Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:11

"Ўзбекистон Тожикистонни тиз чўктирмоқчи"


Ўзбек элчиси баëнотига жавобан ўтказилган матбуот анжуманида Душанбе расмийлари Ўзбекистон қарорини якдиллик билан қораладилар.
Ўзбек элчиси баëнотига жавобан ўтказилган матбуот анжуманида Душанбе расмийлари Ўзбекистон қарорини якдиллик билан қораладилар.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё энерготизимидан чиқиб кетиш қарорининг сиёсий эканини таъкидлаëтган Душанбе расмийлари¸ бундан кўзланаëтган мақсад Тожикистонни энергетик изоляцияга солиш¸ демоқдалар.

Бу борада 25 ноябр куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Энергетика ва саноат вазирлиги масъулларининг қўшма матбуот анжуманида эълон қилинди.

Мазкур матбуот анжумани, тадбир ташкилотчиларига кўра, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломовнинг ҳафта бошида кўп сонли журналистларга берган брифингига жавоб бўлиб ҳисобланади.

23 ноябр куни Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов ўз идорасида маҳаллий ва хорижий журналистларни йиғиб, Ўзбекистон шу йил 1 декабридан эътиборан Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини эълон қилган эди. Ўша тадбирда ўзбек дипломати Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорида бирор-бир сиёсий ғараз йўқлигини таъкидлаб, расмий Тошкентнинг энерготизимдан ажралиб чиқиш қарорини Марказий Осиё ягона энерготизимига уланган давлатларнинг энергетик ҳамкорлик бўйича белгиланган тартибга амал қилинмаётгани билан изоҳлаган эди.

Шу билан бирга, ўзбек элчиси шу йил Тожикистоннинг Норак ГЭСида рўй берган аварияни мамлакат энергосистемасининг шўролар давридан буён модернизация қилинмагани билан изоҳлаган эди.

Бугунги тадбирни бошқарган Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Хусрав Ғоибов ўзбек дипломати айтганларини Ўзбекистон ҳукуматининг расмий баёноти ва сиёсий қарори ўлароқ изоҳлади.

- Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энергосистемасидан чиқиб кетишга оид қарори сиёсий қарордир. Албатта¸ ҳар бир мустақил давлат ўзи истагандек сиёсат юргизишга ҳақли. Аммо бу сиёсат халқаро меъёрларга зид бўлиб, унинг ортидан икки давлат сув ва энергетик ҳамкорлигига болта урилди, деди тожик дипломати.

Ўз навбатида, вазирлик масъули расмий Душанбе Ўзбекистоннинг бу қарорига қарши бирор тадбир қўлламаслигини, аксинча, ўзбеклар ва тожикларнинг тарихи, маданияти ва урф-одатларининг бирлигини назарга олган ҳолда, яхши қўшничилик принципларидан чекинмаслигини қистириб ўтди.

“Барқи тожик” ширкатининг диспетчерлик хизмати бошлиғи Одинамуҳаммад Чоршанбиев Ўзбекистон элчисининг Тожикистон энергетика соҳасидаги тартибсизлик, ягона тармоқдан “электр ўғирланиши”га доир сўзлари асоссизлигини айтаркан, “расмий Тошкент сўнгги қарори билан қиш арафасида электрга катта эҳтиёж сезаётган Тожикистонни тиз чўктирмоқчи”, дея мулоҳаза билдиради.

- Туркманистондан импорт қилинадиган 1 миллиард 200 миллион киловатт/соат электрни мамлакатимизга транзит қилиш масаласи ҳам Ўзбекистон томонидан атайлаб кечиктирилди. Ўзбекистон Тожикистонда янги ГЭСлар қурилиши, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига аввалдан тўсқинлик қилиб келган. Элчи Ўзбекистон 1 декабрдан бошлаб ягона тармоқдан чиқишини эълон қилди. Аслида бизнинг энергосистемамиз шу йил 30 октябридан бошлаб автоном тарзда фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар аллақачон Тожикистонни энергетик изоляцияда қолдиришди, дейди “Барқи тожик” расмийси.

Айни пайтда тожик расмийси Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимдан чиқиб кетиши унинг ўзига ҳам зарарли экани ва ўзбеклар бир куни буни тушуниб етиб, яна ортга қайтишига ишонч билдирди.

Бироқ тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орипов Ўзбекистоннинг бу қарори ортидан фақат Тожикистон ва Қирғизистон зарар кўриши мумкин, дея тахмин қилади.

- Тожикистон туркман электридан маҳрум бўлиб турган бир пайтда, Россия томонидан қурилган Сангтўда-1 ГЭСи ҳам фойдаланилган электрга тўланмаган қарз даъвоси билан 1 декабрдан фаолиятини тўхтатиб қўйса, мамлакатнинг ички электр заҳираси олдинда турган қиш учун кифоя бўлмай қолади. Бундан ташқари, агар ҳукумат бунинг олдини олиш учун зарур чоралар кўрмаса, табиийки, энергосистемамизда яна техник авариялар юз бериши эҳтимолдан йироқ эмас, дейди соҳа бўйича таҳлилчи Ҳомиджон Орипов.

Таҳлилчи фикрича, Ўзбекистон минтақадаги иқтисоди бақувват бўлган икки давлатдан биридир. Табиий газ ва электр бозорини монополия қилиб улгурган бу давлат истаган пайтда “қўли юпқа” қўшниларига ўз ҳукмини юрита олади. Ориповга кўра, сув ва энергетика майдонида бошланган “сиёсий уруш” Тожикистон томонидан Россия воситачилигида музокара йўли билан ҳал қилиниши шарт. Акс ҳолда, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG