотишлар ҳам бўлди. 1986 йилда “Challenger”, 2003 йилда эса “Columbia” фазо кемаси ҳалокатга учради. Иккала фожиа оқибатида 14 фазогир оламдан ўтган эди.

АҚШ ҳукумати учун фазовий дастур 1960 йиллар охирида Ойга амалга оширилган парвоздан сўнг ўта муҳим аҳамият касб эта бошлаган ва ўшанда ишлаб чиқилган дастурнинг ниҳояси 2010 йилга мўлжалланган эди.

Ҳозирда Обама маъмурияти ўзига аввалги раҳбариятлардан мерос қолган бир дунё муаммолар сирасида бу дастур масаласида ҳам қатъий қарор бериши лозим.

НАСА агентлиги матбуот вакили Кайли Ҳерринг бундай қарорни қабул қилиш осон эмаслигини айтиб, бунга шундай изоҳ берди:

- Президент бу масалада НАСА ва мамлакат раҳбарияти қай йўналишда иш тутиши мумкинлигини кўрсатувчи имкониятларни ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этган. Биз аввалига Ойга қайтишимиз керакми? Ёки вақтинча Халқаро фазо станциясидаги дастурларни тўхтатиб туриш керакми ёки тўғридан-тўғри, Марсга парвозларни бошлашимиз керакми? дейди НАСА агентлиги матбуот вакили.

Буш маъмурияти тез орада Ой ва Марсга оддий сайёҳатчилар парвози йўлга қўйилиши ҳақида ваъда берган эди. Аммо, ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, НАСА нинг 18 миллиард долларлик бюджети билан буни амалга ошириш имконсиз.

Фазо тадқиқотлари бўйича келгуси режалар тақдири ноаниқ экан, ҳозирча фақат Халқаро фазо станциясига оид дастурларни давом эттириб туриш мумкин, деб ҳисоблайди Кайли Ҳерринг.

- Ҳозир қайси йўналишда ишлаётган бўлсак, ўша ишни давом эттиришимиз керак. Халқаро космик станция ва фазовий парвоз дастурларига эътиборни қаратиш, бошлаб қўйилган парвозларни бехатар якунига етказиш лозим, дейди Кайли Ҳерринг.

НАСА агентлиги ҳозирча фазо кемалари парвоз қилаётган экан, Халқаро станцияси учун зарур барча анжомларни етказиб олиш, фазо кемалари фаолият муддати ниҳоясига етганидан сўнг эса¸ Россиянинг “Союз” кемаларидан фойдаланиб туришни кўзламоқда.

АҚШ фазо кемасининг охирги парвози 2010 йил сентябрига кўзланган. Кейин эса 2015 йилга қадар парвозларнинг тўхтатилиши кутилмоқда.

АҚШ Фазовий парвозлар дастури директори Вайн Ҳэйлга кўра, АҚШ учун охирги парвоз ва фазо кемаларининг янги авлоди парвозлари йўлга қўйилиши орасида камида беш йиллик танаффус керак бўлади.

Кейинги авлод фазо кемаси бўлган “Ares I” ракетасининг прототипи ўтган ойда НАСА томонидан муваффақиятли синовдан ўтказилди.

- Мен шу вақтга қадар фазо кемаси ўрнига издош кемани қурмаганимиздан чуқур афсусдаман. Ҳозирги фазо кемасидан 10 йил фойдаланишимиз мумкин эди. Аммо, унга деярли 30 йил бўлди. Бизда янги фазо кемасини қуриш режаси бор, аммо, уни қуриш учун бир неча йил керак. Шу боис, ҳозирги кемалар фойдаланишдан тўхтатилиб, янгилари ишга тушгунча қанчадир танаффус қилишимизга тўғри келади, дейди АҚШ Фазовий парвозлар дастури директори Вайн Ҳэйл.

НАСА расмийлари Халқаро космик станцияга бўладиган парвозларни 2015 йилга қадар, агар имкони бўлса, 2020 йилга қадар ҳам давом эттириб туришга умид қилмоқда.

АҚШ фазо кемалари парвозни тўхтатганидан сўнг, Вайн Ҳэйлга кўра, Япония ва Европа фазо кемалари халқаро космик станцияга озиқ-овқат, ёнилғи ва бошқа таъминот юкларини етказиб туради. Космик станция аъзолари эса Россиянинг “Союз” кемаларида зарур парвозларни амалга оширади.

Бу кемалар сўнгги 40 йиллик синовдан ўтган энг пишиқ фазо кемаси ҳисобланади. Россия Федерацияси бу кемада ҳар бир фазогир парвози учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган.

НАСА агентлиги АҚШ астронавтларининг Ойга кейинги парвозини 2020 йилда амалга оширишни режа қилмоқда. “Constellation” деб номланган махсус лойиҳа асосида Ойда база барпо қилиб, у орқали Марсдаги тадқиқотларни юритиш кўзланмоқда.

Аммо, агентликнинг ҳозирги бюджети бу лойиҳани кўтариш қурбига эга эмас. Космик тадқиқотлар бўйича ўтказиладиган “The Augustin” ҳисоботида келтирилишича, бу лойиҳани амалга ошириш учун НАСА агентлигига ҳар йили қўшимча равишда яна 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш лозим.
XS
SM
MD
LG