Линклар

Аëлга нисбатан зўравонлик камаймаëтир

  • Гулнора Равшан

Иқтисодий шароитнинг оғирлашуви ва диний радикаллашув хотин-қизларни жамиятнинг сассиз¸ ҳақсиз қисмига айлантирмоқда.

Иқтисодий шароитнинг оғирлашуви ва диний радикаллашув хотин-қизларни жамиятнинг сассиз¸ ҳақсиз қисмига айлантирмоқда.

Amnesty International каби инсон ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар Марказий Осиë¸ хусусан Тожикистонда хотин-қизларга нисбатан зулм ва хўрликнинг давом этаëтгани сабабини халқ зеҳниятига ўринлашган ақидалардан излаш лозимлигини айтмоқда.

Amnesty International халқаро ташкилоти ҳисоботи муаллифларига кўра, тожикистонлик аёллар ҳар қадамда жисмоний ва жинсий жиҳатдан хўрланади, дўппосланади.

Ҳисоботда таъкидланишича, “тожик жамиятида аёлларга хизматкор ёки оила мулки сифатида қаралади. Аёллар бундай ҳолатларда кимга мурожаат этишни билмайдилар, зеро ҳуқуқ идоралари кўпинча эр-хотинни муросага келтиришга уринади”.

Amnesty International тақдим этган статистикага мувофиқ, тожикистонлик аёлларнинг 50 фоизи мунтазам равишда зўравонликка дучор бўлишади.

Мазкур ташкилот зўравонликнинг асосий омилларини мамлакатдаги ишсизлик, қашшоқлик билан боғлайди.

Гарчи ҳисобот муаллифлари аёлга нисбатан зўравонликка оиланинг ички иши сифатида қарамаслик зарурлигини таъкидласалар-да, Тожикистонда кўпчилик миллий урф-одатларга мувофиқ ҳали-ҳамон “уйдаги гапни кўчага чиқармаслик”ни маъқул кўради.

- Бизда энди “менталитет” дейди-ку. Андиша, ҳаё бор, дегандай. Шунинг учун ўзимиз уй ичида ҳал қилиб, тинчитиб қўямиз-да, дейди душанбелик Муҳаббатхон ая.

Суҳбатдошимиз тожикистонлик аёлларнинг оиладаги можарони кўчага ёймаслигига яна бир сабаб уларнинг каттагина қисми иқтисодий ночорлик туфайли турмуш қурганида, деб билади. Аёлнинг айтишича, бундай ҳолларда аёллар кўпроқ иқтисодий таъминотчисидан ажралиб қолишдан қўрқадилар.

Аснода тожикистонлик эркакларнинг кўпчилиги аёлларга хотинлик ёки оналикдан ўзга вазифани раво кўрмайди. Мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз айрим эркаклар “аёл киши эрининг чизган чизиғидан чиқмаса, ҳаммаси бинойидек” бўлишини айтишди.

- Қачонки шу аёлларимиз эркакларнинг изнига юрса, бесўроқ бир ёққа чиқмаса, эркаклар урмайди. Нега уради агар шу гуноҳлари бўлмаса, дейди Нурмуҳаммад деб ўзини таништирган суҳбатдошимиз.

Айни пайтда Тожикистонда зўравонликка учраётган аёлларни ҳимоя қиладиган ташкилотлар бармоқ билан санарли. Тожикистонлик аёллар дастлабки аризалари кўпинча хотин-қизлар иши бўйича қўмита томонидан кўриб чиқилади.

- Аёлларнинг оиладаги зўравонлик қурбони бўлишидаги асосий омилларни аёллар билим савиясининг пастлигида, деб биламан. Уларнинг кўпчилиги оилани бошқаришга тайёр эмаслиги оилавий жанжалларни келтириб чиқаради. Албатта¸ биз арз қилганлар билан суҳбатлар ўтказиб, оиладаги келишмовчиликларни муроса йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қиламиз, дейди хотин-қизлар иши бўйича қўмита расмийси.

Amnesty International ёйинлаган ҳужжатда Тожикистон ҳукумати турли халқаро шартномаларни имзолаган бўлса-да, шу пайтгача бу борада мақтанса арзигулик ишларни амалга оширмагани айтилади.

Ташкилот Тожикистон ҳукуматини хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш, хусусан, маиший зўравонликка қарши курашиш учун мамлакат бўйлаб кенг қамровли тадбирларни бошлаш ҳамда аёлларга нисбатан зўравонлик қилишга ботинган кимсаларни жиноий жавобгарликка тортишни тавсия қилган.

Тожикистон Бош прокуратураси ходими Баҳодир Ҳомидов бундай жиноят учун жазо мамлакат қонунчилигида кўзда тутилганини таъкидлайди.

- Мамлакат жиноят кодексига биноан аёлга нисбатан зўравонлик, таҳқирлаш каби ҳатти-ҳаракатларни қўллаган шахс¸албатта¸ жиноий жавобгарликка тортилади. Бироқ, афсуски, аёллар урф-одат, қариндош-уруғчилик андишаси билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишмайди. Марҳамат, ким зўравонлик қурбони бўлган бўлса, бизга мурожаат этсин, қонун доирасида чора кўрамиз, дейди Бош прокуратура расмийси.
XS
SM
MD
LG