Линклар

logo-print

"Асосий муаммо яна Ўзбекистон"


Москванинг Бакиевга ГЭС қуришга ëрдам бериш ҳақдаги ваъдасини пайсалга солаëтгани турли тахминларга сабаб бўлмоқда.

Москванинг Бакиевга ГЭС қуришга ëрдам бериш ҳақдаги ваъдасини пайсалга солаëтгани турли тахминларга сабаб бўлмоқда.

Кремлнинг Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭСлар қурилишига мойиллик билдирмаётгани ҳақдаги хабарларни шарҳлаëтган қирғиз сиëсатшунослари¸ "бунда Тошкент қўли бор"¸ деган тўхтамга келмоқдалар.

Россия матбуотининг ёзишича, ўтган ҳафта Ялта шаҳрида МДҲ Бош вазирлари энергетик иншоотларни ҳамкорликда қуриш масаласини муҳоқама қилганлар ва бу борадаги концепцияни имзолаганлар. МДҲ бош вазирлари имзолаган энергетик иншоотларни ҳамкорликда қуриш концепциясига илова қилинмиш иш режасига киритилган Қирғизистондаги Қамбарота-1 ва Тожикистондаги кичик ГЭСлар қурилишига оид бандлар Москва вакилларининг норозилигига сабаб бўлган. Шу муносабат билан иш режасидан мазкур бандлар олиб ташланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, рус матбуоти “Россия ҳукумати Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭСлар қурилишига мойиллик билдирмаётир”, деган хулосага келган.

Бироқ Ялта йиғинида қирғиз делегацияси вакили сифатида иштирок этган “Қирғизистон электр станциялари” ширкати раҳбари Сапарбек Балқибеков Россия матбуоти тарқатган хабар асоссиз эканини айтди:

- Мен бу йиғин иштирокчиси сифатида айтишим мумкинки, бу борада Россия ва Қирғизистон Бош вазирлари икки томонлама учрашув ўтказдилар. Учрашувда Қамбарота ГЭСлари қурилишини тўхтатиш ёки бу қурилишларга мойиллик билдирмаслик масаласи кўтарилгани йўқ, деди Сапарбек Балқибеков.

Қирғиз расмийсининг айтишича, Россия Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 ГЭСлари қурилишини молиялаш фикридан ҳам қайтмаган. Шу йилнинг феврал ойида эришилган келишувга мувофиқ, Россия Қамбарота ГЭСлари қурилиши учун ваъда қилинган деярли 2 миллиард доллар маблағни 2010 йилдан бера бошлайди.

- Россия томонидан бу лойиҳа бекор қилингани ёки қилиниши ҳақида ҳеч қандай баёнот берилмади. Аксинча, Россия Қамбарота-1 ГЭСига маблағ ажратиш масаласини 2010 йил бюджетига киритган, деди Сапарбек Балқибеков.

Аммо қирғизистонлик айрим сиёсатшунослар рус матбуотида эълон қилинган ГЭСларга оид ахборотни “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” қабилида талқин қилмоқдалар.

Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, Россия Ўзбекистон каби энергетик ресурсларга бой ҳамкорини йўқотмаслик учун Қирғизистонда амалга ошириш режаланган айрим лойиҳалардан воз кечишга мажбур. Чунки Ўзбекистон томони Қамбарота ГЭСларининг қурилишига қарши эканини билдирган эди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса бир неча марта Қирғизистон ҳукуматининг энергетик иншоотлар қуриш лойиҳасини кескин танқид қилганди.

- Қамбарота лойиҳасини амалга ошириш жуда ортга сурилиб кетади, деб қўрқаман. Ўзбеклар билан тил топишиб, улар ҳам энергетик лойиҳалар консорциумга аъзо бўлмагунича ишнинг олдинга силжиши амримаҳол. Қамбарота-1 ГЭСи қурилишидаги асосий муаммо Ўзбекистон бўлиб турибди, дейди Марс Сариев.

Бироқ бошқа сиёсатшунослар “Россия Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайди, муаммони қўшни давлатдан эмас, Қирғизистон ҳукуматининг ўзидан излаш керак”, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

Бундай қарашдаги сиёсатшунослар фикрича, Россия Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши учун ажратадиган деярли 2 миллиард долларлик маблағининг коррупционерлар томонидан талон-тарож қилинишидан чўчимоқда.

Гап шундаки, Россия Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши учун ваъда қилинган маблағнинг 300 миллион долларини Қирғизистонга берган. Қирғизистон ҳукумати эса Россия маблағи сарфланишини назорат қилувчи Тараққиёт жамғармасини ташкил қилган. Аммо, орадан кўп ўтмай, Тараққиёт жамғармаси тасарруфидаги маблағлар ва мол-мулклар ҳукумат томонидан эмас, хориж фуқароларига тегишли молиявий гуруҳлар томонидан назорат қилинаётгани ошкор бўлиб қолди. Бунинг устига, Россиянинг деярли 2 миллиард долларлик маблағи сарфланишини назорат қилиши керак бўлган Тараққиёт агентлиги Қирғизистон президентининг ўғли Максим Бакиев бошқараётган Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлиги таркибига қўшиб юборилди.

- Тараққиёт жамғармасида мавжуд бўлган 300 миллион доллар Қирғизистоннинг Россиядан олган қарзидир. Бу маблағни Қирғизистон ҳукумати назорат қилмай, турли хорижий гуруҳлар бошқараётгани жуда шубҳалидир. Пировардида Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши якунлангач, у ҳукуматга эмас, хусусий шахсларга тегишли бўлиб қолиши мумкин, дейди қирғизистонлик таниқли сиёсий арбоб Эсенгул Ўмуралиев.

Қирғизистонда қурилаётган Қамбарота-1 ГЭСи Норин дарёсидаги каскаднинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Бу ГЭС Россия ва Қирғизистон ҳамкорлигида қурилиши режаланган.

Айни пайтда Қамбарота-2 ГЭСи Қирғизистон маблағи ҳисобига қурилмоқда. Бу ГЭСда ускуналарни ўрнатиш ишлари қизғин давом этмоқда. Қамбарота-2 ГЭСи сув омборига сув йиғиш ишлари 20 декабрдан бошланиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG