Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Москва Тошкентга жавоб ҳозирламоқда


Таҳлилчилар фикрича¸ Кремл¸ хусусан Бош вазир Путин Тошкент ташқи сиëсати рулининг яна Ғарб томон бурилаëтганига жавоб чоралари изламоқда.
Таҳлилчилар фикрича¸ Кремл¸ хусусан Бош вазир Путин Тошкент ташқи сиëсати рулининг яна Ғарб томон бурилаëтганига жавоб чоралари изламоқда.

Россия автомобилсозлик ширкатларининг Бош вазир Путинга ўзбек машиналари импортини чеклашни сўраб ëзган баëнотини шарҳлаëтган таҳлилчилар¸ Кремл Каримов билан муносабатларда яна бир топишмоққа дучор келганини айтишмоқда.

“Ўзбекистонда Россия автомобил заводларини тақдим этадиган фирмаларга валюта конвертацияси бутунлай тўхтатилди, хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилиш учун бериладиган кредитлар ман қилинди, импорт автомобиллари қўшимча йўл солиғига тортилмоқда”, дейилади “АвтоВАЗ” президенти Игор Комаров, “Газ” ширкати бошқарув ҳайъати раиси Сергей Занозин ва “Соллерс” ширкати бош директори Вадим Швецовларнинг Путинга юборгани айтилаётган мактубда.

Ўз ихтиёрида бу мактубнинг бир нусхаси борлигини маълум қилган Интерфакс агентлигига кўра, Россия автомобилсозлари Ўзбекистондан импорт қилинадиган машиналарга ҳам шундай чекловлар жорий қилинишини сўраган.

"Ўзавтосаноат" давлат ширкати вакили Илмира Шихватулина мактуб ҳақидаги хабарларни эшитгани, бироқ ҳозирча ўзбек машиналари экспортига ўзгартишлар киритиш режаланмаётганини айтади.

Илмира Шихватулина: Экспорт ҳаммаси план бўйича кетаяпти. Ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Ҳаммаси режа бўйича.

Озодлик: Агар Россияда Ўзбекистон машиналарига чекловлар қўйиладиган бўлса¸ бу "Ўзавтосаноат"ни қийин аҳволга соладими ëки унақа жуда хавотирланадиган нимаси йўқми?

Илмира Шихватулина: Йўқ¸ қийналмайди. Бизлар 10 та мамлакатга экспорт қилаяпмиз.

Озодлик: Қайси мамлакатларга?

Илмира Шихватулина: Энди ҳамма мамлакатлар эсимда йўқ. Озарбайжон¸ Туркманистон¸ Тожикистон¸ Қозоғистон¸ Украина¸ Грузия. Мана шу мамлакатларга экспорт қилинаяпти.

Озодлик: Асосий қисми барибир Россияга экспорт қилинса керак, тўғрими?

- Албатта¸ биринчи ўринда Россия. Ҳеч қанақа ўзгариш йўқ¸ дейди Илмира Шихватулина.

“GM-Ўзбекистон” ширкати жорий йилда ишлаб чиқаришни 4 фоизга оширди ва шунга кўра, экспорт ҳажми ҳам ошади, дея қўшимча қилди "Ўзавтосаноат" вакили.

Айни пайтда, Владимир Путинга мурожаат қилган ширкатлар Интерфакс агентлиги тарқатган хабарни изоҳламаяпти.

“АвтоВАЗ” машиналарини Ўзбекистонга экспорт қилиш билан шуғулланадиган “Соллерс” ширкати вакилидан мана бу жавобни олдик.

- Афсуски, биз бу масалани изоҳлай олмаймиз. Чунки мактубни биз тайёрламадик ва унинг ташаббускори ҳам эмасмиз. Бош директоримиз бу мактубни автомобилсозларнинг учрашуви пайтида кимнингдир илтимосига кўра имзолаган. Мен шахсан бу мактубни кўрганим йўқ, у ҳақда оммавий ахборот воситаларидан хабар топдим, холос. Бу масала хусусида мактубнинг ташаббускори бўлган АвтоВАЗга мурожаат қилишингизни маслаҳат берган бўлардим. Чунки, билишимча¸ мактуб матнини улар тайёрлашган, деди “Соллерс” шрикати мутасаддиси.

Бироқ АвтоВАЗ матбуот хизмати ходими Александр Шмигов ҳам саволларимизни жавобсиз қолдирди.

- Бу масала хусусида изоҳ бермаймиз, деди АвтоВАЗ вакили.

Россиядаги йирик автомобил ширкатларига нисбат берилаётган мактуб изоҳсиз қолдирлаётгани, кузатувчи ва мутахассисларда унинг ортидаги сабабларга оид турли эҳтимолларни туғдирмоқда.

Россиядаги The New Times журналининг иқтисодиёт масалалари бўйича муҳаррири Дмитрий Докучаев фикрича, мактуб ортида бугун бошидан қийин кунларни кечираётган Россия автосаноати ички бозорда оммабоп хориж машиналари рақобатидан қутулиш нияти ётган бўлиши мумкин.

- Маълумки, Россия раҳбарияти мамлакат автосаноати, хусусан, йирик автоширкатларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини олиб бормоқда. Бу ширкатлар бугун қийин аҳволда қолганига қарамасдан уларни банкрот, деб эълон қилиш каби чоралар кун тартибида йўқ. Ана шу маънода, Россия автомобилсозлари учун ички бозорни ҳимоя қилишга оид турли чораларнинг кўрилишига эришишнинг қулай фурсати яралмоқда. Шунинг учун бундай мактубнинг пайдо бўлганидан ҳайрон қолганим йўқ. Ҳозир вазият шундайки, масалан айтайлик, ўша Лада автомобиллари билан нархи бир хил, лекин улардан кўра яхшироқ сотилаётган машиналар, хусусан, ўзбек машиналари учун ички бозорда муайян чекловларни яратиб, улар рақобатидан қутулишнинг қулай имконияти пайдо бўлмоқда, дейди иқтисодий шарҳловчи.

Дарҳақиқат, Дмитирий Докучаев айтганидек, бугун “GM-Ўзбекистон” ширкати ишлаб чиқараётган Daewoo Nexia ва Daewoo Matiz машиналарининг Россияда бозори чаққон.

Россиядаги “Европа бизнеси уюшмаси” маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойи ичида у ерда 43 мингдан ортиқ ўзбек машиналари сотилган.

Баъзи минтақаларда UZ-DAEWOO маркасидаги автмобиллар сотилиш бўйича биринчи ўринда туради.

Айни пайтда, Ўзбекистонда Россия автмобиллари бозори кейинги пайтларда унчалик юришмаяпти. Ўзбекистонда “АвтоВАЗ” машинларини сотиш билан шуғулланадиган Восток-Лада фирмаси ходими гапиради.

- Бизда Россия машиналари учун ҳеч қандай чекловлар йўқ. Одамлар уларни олмай қўйди холос. Чунки харидор яхшироқ машина минсам, дейди. Ҳозир Россия машиналарини ҳатто кредитга ҳам беряпти, лекин ўзбек машиналарининг сифати Россияникидан кўра анча яхшироқ бўлгани боис одамлар кўпроқ ўзимизнинг машиналарни хуш кўрадиган бўлиб қолди. Россиядан келадиган машиналарда қусури кўп. Эҳтиёт қисмлари ҳам кўпинча тўғри келмайди. Бундан ташқари, Россия машиналарига бериладиган кафолат хизмати яхши йўлга қўйилмаган, дер экан Восток-Лада фирмаси вакили ҳам Россия автомобилсозлари ички бозорни ўзбек машиналари рақобатидан тозаламоқчи кўринади, деб қўшимча қилади.

Россия авто-гигантларининг Владимир Путинга мактуби Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатини кескин бураётгани пайтига тўғри келаётгани баъзи таҳлилчиларда бу ташаббус Кремлнинг Грузия билан “Боржоми ва вино” можароси ёки Буларус билан “сут уруши” каби ходисага айланиши эҳтимоли борлиги ҳақидаги фикрларни туғдирмоқда.

Аркадий Дубнов Россиядаги “Время Новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси.

- Менимча, бу икки давлат ўртасида чиқадиган бемаъни савдо урушига бир мисол бўла олади. Бошқа давлатлар ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқларда ҳам бунга ўхшаш можаролар рўй бериб туради. Россия автомобилсозларининг Владимир Путинга мактуб йўллаш ташаббуси уларга марказдан, яъни Москвадан туширилган бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бунинг аниқ далилларини топа олмаймиз. Лекин ширкатларнинг ўзлари мактуб ҳақидаги хабарни изоҳламаётгани бу эҳтимолларга асос бўла олади.

Бундан ташқари, мактубнинг бугун Ўзбекистонда бу мамлакатнинг Россия билан иқтисодий алоқаларидан йироқ бўлган ходисалар рўй бераётган пайтда пайдо бўлгани ҳам қизиқ. Мен Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи биноси олдида совет аскари ҳайкалининг олиб ташлангани ва собиқ православ черковининг бузиб ташланганини назарда тутяпман. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч бир изоҳсиз қилинаётган бу ишлар Россия ҳукумати томонидан оғриқли қабул қилинаётгани шубҳасиз, албатта.

Бу ҳодисалар Ўзбекистоннинг яна бир бор ўз ташқи сиёсатини бошқа томон бураётгани ва Россиядан узоқлашиш ниятида эканини очиқ намойиш қилаётганини кўрсатади. Ўз навбатида Кремл ҳам бунга жавобан қандайдир чоралар, жумладан иқтисодий ва сиёсий чоралар кўриши мумкинлигини башорат қилиш мумкин. Ҳар қалай, Тошкентдаги совет аскари ҳайкалининг олиб ташланиши Эстониядаги воқеадан фарқ қилмаслиги эътиборга олинса, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин кунларда бунга оид ўз муносабатини билдиришини кутиш мумкин, дейди Россиядаги “Время Новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG