Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:24

Совет аскари Тошкент шоҳсупасидан туширилди


11 метрлик мазкур ҳайкал¸ айрим манбаларга кўра¸ бузиб ташланган¸ бошқаларига кўра¸ Кўргазмалар идораси ҳовлисига кўчирилган.
11 метрлик мазкур ҳайкал¸ айрим манбаларга кўра¸ бузиб ташланган¸ бошқаларига кўра¸ Кўргазмалар идораси ҳовлисига кўчирилган.

Тошкентдаги совет аскарига ўрнатилган ҳайкалнинг олиб ташланиши¸ Ўзбекистондаги айрим уруш ветеранлари¸ айни пайтда¸ Росиядаги ўнг-миллатчи “Наши” ҳаракати норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мармар супа устида Тошкент осмонига 36 йил милтиқ ўқталиб турган совет аскарининг темир ҳайкали 21 дан 22 ноябрга ўтар кечаси ўз постини тарк қилди.

Ҳайкал олинишини кузатган манбаларимизга кўра¸ темир солдат кўтарма кран ëрдамида супадан суғурилган ва бўлакларга бўлиниб¸ кўргазмалар идораси ҳовлисига олиб кетилган.

Ҳайкални кўчириш билан шуғулланган Ўзбекистон ëдгорликларни сақлаш идораси (Глав НПО) раҳбари Равшан Мансуров озодлик билан суҳбатда бу воқеага изоҳ бермасликни маъқул кўрди.

Озодлик: Равшан ака Мансуров сизмисиз?

- Ҳа¸ мен.

Озодлик: Тингловчиларимиз эски ТУРКВО олдидаги ҳайкал қаерга кетгани билан қизиқишмоқда. Шуни сўрамоқчи эдим.

- Мен уни билмадим. Жавоб бера олмайман¸ дейди Равшан Мансуров.

Микрофонсиз суҳбатда Мансуров мустақил Ўзбекистон қуролли кучлари музейи қошида ишғолчи совет аскарининг ҳайкали туриши¸ сиëсий ва маънавий жиҳатдан номақбул эканлигини айтди.

Ëдгорликлар идораси назоратида бўлган бу ҳайкал тагидаги беш метрлик супаси билан қўшиб ҳисоблаганда 11 метрни ташкил қилади.

Ҳайкал олдин бетондан қуйилиб¸ кейин устига мис қопланиб чўкичлов йўли билан ишлов берилган.

Бир қўлида ППШ автоматини осмонга қаратган аскар шаклидаги ҳайкал 1973 йилда ўша пайтдаги Туркистон ҳарбий округи музейи олдида ўрнатилган ва тагига “Жанубий чегара қўриқчиси” деган ëзув ëзилган эди.

1990 йилда ҳайкал номи “Ватан ҳимоячиси” деб ўзгартирилди. Сал ўтмай ҳайкал орқасидаги Туркистон ҳарбий округи Ўзбекистон қуролли кучларига айлантирилди. “Ватан қаердан бошланади” деган қўшиқ матнидаги савол жавоби ҳам мужмаллашди. 2009 йил ноябр охирида бу ҳайкалга хуш кўрдик деб хайр маъзур айтилди.

Россиядаги миллатчи “Наши” ҳаракати расмий Тошкентни Улуғ ватан урушидаги ғалабага шак келтириб ўз тарихига хайр маъзур айтганликда айблади.

Озодлик билан суҳбатда ҳаракат комиссари Никита Боровиков ҳайкал йиқитилган Тошкент шаҳрида норозилик тадбирлари ўтказилишини айтди.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматига шуни эслатиб қўймоқчимизки¸ фашизм устидан ғалаба аввало бу кўп миллатли Совет Иттифоқининг ғалабаси эди. Биз тарихни қайта ëзишга уринишларни қоралаймиз. Биз Эстониядаги бронза ҳайкални қандай ҳимоя қилган бўлсак¸ Тошкентдаги ҳайкални ҳам ана шундай ҳимоя қиламиз. Биз Ўзбекистон ҳукумати уруш ветеранларидан узр сўраб ҳайкални жойига қайтариб ўрнатишни қатъий тарзда талаб қиламиз¸ дейди Никита Боровиков.

Озодлик билан суҳбатда Боровиков ҳайкал олиб ташланиши Ўзбекистон билан АҚШнинг яқинлашган пайтига тўғри келганини ҳам айтиб ўтди.

Ҳайкал кўчирилиши билан боғлиқ вазиятга ўзбекистонлик уруш ветеранлари фикрини билиш учун “Нуроний” жамиятига қўнғироқ қилдик. Жамият вакили Ҳулкар Файзуллаева Ўзбекистон уруш фахрийлари эъзозланадиган мамлакат эканлигини таъкидлади.

Ҳулкар Файзуллаева: Энди бизларнинг ҳукуматимиз бизлар мустақил бўлгандан кейин¸ мана Мустақиллик майдонида “Мотамсаро она” ҳайкали бор¸ ўша жойда хотира майдони яратилди. Бундан ташқари¸ хотира китоблари 35 та том чиқарилди. У нарсанинг қолиши лойиқ топилмагандирда.

Озодлик: Бунинг олиб ташланишига сизларда эътироз йўғ-а?

Ҳулкар Файзуллаева: Йўқ. Чунки бу ëқда бошқа нарсалар қилиб қўйилди. Ўша нарсани абадийлаштириш¸ ўтганларнинг¸ ҳалок бўлганларнинг ҳаммасини эслаш мақсадида хотира китоби¸ агар хотира майдонида бўлган бўлсангиз¸ ўша ерда хотира китоби бор. Хотира майдонида бўлганмисиз?

Озодлик: Ҳа¸ бўлганман.

Ҳулкар Файзуллаева: Бундан ташқари¸ 35 та хотира китоблари чиқарилди. Ҳар битта вилоятдан кетган¸ бедарак кетган ëки жанг майдонида ҳалок бўлганлар – буларнинг ҳамамси топилган архив ҳужжатларга асосан ўша китобларга киритилган.

Озодлик: Россиядаги ветеранлар “Шу ҳайкал турса¸ яхши бўларди” деб эътироз билдиришаëтган экан.

Ҳулкар Файзуллаева: Сиз ТУРКВО томондагини айтаяпсизда.

Озодлик: Ҳа¸ ўшани.

- Шуни айтмоқчиманда. Ўша битта ҳайкалнинг ўрнига бу ëқда томлаб китоблар нашр қилинди. Бундан ташқари¸ “Хотира майдони”да уларнинг номи қайд қилинган китоблар қилиб қўйилди. Бош вазиримиз Ялтада бўлган Бош вазирлар учрашувида бўлиб келди. 65 йилликка тайëргарлик кўриш ҳақидаги нималар. Бу ҳужжатлар бизга ҳам етиб келса керак. Ҳар битта давлат мустақил бўлгандан кейин ўзининг нимасига қараб тайëргарлик кўриб боради. Бундан олдин 55-60 йилликка тайëргарлик бўлганда¸ ҳар битта нарсага давлат ўз имконияти даражасдиа бир нарсаларни қилади. Биз бу билан ўша нималарни ҳақорат қилганимиз йўқку¸ дейди Ҳулкар Файзуллаева.

Ҳулкар Файзуллаевага кўра милтиқ тутган совет аскари ҳайкалидан кўра яқинини урушда йўқотган она ҳайкали муҳим. Файзуллаева назарида ҳайкал сиëсий ҳамиятини йўқотган. Ўзбек ҳайкалтароши Равшан Миртожиев эса бу ҳайкалнинг бадиий қиймати йўқлигини айтади.

- Сиëсий томонини билмайман. Аммо баддий жиҳатдан бу ҳайкалнинг ҳеч қанақа қиймати йўқ. Ўзбек миллатига ҳеч қанақа қиймати йўқ¸ дейди Равшан Миртожиев.

Ўз исми айтилишини истамаган фарғоналик нафақахўр эса уруш ветеранлари ўзлари учун азиз ҳайкалларнинг шоҳсупадан қўпорилганлигини дилларида оғриқ билан қабул қилишига кўп марта гувоҳ бўлган.

- Менимча¸ кўпчиликнинг фикри олиб ташланишига қўшилмаса керак. Чунки тарихни ўчириб бўлмайдида. Тарихдан ҳеч нарсани ўчириб бўлмайди. Ҳар бир яхши ишнинг ҳурмати бўлиши керак. Ўшаларни ëдга олиб¸ келажак авлод “Бир пайтлар шу нарсалар юз берган экан. Ота-боболаримиз¸ онахонларимиз шу нимада қатнашган экан” деган фикрни билса¸ келажак авлодга сабоқ бўлади. Бунинг ватанпарварлик ҳиссиëтини оширишга катта хизмати бўлади деб ўйлайман. Президентимизнинг ўзи “Янгисини қурмасдан туриб¸ эскисини бузиб бўлмайди” деб айтадику. Аввало биз жамиятимиздаги фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб¸ мафкурасига сингдириш керак. Бу масалада жуда кўплаб фикрлар билдириш мумкин.

Озодлик: Тошдан бўлган¸ милтиқ кўтариб турган киши. Мана шу ҳайкал сиз учун ниманинг тимсоли?

- Истаймизми¸ истамаймизми ўша даврда бизнинг ватанимиз битта деб аталган. Ўша даврда СССР деб аталганда. Ўша пайтда “СССР менинг ватаним” деган чақириқлар¸ жумлалар бўларди. Биз ҳам ўша руҳда тарбияланганмиз¸ ўша пайтда шу тарбияни олганмиз. Ëдгорлик сифатида қолдирилганда¸ яхши бўларди. Ëдгорлик сифатида қолдириш керак¸ дейди фарғоналик нафақахўр.

Она турар қўлда гулдаста қурол тутган ҳайкал пойида . Совет пайтида айтилган қўшиқдаги манзара ўзгарди. Қурол тутган ҳайкал шоҳсупани тарк қилди. Онанинг ўзи эса ҳайкалга айланди.
XS
SM
MD
LG