Линклар

logo-print

Ўрта мактабнинг бошланғич синфларида ўқиб юрган кезларимда Вера Засулич номидаги отряд советининг раиси бўлганман.

Вера инқилоб қаҳрамонларидан биттаси эди. Вожатий кабинетида Веранинг рамкага солинган оқ-қора сурати деворда осиғлиқ турарди. У қорачадан келган, икки ўрим сочини елкасига ташлаб олган ҳаёли қиз эди. Катак-катак юпқагина пальтосининг тугмалари томоғигача қадалган. Кўзлари тийрак; қатъиятли эканлиги нигоҳларидан билиб турар, бундай тоифадаги инсонлар билан ҳатто разведкага ҳам бориш мумкинлигига беихтиёр ишонч ҳосил қиласан киши.

Кейинчалик билсам, Вера Одесса шаҳрида туғилиб вояга етган яҳудий қиз экан. Тарихда қолган қаҳрамонлик кўрсатган пайтларида йигирма саккиз яшар бўлади.

А.С.Боголюбов номли студент йигит Петербургда ёшлар намойишида иштирок этгани учун полиция томонидан қўлга олиниб, каторгада ҳўкиздек ишлаш жазосига ҳукм қилинади. Ҳукм кучга киргунча қамоқхоналардан бирида сақланади.

Бир куни Петербург ҳокими Ф.Ф.Трепов қамоқхонани текшириб кўриш учун боради. Қамоқхона бошлиғи майор Курнеев билан ҳовлига чиқади. Қамоқхона ҳовлисида уч-тўртта маҳбус сайр этиб юрарди. «Улар нега биргалашиб сайр этяпти?!» деб ўшқиради.

Маҳбуслар бош кийимларини ечиб, етти букилиб таъзим бажо келтиради. «Мен бошқа иш юзасидан қамалганман», дейди Боголюбов. «Ўчир овозингни! — дейди ҳоким. Маҳбуснинг нима учун қамалганини майордан эшитгач: — Уни карцерга тиқинг!» деб йўлида давом этади.

Қамоқхонани айланиб қайтишаётганда яна Боголюбовга дуч келади. «Карцерга тиқинг! Шапкани йўқот!» деб ҳоким маҳбус томон ҳамла қилган заҳоти Боголюбов орқасига илкис тисариладию бошидан шапкаси учиб кетади. Панжарали хоналаридан бу ҳодисани кузатиб турган маҳбуслар ҳоким гўё Боголюбовнинг юзига тарсаки тортиб юборди деб ўйлайди ва бирдан ялпи шовқин-сурон кўтарилади. Маҳбуслар қўлларига илинган нарсаларни ҳокимга қаратиб ирғита бошлайди. Қамоқхонада рўй берган воқеа бирпасда Петербургга тарқалади.

Бу ҳақда газеталарда хабар ҳам чоп этилади. Қони қайнаб турган аксарият ёш йигит-қизлар: «Треповдан қасос оламиз!» деб онт ичади. Н.А.Морозов деган инқилобчи эса: «Треповдан эмас, уни юксак мансабга тайинлаган зотдан қасос олиш керак!» деб аҳд қилади. Трепов ўша пайтларда Русия императори бўлган Иккинчи Александрнинг жонажон дўсти эди.

Петербург қамоқхонасида рўй берган ҳодиса тафсилотлари оғиздан-оғизга ўтиб Одессага ҳам етиб боради.

Вера ўзининг инсонлик қадр-қиммати топталгандек ҳис этади ва зудлик билан Петербургга йўл олади. Кичикроқ тўппонча харид қилади. Уч-тўрт кун ўқ отишни машқ қилиб, ҳокимнинг қабулхонасида пайдо бўлади.

Трепов қабулхонага кириб келган пайт унга қаратиб ўқ узиб, ҳокимни ярадор қилади. Ярадор ҳокимни Иккинчи Александр касалхонага йўқлаб боради: «Чамаси, бу ўқ сизга аталган эди. Ҳазратим, сизга отилган ўқ менга текканидан бағоят бахтиёрман», дейди ҳоким ялтоқланиб. Ўлим тўшагида ётган амалдорнинг ялтоқланиши императорнинг ғашини келтиради. Бир ҳафтадан сўнг Трепов ўлади.

Вера Засулич устидан суд бошланади. Жиноятни келтириб чиқарган сабаблар рўй-рост баён этилгач, онт ичирилган ҳакамлар ҳайъати Вера «айбдор эмас» деб ҳукм чиқаради. Судга машҳур ҳуқуқшунос А.Ф.Кони раислик қилади: «Ҳукм тўхтовсиз ижро этилсин!» деб фармон беради. Вера Засулич қамоқхонада қолган буюмларини оладию озодликка чиқиб кетади.

Ўша воқеа 1878 йилнинг 31 март куни рўй беради. Гўё халқ суди Русия ҳукумати устидан адолатли ҳукм чиқаргандек бўлади. Қаранг, дўппини икки марта айлантиргунча орадан 130 йил ҳам ўтиб кетибди-я!

Бўйнимга қип-қизил галстук тақиб, қўлимни салют ишораси билан бошимга қўйиб шаҳдам қадамлар отиб жанговар шарқия садолари остида мактабимиз ўқувчилари саф тортиб турган майдонга кириб келаётган дамларимни эсласам, ҳали-ҳали юрагим ҳаприқиб кетади. У пайтларда қалбимда келажакка қатъий ишонч бор эди. Вера дегани ҳам ўзбек тилида ишонч деган маънони англатади. Ҳозир ман нимага кўпроқ ишонаман. Қайдасан, Вера?..
XS
SM
MD
LG