Линклар

“Банк-кредит сиëсатини эркинлаштириш керак”

  • Садриддин Ашур

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда киритиладиган сармоялар фақат нефт ва газ ишлаб чиқариш соҳаларига эмас, қайта ишлаш саноатига ҳам жалб этилса, мақсадга мувофиқроқ бўлар эди.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда киритиладиган сармоялар фақат нефт ва газ ишлаб чиқариш соҳаларига эмас, қайта ишлаш саноатига ҳам жалб этилса, мақсадга мувофиқроқ бўлар эди.

Ўзбекистонга киритилаётган инвестицияларнинг фақат хом ашё ишлаб чиқариш билан боғлиқ соҳаларга жалб қилинаётгани, таҳлилчиларга кўра, мамлакат иқтисодининг оқсашига сабаб бўлмоқда.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича¸ президент Каримов 2010 йилда 3 миллиард долларга яқин хориж инвестициясини ўзлаштиришни кўзда тутувчи дастурни маъқуллаган.

Ўзбекистон 2010 йилда ёнилғи-энергетика соҳасига ётқизиладиган хорижий инвестицияни икки бараварга кўпайтиради ва бунга 2,28 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Агар Ўзбекистон президенти маъқуллаган дастур бўйича умумий инвестиция миқдори тақрибан уч миллиард бўлса, бунинг 70 фоиздан кўпи фақат ёнилғи-энергетика сектори учун ётқизилиши айтилмоқда.

Хориж инвестициясининг энг катта қисми, яъни 883 миллион долларлик сармоя “Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” газ қувурининг Ўзбекистон қисмини қураётган Хитойнинг “СNPC” компанияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Ундан сўнг Россиянинг “Лукойл”, “Газпром” ва Малайзиянинг “Petronas” компаниялари асосий сармоя киритувчилар сифатида тилга олинади.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Ўзбекистонга қанча кўп сармоя кирса, шунча яхши, лекин бу сармояларнинг асосий қисмининг фақат хом ашё қазиб олинишга сарфланиши тўғри эмас.

- Реал аҳволга тўғри келмайди. Ҳақиқатга тўғри келмайди. Уч миллиард чет эл инвестицияси бўлса¸ шунинг 70 фоизи бир соҳага ётқизилиши гумон уйғотадиган нарса. Чунки бошқа соҳалар ҳам бор-ку. Сиз ҳозир мисол келтирган беш-олтита корхоналарнинг ҳаммаси энергетик¸ яъни хом аëш соҳасига келаяпти. Хом ашëни олиш учун улар тўғридан-тўғри бизнинг давлат билан келишувга келаяпти. Ҳукуматимизнинг қарори чиқади. Фақат шу қарор доирасида иш амалга оширади улар. Бу умумий бўлиши керак. Инвестиция қайси соҳага келмасин¸ ким келмасин - у махсус қарорни кутиб туриши керак эмас. Умумий қонун ҳамма жойда ишлаши керак. Газпромлар¸ бошқалар келса¸ бизнинг ҳукумат билан тўғридан-тўғри келишувга¸ шартга боради ва кейин ўзларига жуда кўп енгилликларни олади. Автосаноатимиз ҳам шу енгиллик бўйича ишлаб турибди. Бошқа соҳаларнинг ҳисобига енгилликлар берилади. Бу умумий инвестицион муҳитга тескари таъсир қилади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда инвестиция киритилиши лозим бўлган бошқа соҳалар ҳам борки, бу соҳалар ҳукумат назаридан четда қолмоқда.

- Ҳозир биз хом ашë соҳасини эмас¸ қайтадан ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришимиз керак. Биз дастлабки йилларда¸ 1992-1995 йилларда пахтани қайта ишлаш фабрикаларини жуда кўп қурдик. Ҳар бир областда қурганмиз. “Туркиядан инвестиция келади” деб фабрикалар қурганмиз. “Қанд ишлаб чиқарамиз” деб Хоразмда завод қурганмиз. “Машина чиқарамиз” деб завод қурганмиз¸ химия саноатига завод қурганмиз. Бошида ҳаммаси яхши эди. Кейинги вақтда инвестицион муҳит унчалик қулай бўлмаганлиги сабабли қайта ишлаб чиқариш соҳалари ривожланмай қолди. Тайëр маҳсулот ишлаб чиқарадиган янги заводлар ишламаяпти, албатта автосаноатдан бошқа. Биз хурсандмиз - автозаводимиз ишлаяпти, унинг орқасидан 24-30 га яқин комплектация қиладиган завод чиқди. Бу яхши. Лекин буни бошқа соҳаларга ҳам¸ озиқ-овқат саноатига ҳам жорий қилиш керак. Кейин бизда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик машинасозлиги ривожланган эди. Ҳозирги вақтда улар, минг афсуски¸ кутилган натижада эмас. Шуларга инвестиция киритиш керак¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистонга хорижий инвестицияларнинг кириб келиши ва ишлаб кетиши учун унга эркин ишлайдиган муҳит яратиш керак. Бироқ, иқтисодчига кўра, Ўзбекистонда ҳукумат ҳамма инвестицияни ўз назоратига олишни истайди. Токи ҳар бир хориж сармояси учун бир эркин муҳит яратилмас экан, Сапарбой Жубаев фикрича, Ўзбекистонда иқтисоднинг асосий устуни бўлган ишлаб чиқариш ривожланмай қолаверади ва бу, ўз навбатида, ишсизлик каби ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараверади.

- Бунинг учун жуда катта ақл керак эмас. Энг биринчи, қабул қилинган қонунларни тўғри бажарсак¸ инвестицион муҳитни 50 фоизга яхшилаган бўлардик. Иккинчиси¸ банк-кредит сиëсатини эркинлаштириш керак. Ўзбекистонда жуда яхши банк-кредит сиëсати бор. Халқимизда пул кўп¸ имкониятимиз кўп. Минг афсуски¸ Ўзбекистоннинг олигархлари деймизми¸ уларнинг пуллари чет элларда ишлаяпти. Мана масалан¸ Россияда¸ Қозоғистонда ишлаяпти. Миллиардерларимиз бор, биласиз. Фаттоҳ Шалиев¸ Алижон Ибрагимов¸ Усмоновларнинг пуллари қаерда ишлаяпти? Чет элда ишлаяпти. Агарда муҳит Ўзбекистонда яхши бўлганида¸ улар шуни ўз ватанида ишлатар эди. Пул-кредит сиëсатини эркинлаштириш керак. Ўз пулингизни банкка солиб¸ шуни олиш эркинлиги йўқ. Ўз ҳисоб рақамингиздаги пулларни эркин ишлатишингиз¸ уни чет элларга ўтказиб¸ контрактлар тузиб¸ чет элларга тўлаш эркинлиги йўқ¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодида маъмурий-буйруқбозлик сиёсати сақланиб қолган ҳамда иқтисоднинг асосий бўғинларида давлат улуши ва бошқаруви жуда катта.

Хориж инвесторлари эса корхоналар ўз-ўзини бошқарадиган ва эркин бўлган шароитдагина кириб келади. Ҳозирча эса, Сапарбой Жубаевга кўра, Ўзбекистон бундай шароит яратиш ҳаракати сезилмаяпти.
XS
SM
MD
LG