Линклар

logo-print

Мухолифат Бакиев билан судлашмоқчи


Президент сифатида қасамëдга келтирилган Бакиев мамлакат конституциясига тўлиқ амал қилиш ҳақда қасам ичган.

Президент сифатида қасамëдга келтирилган Бакиев мамлакат конституциясига тўлиқ амал қилиш ҳақда қасам ичган.

Қирғиз мухолифати президент Қурмонбек Бакиев томонидан эълон қилинган бошқарув тизимини ислоҳ қилиш дастури мамлакат Асосий қонунига зид келишини даъво қилиб, Конституциявий судга мурожаат қилди.

Мухолифат Конституциявий суддан президент Бакиевнинг ислоҳотга оид фармонларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни Бош қонунга зид фармонлар сифатида бекор қилишни талаб қилмоқда.

Президент Бакиев бундан бир ой муқаддам Қирғизистон бошқарув тизими ислоҳотини эълон қилган эди.

- Совет Иттифоқидан қолган коммунистик бошқарув тизимини синдириб, парчалаб ташламасдан туриб, мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлишига умид қилиш мумкин эмас, деган эди Қурмонбек Бакиев ислоҳот дастурини эълон қилар экан.

Бироқ бошқарув тизими ислоҳоти эндигина бошланган бир паллада мамлакат мухолифати мазкур ислоҳотнинг мамлакат Конституциясига зид эканини даъво қилмоқда.

Мухолифат фикрича, президент томонидан ташкил этилган янги бошқарув тизимидаги структураларнинг асосий қисми Конституцияда белгиланмаган ва “Ҳукумат тўғрисида”ги қонунларга зиддир. Шунинг учун ҳам мухолифат лидерлари бу ислоҳотга ҳуқуқий баҳо бериш ва президентнинг бу борадаги фармонларини бекор қилиш талаби билан Конституциявий судга мурожаат қилган.

- Биз бундан аввал ҳам конституциявий судга мурожаат қилганмиз. Конституциявий суд айрим вазиятларда “икки карра беш ўн” дейиш ўрнига “икки карра беш беш бўлади” қабилидаги қарорларни ҳам чиқарган. Шунга қарамай, биз Конституциявий судга мурожаат қилаяпмиз ва бу йўналишдаги курашни давом эттирамиз, деди мухолифат лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи ва жамоат арбоби Тўпчубек Турғуналиевга кўра, бошқарув тизими ислоҳотининг мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритилмасдан амалга оширилаётгани жамоатчиликнинг сиёсий фаол қисмида бир қатор шубҳаларни пайдо қилмоқда. Жумладан, “Мамлакат қонунларида қайд этилмаган тузилмаларнинг ташкил этилиши ва фаолияти қонуний бўладими? Уларнинг фаолияти қандай омиллар билан баҳоланади ва қайси қонунлар асосида меъёрга солинади?” каби саволлар жавобсиз қолмоқда.

- Конституцияга ўзгартишлар киритилганидан кейин камида элликта қонун қайта кўриб чиқилиши лозим бўлади. Ислоҳотнинг Конституцияга ўзгартиш киритилмасдан аввал бошлангани тушунарсиздир. Ўзгартишлар киритишнинг ортга сурилаётгани, янги тузилмалар қонунга зид равишда ташкил этилиб, фаолият юритаётгани мамлакатда авторитар тузумни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди Тўпчубек Турғуналиев.

Аммо парламент депутати Ажибай Қалмаматов бу фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, Конституцияга ва қонунларга ўзгартишлар киритиш жуда узоқ вақт талаб қиладиган жараёндир. Бу эса ислоҳотлар ўтказилишини ҳам ортга сурар эди.

- Ислоҳотларнинг қонунларга ўзгартишлар киритилишидан олдин бошланиши давлатга, ҳукуматга зарар келтирмайди. Ислоҳотлар кечикиб қолмасин, деган мақсадда иш бошлаб юборилди. Конституция ва қонунлар эса кейинроқ ҳам ўзгартираверилади, дейди Ажибай Қалмаматов.

Бироқ таниқли сиёсатчи Дуйшен Чўтунов фикрича, президент Бакиевнинг ислоҳотларни мамлакат Конституцияси билан мувофиқлаштирмаган тарзда бошлаб юборгани ташвишланарли ҳолдир. Чунки бу ҳукуматнинг ўзи қонунларни менсимаётганини англатади.

- Қирғизистонда қонун ҳамма нарсадан устивор бўлиши керак, Конституция асосида яшашимиз керак. Шунинг учун ҳам Коснтитуциявий суд ҳукуматга сабоқ бўлиши учун даъвогарлар фойдасига қарор чиқариши лозим, деб ўйлайман, деди Дуйшен Чўтунов.

Айни пайтда Конституциявий суд мухолифат аризасининг қачон кўриб чиқилиши ҳақида маълумот бермаётир. Айрим кузатувчиларга кўра, мухолифат аризасини ўрганиш жараёни Конституция ва қонунларга ўзгартишлар киритилгунча чўзилиши мумкин. Бунга эса олти ойдан бир йилгача вақт керак бўлади.
XS
SM
MD
LG