Линклар

Бирови грипп дейди, бирови сайлов


Ўзбекистон чегараларида яна танг вазият.

Ўзбекистон чегараларида яна танг вазият.

25 ноябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон билан давлат чегаралари ёпилгани ҳақидаги маълумотга нисбатан ўз расмий баёнотини очиқлади. Бу баëнот расмий Остона изоҳидан фарқ қилди.

“CA-NEWS” ахборот агентлигининг келтиришича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги икки давлат чегараларининг ёпилгани ҳақидаги маълумотни инкор қилиб, икки давлат чегараларида айрим чекловлар жорий қилинганини, бунга мавсумий грипп тарқалиши билан боғлиқ ҳолат сабаб бўлганини билдирган.

Ўзбекистон Қозоғистон билан давлат чегараларини ёпгани ҳақидаги бу асоссиз хабар, ўзбек расмийлари фикрича, аслида ахборот майдонида икки яқин қўшни давлат ўртасида таранглик юзага келаётгани ҳақида тасаввур пайдо қилиш мақсадида тарқатилган.

“Аслида Қозоғистон расмийлари 13 ноябрдан эътиборан Ўзбекистон икки давлат чегараларида мавсумий грипп тарқалиши боис вақтинчалик карантин жорий қилиниши ҳақида аввалдан огоҳлантирилганди”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Эслатиб ўтсак, душанба куни Остонада бўлиб ўтган брифинг чоғида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ержан Ашиқбаев Ўзбекистон бир тарафлама чегараларни ёпиб қўйгани, бунга Қозоғистон тарафининг мутлақо дахли йўқлигини айтиб ўтганди.

- Биз чегара ёпиқлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлаймиз. Биз бунга аслида нима сабаб бўлгани ҳақида Ўзбекистон томонга сўровнома юбордик, аммо шу чоққача чегара ёпилиши сабаблари ҳақида бизга маълумот келиб тушмади. Чегара Ўзбекистондан Қозоғистонга қайтаётган фуқароларимиз учун эмас, балки Қозоғистондан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлганлари учунгина ёпилган, деган эди Ержан Ашиқбаев.

Ўз навбатида, Қозоғистон республика чегара бошқармаси ҳозирда Қозоғистон чегара пунктлари ёпилмаганини маълум қилди.

- Бизнинг чегара пунктларимиз одатдаги тартибда ишламоқда, деди Озодликка қозоқ чегара бошқармаси матбуот котиби Лариса Дметрюк.

Қозоғистондаги айрим оммавий ахборот воситаларининг келтиришича, икки давлат чегараларида юзага келган тарангликка чўчқа гриппи вирусини юқтириб олган беморлар сони кўпайиб бораётгани сабаб бўлган.

Рейтер ахборот агентлигининг хабарига кўра эса, ўтган жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Афғонистоннинг бир қисмида чўчқа гриппи ҳолатлари билан касалланганлар сони ошаётганини маълум қилган. Аммо ўзбек расмийлари мамлакатда чўчқа гриппи билан боғлиқ ҳолатлар ҳали қайдга олинмаганини такрорлашдан чарчамаяптилар.

Айни пайтда Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан давлат чегарасида хизмат ўтаётган Рустем исмли ходимнинг Озодликка айтишича, аслида Ўзбекистоннинг чегарани ёпиб қўйганининг бошқа сабаби бор.

- Ўзбекистон чегарани тахминан 5-6 кун аввал ёпиб қўйди. Яқинда уларда парламент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Сайловларда кўпроқ ўзбекистонлик иштирок этиши учун чегара ёпиб қўйишди. Шу боис чўчқа гриппи каби яхши баҳонани ўйлаб топишди. Ҳозир Ўзбекистонга ўзбек паспорти бўлганларни киритиб, уларни мамлакатдан чиқишига муаммолар яратишмоқда. Улар ўз давлатида истаганларини қилаяптилар, деди қозоғистонлик чегарачи.

Айни пайтда ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан бири шу кунда ўзбек-қозоқ чегарасида жорий қилинган чекловлар икки давлат чегарасида аввалдан бўлган коррупциянинг янада авж олишига туртки бўлаётганини айтади.

- Ўзбекистон фуқароларини киргизаяпти, лекин қайтиб чиқармаяпти. Карантин дейди-ку, лекин у ерда ҳеч нима ёзиб қўйилгани йўқ. Бориш керак бўлса, керак одам барибир ўтади-ку, айланма йўллар бор. Ҳозир ундай ўтиш 4-5 минг тангагача чиқиб кетаяпти. Олдин 2-3 минг эди, дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG