Линклар

Ўзбекистонлик ҳожилар мамнун

  • Ҳасанжон

Бу йилги ҳаж ибодатига¸ ҳар йилгига нисбатан камроқ ҳожи келгани айтилмоқда.

Бу йилги ҳаж ибодатига¸ ҳар йилгига нисбатан камроқ ҳожи келгани айтилмоқда.

25 ноябр куни Саудия Арабистонида мусулмонларнинг муқаддас ҳаж ибодатлари бошланди. Бу йилги зиëрат ҳожилар орасида чўчқа гриппи тарқалиши борасидаги хавотирлар кучайган бир пайтда ўтмоқда.

Бу йил жаҳон бўйлаб ўта хавфли чўчқа гриппи кенг тарқалгани боис Саудия ҳукумати зиёратчиларнинг бу касалликка қарши вакциналар билан эмланишини талаб қилди. Айни пайтда, Макка ва Мадина шаҳарларида ҳожилар хавфсизлигини таъминлашга полиция ва хавфсизлик хизматларининг 100 мингдан зиёд ходими сафарбар қилинди.

Ҳаж ибодатини бажариш учун ўтган йил Саудия Арабистонига уч миллиондан ортиқ мусулмон борган. Дунё бўйлаб чўчқа гриппи тарқалгани сабабли бу йил Саудияга тахминан икки ярим миллион зиёратчи борган.

Ўтган ҳафта зиёратчилардан тўрт нафари чўчқа гриппидан нобуд бўлгани эълон қилинганидан кейин айрим ҳожилар орасида хавотир пайдо бўлди. Бироқ 25 ноябр куни Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Абдул-Азиз ал-Рабииа ўз мамлакати ҳар қандай ҳолатга тайёр эканини айтди.

- Менинг аввало тайёргарликка ишончим комил. Мен Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари тайёрлигига, агар лозим бўлса, таъминот ва зарурий ускуналар етарли эканига ишончим комил. Ҳозиргача кўрсаткичлар яхши натижани, чекланган рақамларни кўрсатаяпти. Ҳозирча биз ташвишли ҳолатни кўраётганимиз йўқ, деди Саудия Соғлиқни сақлаш вазири.

Зиёратчиларни чўчқа гриппидан ҳимоялаш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш учун Саудия ҳукумати қатор чоралар кўрган. Жумладан¸ ҳожилар учун қўшимча тиббий марказлар ташкил этган, шифокорлар сони кўпайтирилган.

Ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага борган асли марокашлик бўлган Канада фуқароси Ҳамидо Абдул Раҳим чўчқа гриппи ўзини ташвишга солмаётганини айтди.

- Саудия Арабистонида чўчқа гриппи йўқ¸ алҳамдулиллаҳ. Бу мамлакатда ҳамма нарса етарли. Дорилар, шифокорлар етарли. Худога шукур. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Мен касалликка қарши эмланмаганман. Мен чўчқа гриппидан қўрқмайман, деди канадалик ҳожи.

25 ноябр куни ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам Ҳаж ибодатини бошладилар.

Ҳаж ибодати учун Макка шаҳрига борган Тошкент шаҳар имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов билан телефон орқали боғланиб¸ ўзбекистонлик ҳожилар ибодати билан қизиқдик.

Эргашали Рустамов: Куни-кеча Ўзбекистон ҳожилари Ўзбекистон раҳбарияти кўрсатмасига мувофиқ Макка вақти билан соат 10 да Минога етиб келдик. Тонг отгунча Ўзбекистон ҳожиларининг ҳаммаси Мино майдонида 31 рақамли жойга келиб тўлиқ жойлашишди. Ҳожиларимизнинг ҳаммаси яхши. Ҳозир Минодамиз. Бир соатдан бери жуда ҳам чиройли ëмғир ëғаяпти. Тўхтовсиз. Бунақа ëмғир ëғмаган¸ бир неча марта келган бўлсак. Қисқагина ëғиб ўтиб кетган. Лекин бу ëмғир жуда бошқачароқ. Ўзимизнинг Тошкентда ëғадиган¸ Ўзбекистонга мос ëмғир бўлаяпти¸ алҳамдулиллоҳ. Ҳамма нарса яхши. Тушликда ош бўлди. Ўзбекистондан келган ошпазларимиз ош қилишиб¸ ошларни еб¸ ҳозир ҳожиларимизнинг ҳаммаси чодирларда ўтириб¸ тоат-ибодатда¸ дуода бўлиб туришибди.

Озодлик: Бугун¸ эртага¸ индинга қандай амалларни бажариш режалаштирилган?

Эргашали Рустамов: Ҳозир Ҳаж комиссияси ва гуруҳ раҳбарлари билан биргаликда келишилган ҳолда жадваллар тузилган. Худо хоҳласа¸ бу кеча биз Минода бўламиз. Эртага эрталаб бомдод намозини ўқигандан кейин Арофот майдонига чиқиб кетамиз. Арофотга заволгача етиб боришлик шариатда назарда тутилган. Худо хоҳласа¸ ҳозирги режалаштирилган жадвалга қараганда¸ заволгача ҳамма ҳожиларимиз Арофотга бориб жойлашади. Кун ботгунча Арофот тоғида бўламиз. Қуëш ботиши билан яна автобусда Муздалифага келинади. Эртага кечаси Муздалифада бўлиб¸ жума куни Маккада ҳам Ҳайит. 27 ноябр жума куни эрталаб Минога қайтиб келамиз. Минода бомдод намозини ўқиб¸ нонуштадан кейин муфтий ҳазратларининг кўрсатмасига мувофиқ кейин Жамаротга бориб шайтонга тош отилади. Жума куни битта шайтонга еттита тош отилиб кейин тавофи ифода қилинади. Шайтонга тош отилганидан кейин соч олинади. Қурбонлик эълонидан кейин соч олинади. Қурбонлик учун ишчи гуруҳларимиздан махсус комиссия тузилган. Ана ундан кейин ҳожиларимиз сочларини олдириб¸ иҳромдан чиқиб¸ тавофи ифодани қилиб¸ икки кун Мино тоғида бўламиз. Худо хоҳласа 29 ноябр куни аср намозидан кейин меҳмонхонага қайтамиз.

Озодлик: Шайтонга тош отиш маросимини тилга олдингиз. Аввалги йилларда тиқилинчда одамларнинг нобуд бўлгани кузатилган. Бу йил мана шундай воқеалар бўлмаслиги учун Саудия ҳукумати қандай чоралар кўрган?

Эргашали Рустамов: Бу борада ишчи гуруҳ¸ штабдаги комиссиялар муфтий ҳазратлари Усмонхон ака Алимов бошчилигида алоҳида гуруҳларга кўрсатмалар берилаяпти. Шунга қарамасдан жуда кўп элликбошиларимиз¸ имом хатибларимиз тажрибали¸ бир неча маротаба Ҳажга келган. Айнан ҳозир сиз назарда тутган Жамаротдаги издиҳом қийинчиликларини бартараф қилиш учун Саудия Арабистон давлати¸ жумладан Ҳаж ва Умра вазирлиги жуда чиройли режаларни ишлаб чиққан. Жамаротдаги катта ойнаи жаҳондан Ҳаж вазирлигининг жадвали бўйича қайси давлат соат нечада ўтиши кераклиги режалаштирилган. Агар биз ўша жадвал бўйича иш тутсак¸ шу кўрсатмага мувофиқ Жамаротга бориб тош отсак¸ бир пайтлар бўлганидек ўлим ëки нохуш ҳолатлар¸ қийинчиликлар бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси бартараф қилинган. Шу билан бирга ҳозир Жамаротда қават-қават қилиб шайтонга тош отиш учун шароит яратилган. Иншооллоҳ¸ мен ўйлайманки¸ қийинчилик бўлмайди. Худо хоҳласа¸ Оллоҳнинг ëрдами билан Ўзбекистон ҳожиларини соғ-саломат Жамолотга олиб бориб келамиз¸ деган умиддамиз.

Озодлик: Бу йил дунë бўйлаб чўчқа гриппи вируси тарқалди. Саудия Арабистони ҳам Ҳажга келаëтган ҳожиларни эмлашни талаб қилган эди. Мана Ҳаж мавсуми ҳам бошланди. Ҳожилар орасида ўзини ҳимоялаш учун қанақа чоралар кўрилган? Одамлар юзига ниқоб тақиб юрибдими ëки бошқа бир чоралар борми?

- Дарҳақиқат¸ жуда муҳим бир масалани айтдингиз. Бу ҳозир нафақат Ўзбекистондаги¸ балки бутун жаҳондаги инсонларни¸ нафақат мусулмонларни барча инсонларни ташвишга солиб турган ҳолат. Бизга ўхшаган барча гуруҳ раҳбарлари ҳар бир ҳожиларимизни ўша гриппдан сақлаш мақсадида ниқобни йўлга қўйганмиз. Меҳмонхонадан Ҳарамга чиққанида ҳам ниқоб¸ шу билан бирга кеча Минога ҳам ниқобда келишди. Шу билан бирга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳожилар билан бирга келган Абдураҳмон ака бошчилигидаги тиббиëт ходим ва ходималари жуда ҳам яхши хизмат қилишди. Биз уларнинг хизматидан хурсандмиз. Яхши¸ тажрибали врачларимиз келишган. Кеча ҳам ҳожиларимизнинг ҳар бирига ниқоб бўлса ҳам яна биттадан ниқоб беришди. Шу кунгача¸ Оллоҳ асрасин¸ бу касалликни кузатмадик. Ҳозиргача ҳамма ҳожиларимиз тинч¸ омон¸ осойишта. Ўзбекистон халқи дуода¸ дейди Макка шаҳрига борган Тошкент шаҳар имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG