Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:11

Эркин микрофон - "Ўзимга ўт қўйишдан ўзга иложим қолмади"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

25 ноябр БМТ томонидан хотин-қизларга қарши зўравонликни тугатиш халқаро куни деб эълон қилинган. Аëлга қарши зўравонликнинг турларию туслари хилма-хил - улардан бири жамиятнинг ëрдамга муҳтож ëлғиз аëлга нисбатан лоқайдлигидир.

25 ноябр БМТ томонидан хотин-қизларга қарши зўравонликни тугатиш халқаро кунида Озодликка қўнғироқ қилганлардан бири қашқадарëлик забун аëл бўлди. Унинг кўнгилни вайрон қиладиган арзи доди бугунги ўзбек жамиятида хотин-қизлар¸ айниқса "бошида эркаги бўлмаган" аëлларга нисбатан қаҳри қаттиқлашганига ëрқин мисол бўла олиши учун¸ бу суҳбатни борича тақдим этишга қарор қилдик. Суҳбатдошимиз ўзини Саломат Одилова деб таништирди ва ўз мусибатли тақдири ҳикоясини элга билдиришимизни сўради.

Одилова Саломат: Мен ëлғиз онаман. Уч-тўрт йилдан бери иш қидираман¸ топа олмайман. Қачон қарама ҳемири ойлик берадиган ишга таклиф қилишади. Яшаш шароитим жуда ҳам оғир. Жуда-жуда оғир. Ëққан ëмғир уйимнинг ичига ëғади. Шифер қилишга имкониятим йўқ. Президентга мурожаат қилсам ҳам районга келтириб тақайди. Район маҳаллага келтириб тақайди. Маҳаллада бюджет деган нарсанинг ўзи йўқ. Бир шароит йўқ маҳалламизда. Шундай қийналиб кетдим.

Озодлик: Неча фарзандингиз бор?

Одилова Саломат: Учта фарзандим бор. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини оламан. Баъзилар ноябрни олиб бўлиб¸ мана декабрни олаяпти. Мен 23 ноябр куни октябр ойининг нафақасини олдим. Қишлоқликларнинг ҳаммаси ҳам шу. Светни бор-йўғи икки соат беради. Биздай янги маҳаллаларда свет ҳам йўқ. Светни нари-бери қилиб тортиб келгандим. Ўшани ҳам ўчириб ташлаганига бир ойдан ошди. Қоронғида ўтирибман. Болаларим эрталаб ўқишга кетаман дейди¸ вақтида иссиқ чой қилиб бера олмайман¸ вақтида иссиқ овқат қилиб бера олмайман. Мазам бўлмай қолган пайтда докторга даволанишга борай десам¸ маблағ топа олмайман. Нима қиларимни билмай қолдим. Дардимни кимга айтаримни билмай қолдим. Қийин шундай.

Мана қиш келди. На печка бор¸ на ëқилғим бор. Нима қиларимни билмайман. (йиғлаб) Кимга мурожаат қилишимни билмайман. Тошкентга ариза юборсам¸ нуқул шу ерга тақайди. Охири ўзимни ўлдиришдан ўзга чорам қолмади. Нима қилишим керак¸ қаерга боришим керак? Дардимни кимга айтишим керак? Ким тинглайди мени? Жонимдан тўйдириб юборди. Баъзи бир пайт уйга қўшиб болаларимни ҳам ëқиб юборгим келади. Ўзимни ҳам ëқиб юборгим келади. Охири сизларга чиқишга мажбур бўлдим. Қани сизлар ҳам ëрдам бера оласизларми йўқми деб. Нима қилай айтинглар¸ нима қилай? Қаерга борай? Бошимни қайси тошга урай? Сиз ўйланг¸ тўрт йилдан буëн ишсиз юрибман¸ тўрт йилдан буëн. Имконияти бўлса¸ яшаб турган уйимни сизларга кўрсатар эдим. Ҳеч иложим йўқда.

Озодлик: Опа йиғламанг. Бизнинг дастурни ҳукуматдагилар ҳам эшитади¸ деган умиддамиз.

Одилова Саломат: Мен эшита олмайман. Электр токи йўқ. Мен эшита олмайман. Сизларнинг номерларингизни ҳам кимлардандир илтимос қилиб топиб олдим. Тушунадиган одам бор эди. “Қизим. Сен бундай қилма. Мана шунга телефон қилиб кўргин” деди. Куни кеча ҳам қилдим¸ аммо сизларга туша олмадим. Охири бугун бировдан 5000 сўм қарз олдим ва телефонга ташлаб¸ ҳозир сизлар билан гаплашаяпман.

Озодлик: Опа¸ бўлмаса бундай қилайлик. Сиз исм-фамилиянгизни айтинг¸ адресингизни айтинг. Сизнинг исм-фамилиянгиз¸ адресингиз билан айтиб¸ шунақа муаммоси бор экан шу аëлни деб биз радиодастурда берамиз. Майлими?

Одилова Саломат: Майли айтаман. Ўзбекистон республикаси¸ Қашқадарë вилояти¸ Қарши тумани¸ Ниëзиддин маҳалла фуқаролар йиғини¸ Ниëзиддин қишлоғи. Янги ташкил этилган маҳалла. Одилова Саломат.

Озодлик: Мен яна битта нарсани сўраб олай. Сизнинг исм-фамилиянгиз билан айтган гапларингизни дастурга бераверамиз-а?

Одилова Саломат: Бераверинг¸ майли. Келиб менинг пешонамдан отишсин. Мен розиман. Тўйиб кетдим ҳаëтда яшашдан. Тўйиб кетдим шундай. Майли мени олиб бориб отадими¸ олиб бориб тиқиб ташлайдими¸ нима қилса қилсин. Тўйиб кетдим ўзи. Жонимдан тўйдим. Бу яшаш¸ бу ҳаëт мени тўйдириб юборди. Бир жойда ишлаб¸ болаларимга вақтида иссиқ овқат қилиб бера олмасам¸ бир кило гўшт олиб бериб едира олмасам она бўлиб¸ нима қилишим керак? Ўзларингиз ўйлаб кўринглар. Ҳамманинг ҳам мендай боласи борку.

Озодлик: Майли хафа бўлманг. Келаëтган ҳайитларингиз билан.

- Майли раҳмат. Сизни ҳам. Минг афсус дастурларингизни эшита олмайман. Уйимда светим йўқ¸ дейди Саломат опа.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG