Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:00

Мактабларда грипп авж олди


Tошкент шаҳридаги аксар мактабларда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг саккиз қаватли дока ниқоб тутиб дарс ўтаëтгани айтилмоқда.
Tошкент шаҳридаги аксар мактабларда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг саккиз қаватли дока ниқоб тутиб дарс ўтаëтгани айтилмоқда.

Шу кунларда Тошкент мактабларидаги ҳар бир синфда икки-учтадан ўқувчи нафас йўллари ўткир инфекциясига чалинган. Айни пайтда ўзбек тиббиётчилари бу борада ваҳима қилишга ҳожат йўқлигини таъкидламоқдалар.

Тошкент шаҳридаги 10-ўрта мактабнинг ҳар бир синфида камида 2-3 нафар ўқувчи шамоллаш ëхуд грипп касаллиги билан оғригани боис мактабга келмаяпти.

Озодлик билан суҳбатда бўлган мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, ҳозирда ўқувчиларнинг барчаси дарсларга ниқоб тақиб келаяпти.

- Ҳар синфда икки-уч нафар ўқувчи шамоллаш касали билан оғрияпти. Энди улар грипп эмас, фақат шамоллаган. Ҳозир ҳамма ўқувчиларимиз ниқоб тақишган. Ҳар куни дезинфекция ишлари олиб борилаяпти. Касалланган болалар ҳаммаси уйида даволанаяпти. Улар амбулатория тартибида даволанишаяпти. СЭС ходимлари, шифокорлар касалланган болаларни “мактабга киргизилмасин”, дейишган. Бу энди касаллик бошқаларга юқмаслиги мақсадида. Улар уйда даволаниб, кейин мактабга чиқишсин, деган маънода қўлланилаётган тадбир, деди Тошкентдаги 10-мактаб ўқитувчиси.

Пойтахтдаги бошқа бир қанча мактабларга қўнғироқ қилиб аниқлашимизча, тошкентлик ўқувчиларнинг деярли барчаси ниқобда юришибди.

29-ўрта мактаб ходимаси ҳам мактабдаги деярли барча синфларда тумов тарқалишини олдини олиш учун чоралар кўрилаётганини айтади.

- Бизнинг мактабда юз фоиз ҳамма ўқувчилар ниқоб тақишган. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг барчаси ниқобда. Агар ўқувчининг ниқоби йўқ бўлса, у ниқоб сотиб олиши мумкин. Бизда ниқоб сотилаяпти. Битта ниқоб 300-400 сўмдан сотилаяпти. Бу саккиз қаватли ниқоб, дейди 29-мактаб ходимаси.

Тошкентдаги 101-мактаб ўқитувчиси бу мактабда шаҳардаги бошқа мактабларга нисбатан бемор ўқувчилар сони камлигини билдирди.

- Бизнинг мактабда барча ниқобда юрибди. Биз барча профилактика тадбирларини қилаяпмиз. Мактабимизда грипп билан оғриган болалар йўқ, деди 101-мактаб ўқитувчиси.

Аммо пойтахтнинг айрим мактабларидаги давоматга тумов хуружи сезиларли таъсир кўрсатган. Хусусан, Uzmetronom.com сайтининг хабар қилишича, Тошкентдаги 158-мактабда 400 дан зиёд бола грипп билан оғрияпти. “23 ноябр куни ушбу мактабнинг 5-синфидаги 40 ўқувчидан фақат 8 нафари дарс машғулотларида қатнашган”, деб ёзади Узметроном.

Айни пайтда Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 3-юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Рустам Ғуломов шу кунларда мавсумий грипп билан оғриб, шифохонага тушаётган беморлар сони кўпайганини билдирди.

- Ҳозирги пайтда мавсумий грипп авж олган пайт. Иқлимнинг кескин ўзгариши бола организмида грипп касаллигини келтириб чиқаради. Ҳозир ҳар йил бўладиган грипп мавсумига ўтганмиз. Шифохонада грипп бўлган беморлар ҳақиқатдан ҳам кўп. Шифохоналаримиз беморлар билан тўлган, деди Рустам Ғуломов.

Лекин бош шифокор ваҳима қилишга асос йўқлигини, чунки бу йилги мавсумий грипп билан боғлиқ кўрсаткичлар ўтган йилдагига қараганда анча кам эканини айтади.

- Ўтган йили ҳам шу мавсумда беморлар жуда кўп бўлган. Бу йил ўтган йилгига нисбатан беморлар сонида 400-500 фарқ бор, яъни бу йил шунча бемор камроқ. Мавсумий грипп деганда битта нарсани тушуниш керак, бу ўткир респираторли юқумли касалликлар дегани. Мана бу ташқарида бўлаётган пандемия грипплар ҳали бизда учрамаяпти. Ҳозир чегарамиз қаттиқ қўриқланган. Давлатимиз томонидан бу нарсани олдини олиш йўллари кенг амалга оширилаяпти. Ҳали бизга бу каби ташхис билан беморлар умуман тушгани йўқ, дейди Рустам Ғуломов.

Жаноб Ғуломов мавсумий гриппнинг олдини олиш чораларига тўхталиб, оддий исириқ тутатиш ҳам касалликка чалинишдан сақлаши мумкинлигини айтади.

- Иложи борича қўлни тозалаб ювиш керак. Саккиз қаватли ниқоб тақиш керак. Буни барча мактабларда ташкил қилиш керак. Барча профилактика чораларни кўриш керак. Масалан, вирусга қарши эмлашлар. Ҳозир кўп оилаларда болалар эмланаяпти. Энг асосийси, ўша касал бўлган беморни иложи борича изоляция қилиш керак. Уни жамоат орасига қўшадиган бўлсангиз, у беморлар сонини кўпайтиради. Чунки касаллик ҳаво йўллари орқали юқиши мумкин. Энди ўша ота-бобомиз давридан қолган исириқлар ҳам жуда яхши фойда беради. Бунинг тиббиётга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаса ҳам, лекин исириқ хонадонда вирусли бўлган ҳавони тозалайди. Энг асосийси, ота-оналар болаларига жуда ҳам эътиборли бўлиши керак. Агар болада касаллик белгилар кузатилса, дарров шифохонага олиб бориш керак, дейди Рустам Ғуломов.

Чўчқа гриппи тарқалган аксар хориж мамлакатларида мавсумий грипп эпидемия тусини олгани айтилмоқда.

Ўзбек расмийлари мамлакатга чўчқа гриппи вируси кириб келишининг олдини олиш учун турли чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидлаб келадилар. Қўшни мамлакатлар билан бўлган чегараларда карантин эълон қилиниши ҳам ана шундай тадбирлардан бири ўлароқ кўрсатилмоқда.
XS
SM
MD
LG