Линклар

logo-print

Ахборот керакми – пулини тўланг


Бундан сўнг тожик журналистлари давлат идораларидан ахборот олиш учун ҳақ тўлашлари лозим бўлади.

Бундан сўнг тожик журналистлари давлат идораларидан ахборот олиш учун ҳақ тўлашлари лозим бўлади.

Тожикистон ҳукумати жорий йил 31 октябр куни қабул қилган қарорида айтилишича, мамлакат давлат идоралари ва муассасаларидан маълумот ҳамда ахборот олишни истаган ҳар бир фуқаро бу хизмат учун аввал пул тўлаши лозим бўлади.

Аҳоли ва оммавий ахборот воситалари учун қўшимча қийинчиликлар туғдирадиган бу қарор мутахассислар танқидига учрамоқда.

- Биринчидан, ҳукумат қабул қилган қарор Конституцияда белгилаб қўйилган “ахборот ва маълумот олиш эркинлиги” тамойилига зид бўлиб, инсон хуқуқларининг бузилиши, деган гап. Энди оммавий ахборот воситалари (ОАВ)га келсак. Бугунги кунда бирорта журналист давлат тизимларидан эркин ва ўз вақтида ахборот ёки маълумот ололмайди. Янги қарор эса амалдорларга жуда катта қулайликлар яратди. Қарорда “битта маълумот 35 сомонийдан (тақрибан 9 АҚШ доллари – таҳр) ошмаслиги керак”, деб белгиланган. Бироқ шу қарор иловасида амалдор “маълумотнинг аҳамиятига қараб нарх белгилаши мумкин”, деб ёзилган. Айтмоқчиманки, журналистлар учун давлат томонидан янги тўсиқлар яратилмоқда, дейди Тожикистондаги НАНСМИТ жамоатчилик ташкилоти раиси Нуриддин Қаршибоев.

Қирқ йиллик журналистик стажга эга бўлган Мақсуд Жўраев сўзларига кўра, янги қарор ОАВ мазмуни ва фаолиятига салбий таъсир қилади. Чунки давлат амалдори ахборотни тез ва ўз вақтида олиш жараёнига тўсқинлик қилади.

- Журналист халқнинг дилидаги гапни, юрт фикру зикрини баён қиладиган касб эгаси. Журналист нима учун ёзади - биринчи навбатда, ўз юрти равнақи учун жон куйдириб ёзади. Қизиқ, журналист ўз маҳсули учун ҳақ олиш ўрнига давлатга нима учун пул тўлаши керак? дейди Мақсуд Жўраев.

“Третий взгляд” мустақил газетаси масъул котиби Бахтиёр Валиевнинг айтишича, эндиликда ахборот олишда жуда катта қийинчиликлар вужудга келади. Чунки шу пайтгача бирор-бир маълумот олиш учун журналист неча соатлаб, гоҳида кунлаб вақт сарфланар эди.

- Мазкур қарор бизни ташвишга солиб қўйди. Зеро, у ёки бу идорадан маълумот олишдан олдин ўйлаб кўрамиз. Биринчидан, редакция хазинасига қараймиз. Ундан кейин шу маълумот умуман бизга керак ёки керакмаслигига қараймиз? Ахир газета “амалдор қачон ахборотни беради?” дея кутиб ўтирмайди-ку. Чунки ахборот олиш 3-4 кунга чўзилиб кетса, маълумотнинг оперативлиги қолмайди, дейди Бахтиёр Валиев.

Бироқ республика президенти маъмурияти ҳузуридаги ахборот ва таҳлил бўлим вакили Маҳмуд Сараев фикрича, ушбу қарор журналистлар учун ҳеч қандай мушкиллик туғдирмайди.

- Мазкур қарор ОАВларига тааллуқли эмас. Журналистлар илгари қандай ахборот олишган бўлса,бундан кейин ҳам шундай олаверадилар, дейди Маҳмуд Сараев.

Лекин, кузатувчилар таъкидлашларича, ҳукумат қарорида мазкур ҳужжат ОАВларига тааллуқли эмаслиги ҳақида лом-мим дейилмаган. Боз устига, ҳукумат қарори айнан парламент сайловлари арафасида қабул қилингани ҳам кузатувчилар таажжубига сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG