Линклар

Ҳаж ибодати бошланди


Саудия Арабистонига борган юз минглаб зиёратчи бугундан Ҳаж ибодатини бошладилар.

Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун ҳар йили Саудия Арабистонига икки миллиондан ошиқ зиёратчи боради. Бу йил жаҳон бўйлаб кенг тарқалган ўта хавфли чўчқа гриппи муносабати билан зиёратчилар сонининг камроқ бўлиши тахмин қилинмоқда.

Шу кунгача тўрт нафар зиёратчи чўчқа гриппидан нобуд бўлди. Айни пайтда Саудия Арбистони Соғлиқни сақлаш вазири чўчқа гриппи тарқалиши олдини олиш учун барча чоралар кўрилганини маълум қилди.

-Бу йилги мавсумга тайёрмиз¸ деб мен ишонч билан айта оламан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, керакли дори-дармонлар ва беморларни қабул қилувчи муассасалар барчаси шай, деди Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири.

Бундан ташқари Макка шаҳри ва унинг атрофидаги муқаддас зиёратгоҳларда юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида Саудия Арабистони ҳукумати бу йил қўшимча қурилиш ишларини амалга оширди.

Макка ва Мадина шаҳарларида ҳожилар хавфсизлигини таъминлашга полиция ва хавфсизлик хизматларининг 100 мингдан зиёд ходими сафарбар этилган.

2006 йили Ҳаж ибодатлари давомида 364 ҳожи оломон оёғи остида қолиб нобуд бўлган эди.

Бу йилги Ҳаж ибодатида ўзбекистонлик 5000 дан ортиқ зиёратчи қатнашмоқда.
XS
SM
MD
LG