Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

Чўчқа гриппи ҳақида гапириш тақиқланди


Норасмий манбаларга кўра¸ Ўзбекистонда беморларнинг чўчқа гриппига чалинган-чалинмаганини аниқловчи махсус қон анализи ўтказишга ҳам рухсат берилмаëтир.
Норасмий манбаларга кўра¸ Ўзбекистонда беморларнинг чўчқа гриппига чалинган-чалинмаганини аниқловчи махсус қон анализи ўтказишга ҳам рухсат берилмаëтир.

Дунë бўйлаб чўчқа гриппи эпидемияси авж олиб бораëтган¸ Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари бу борадаги вазиятдан хавотир билдириб турган бир пайтда¸ Ўзбекистон расмийлари мамлакатда чўчқа гриппи йўқ¸ дейишдан тўхтамаëтирлар.

Ўзбекистонда А/H1N1 вирусига оид эпидемиологик вазият “кўнгилдагидек” қолмоқда, дейилади Ўзбекистон Бош санитар врачи Бахтиёр Ниёзматовнинг ёзма баёнотида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ниёзматовнинг баёноти баъзи ахборот воситалари Ўзбекистонда чўчқа гриппининг дастлабки ҳоллари қайд этилганини хабар қилганига жавобан эълон қилинди.

Баёнотда айтилишича, ҳукумат “касалликни Ўзбекистонга киритмаслик масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.”

Айни пайтда, Би-Би-Си, www.uznews.net , www.uzmetronom.com каби ахборот воситалари Ўзбекистонда бир неча кишида чўчқа гриппи қайд этилганини хабар қилди.

www.uznews.net интернет нашри Тошкентдаги манбаларга таяниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказида бир ҳафта ичида чўчқа гриппидан етти киши нобуд бўлганини маълум қилди.

Шошилинч тиббий ёрдам маркази директори Абдуҳаким Ҳожибоев Озодлик радиоси билан қисқа суҳбатда бу хабарни инкор қилиб, барча маълумотлар учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

23 ноябр куни Би-Би-Си Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг H1N1 вируси олдини олиш бўйича комиссия раҳбари Боқижон Маткаримовга таяниб, Республика шошилинч тиббий марказига чўчқа гриппига чалинганлик гумони билан уч киши ётқизилганини хабар қилди.

Боқижон Маткаримов, 24 ноябр куни Озодлик радиоси билан суҳбатда Би-Би-Сига айтган гапларини инкор қилди ва матбуотга H1N1 вирусига оид вазият ҳақида маълумот бермаслигини айтиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Тошкентдаги республика клиникаларидан бирининг врачи Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатда, мамлакатда чўчқа гриппи ҳолатлари аниқланганининг бор гап эканини айтди. Маълум сабабларга кўра овози ва шахси ошкор қилинмаслигини сўраган суҳбатдошимизнинг айтишича, шошилинч тиббий ёрдам марказида етти киши эмас, балки икки бемор грипп касаллигидан нобуд бўлган. “Уларнинг ўлимига қайси вирус, яъни H1N1 вируси сабаб бўлганми, йўқми текширилмоқда”, деди шифокор.

Сўзида давом этаркан суҳбатдошимиз, “Шу кунларда Тошкентда грипп касаллиги эпидемияга айланиб бўлди, лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги негадир, авж олган грипп айнан қайси вирус эканига оид маълумотларни яширмоқда. Қўшни давлатлар ўзларида чўчқа гриппи қайд этилганини расман эълон қилганига анча бўлди. Ўзбекистон ёпиқ давлат эмаску, бизда ҳам одамлар чўчқа гриппига чалинаётганига шубҳа бўлиши мумкин эмас. Қозоғистон билан чегаранинг ёпилгани сабаби ҳам шунда”, дейди.

Унинг айтишича, кўпчилик шифокорлар, авж олган грипп H1N1 вируси билан боғлиқлигини гумон қилаётганига қарамасдан, шифохона ва поликлиникаларга келаётган беморларга оддий шамоллаш ташхиси қўйилсин, деган оғзаки кўрсатма берилган.

Тошкендаги поликлиникалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими ҳам келаётган беморларга “нафас йўллари ўткир инфекцияси” ташхиси қўйилаётганини тасдиқлади.

- Грипп полний қўйишаяпти. Кўпроқ ОРИ қўйишаяпти.

Озодлик: Ўткир нафас йўллари инфекцияси-а?

- Ҳа¸ дейди Тошкендаги поликлиникалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Пойтахтдаги яна бир поликлиника врачи билан суҳбатдан ҳам, тиббиёт ходимларига грипп ҳақида “оғиз очмаслик” кўрсатмаси берилганини пайқаса бўлади.

- ОРИ и соответствуюший фарингит¸ лорингит¸ бранхит. Биз аниқ грипплигини аниқламасак¸ шунақа анализлар билан нима қилаяпмиз. Сыворотка қиламиз¸ с того как обследование ўтади¸ ўшандан кейин грипп аниқ бўлса¸ қўйишимиз мумкин. Ҳозирча ОРИ қўяяпмиз¸ дейди пойтахтдаги яна бир поликлиника врачи.

Суҳбатдошимиз ишлайдиган поликлиника қарийб 20 минглик аҳолига хизмат қилади. Унинг айтишича, кунига 30 нафардан ортиқ бемор тиббиёт муассасига мурожаат қилмоқда.

- Беморларда суяк қақшаш, тумов, тўхтовсиз йўталиш ва иситманинг 38-39 даражага кўтарилиши каби касаллик аломатлари кузатилмоқда. Кунига 15-16 нафар катта ёшдаги ва шунча болалар поликлиникага келмоқда. Бундан ташқари¸ беморлар шифокорларни уйга ҳам чақирмоқда. Бизга мурожаат қилган беморларни текширувдан ўтказиш жараёнида уларни уч кун давомида уй шароитида кузатмоқдамиз, лаборатория хизматини йўлга қўйдик, керакли анализларни олмоқдамиз. Агар гриппга оид тахминлар тасдиқланмаса, нафас йўллари ўткир инфекцияси ташхисини қўймоқдамиз. Агар гумонларимиз тасдиқланса, уларни касалхонага ётқизмоқдамиз. Ҳозирча касалхоналарга ётқизилган беморлар деярли йўқ. Фақат бугун иситмаси уч кун давомида тушмаётганлиги боис бир болани ётқизишга мажбур бўлдик, дейди тошкентлик шифокор.

Айни пайтда, Тошкентда аҳоли орасида чўчқа гриппига оид хавотирлар кўпчиликни саросимага солиб қўйганини айтади ўзини Роҳила опа, деб таништирган суҳбатдошимиз.

- Ҳозир аптекаларга борсангиз¸ аптекаларимиз кечаси 12 гача¸ почти кечаси билан ишлашаяпти. Очеред кўпда. Ҳамма фақат шунақа. Кейин 11 яшар қизимни детскийга олиб бордим. Детскийда учта детский врач қабул қилаяпти. Биринчи ëрдам бепул. Ўша ерда аëллар билан гаплашдикда. Уларнинг болалари кичикроқ экан. Ҳаттоки тўрт-беш ойлик болалари бор. Тутқаноқ тутаяпти эканда болаларни. Температураси шунчалик баландлигиданда¸ дейди Роҳила опа.

Кўчаларда кўпчилик тиббий ниқоб тақиб олганини кўриш мумкин, дейди тўрт фарзанднинг онаси Роҳила опа.

- Мана ўзимиз ҳам тақаяпмиз маска. Тақиб юрибмиз энди. Болалар ҳам тақаяпти. Метрода ҳам¸ ҳамма жойда. Ҳамма энди ўзининг соғлиғи учун қайғурадию. Ошхонада¸ биозорда¸ дўконда ҳамма маска тақиб олган. Шунақа аҳвол¸ дейди Роҳила опа.

Сўзида давом этаркан суҳбатдошимиз, фарзандларининг ҳаммаси касал бўлгани ва улардан бири касалхонага ётқизилганини айтди.

- Жума куни бошланди. Жума кунидан душанба кунигача болам роса қийналдида. Симптомлари оғир экан гриппнинг. Температура жуда баланд. Ҳаддан ташқари кўп терлайди. Бола шундоқ терга ботиб қолади. Иситма 39¸ 39¸5 дан тушмади уч кун давомида. Жуда қўрқдим. Бош оғриғи кучли. Биринчи бошлаш нимаси буйрагимда оғриқ деди. Ўқишдан келиб¸ “Буйрагим оғрияпти” деди. Кейин “баданларим қақшади” деди. Шу билан бошландида. Кеча ëтқизган эдик. Биринчи капелница қўйиб¸ уколлар антибиотиклар қилишди. Бугунга анча яхши. Уч кун давомида оғизларига¸ ҳамма жойларига яра чиқиб кетди. Тиллари¸ ҳаммаси оппоқ бўлиб¸ овқат ея олмай қолди. Ҳаттоки аталага ўхшатиб овқат пишириб бердим. Кечаси тез ëрдам чақирсак¸ телефон кўтаришадию¸ қўйиб қўйишаяпти. Мажбур ўзим¸ ҳали ҳам укол қилишни биламан¸ биринчи ëрдам кўрсатдим. Чой¸ лимон чой¸ малина чой билан ушлаб турдимда уч кун. Душанба куни ëтқиздим. Худога шукур¸ кечадан бери анча енгил¸ дейди Роҳила опа.

Роҳила опанинг касалхонадаги ўғли Рустамжон билан ҳам суҳбатлашдик.

Рустамжон: Ҳамма жойда грипп тарқалиб кетдию. Шунинг учун почти ҳамма автобусларда ҳам маска тақиб юрибди.

Озодлик: Ҳозир одамлар автобусда ҳам маска тақиб юришибдими?

Рустамжон: Ҳа¸ ҳамма жойда. Температура тушмайдиган грипп чиқиб кетди.

Озодлик: Чўчқа гриппи деган гаплар йўқми?

Рустамжон: Асосий нарса чўчқа гриппида. Ўзи ҳозир туберкулоз касали ҳам кўпаймоқда. Ўпка касал борку. Бизнинг коллеждан туберкулоз касалига учраган учта талаба чиқди. Ўзимнинг гуруҳимдан битта қиз чиқди. Кейин шунга “ҳамманг бориб ўпкаларингни рентгенга туширинглар” деди. Ҳар хил касалликлар кўпайиб¸ кейин чўчқа гриппи келди. Ҳозир болаларнинг анчагинаси ўқишга ҳам келмай қўйибди. Чўчқа гриппининг дастидан болалар ўқишдан ҳам қолиб кетаяпти.

Озодлик: Чўчқа гриппилигини қаердан билишаяпти? Айтишаяптими шуни докторлар?

Рустамжон: Аниқ нима қўйиб бериша олмаяпти. Бу қанақа грипп тури эканлигини айтиб бера олишмаяпти. Бизнинг докторларимиз чўчқа гриппи ëки бошқа грипп эканлигини ҳам аниқ айтиб бериша олмаяпти.

Озодлик: Чўчқа гриппи деган гап қаердан чиқди?

Рустамжон: Чўчқа гриппини реклама қилишди телевизорда. Маска тақиб юринглар¸ чўчқа гриппи кириб келаяпти¸ дегандай гап айтилдида.

Озодлик: Олдини олишни айтгандир.

- Олдини олиш гапи бўлдию¸ лекин ҳеч қанақа эмлаш бўлмади, дейди Рустамжон.

Айни пайтда, Ўзбекистон вилоятларидан олинган норасмий маълумотларга кўра, шу кунларда вилоятларда ҳам кўпчилик касалланган, лекин беморларнинг “нафас йўллари шамоллаши”, деб айтилаётган касалликка қайси вирус сабаб бўлгани ноаниқ қолмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни тарқатган баёнотда чўчқа гриппини Ўзбекистонга киритмаслик учун барча чоралар кўрилаётгани айтилади. H1N1 вирусининг олдини олиш бўйича радио ва телевидениеда дастурлар тайёрланаётгани ҳамда газеталарда мақолалар эълон қилинаётгани ҳам таъкидланади.

Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатга рози бўлган тошкентлик врач эса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда эпидемия тусини олган касалликнинг асл сабабларини яширишга уринаётганига шубҳа қилмайди ва “яширишнинг нима кераги бор, бу вазиятни янада кескинлаштириб, одамлар орасида ваҳиманинг кучайишига сабаб бўлишини тушунишмайдими?”, дейди.

Айни пайтда, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутасаддиси Ўзбекистон ҳукуматидан H1N1 вирусига оид маълумотлар олинмагани ва шу сабабдан вазиятни изоҳлай олмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG