Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:25

Касални яширсанг¸ иситмаси ошкор қилади


Хотин-қизларга қарши зўравонликни жиловлаш учун халқаро майдонда олиб борилаëтган уринишларга қарамай¸ бу муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Хотин-қизларга қарши зўравонликни жиловлаш учун халқаро майдонда олиб борилаëтган уринишларга қарамай¸ бу муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Ўзбек оилаларида хотин-қизларни камситиш¸ уларга зулм ўтказиб¸ ҳам жисмоний¸ ҳам руҳий азоб бериш қадимдан уйдан кўчага чиқарилмаслиги шарт деб қараладиган муаммо бўлиб келмоқда. Аммо бундай зеҳният муаммони фақат газак олдирмоқда¸ холос.

25 ноябр БМТ томонидан Хотин-қизларга қарши зўравонликни тўхтатиш халқаро куни деб эълон қилинган. Айни шу кун муносабати билан Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги “Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова, ўзбек оилаларида аёлларга зўравонлик қилиш ҳолатлари камайишдан ҳали анча йироқлигини айтади.

- Мана, яқинда Гулистонда бир эркак хотинини калтаклабди. Уриб, буйрагини ишдан чиқарибди. Шунчалик ёмон дўппослаганки, ҳозир бечора аёл майиб бўлиб ётибди. Беш боласи бор, энг кичиги уч яшар экан. Энди болаларга ким қарайди? Аёл ногирон бўлиб қолган. Бу каби воқеалар жуда кўп бўлиб туради, дейди Гавҳар Орипова.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликлар, асосан, оилада кузатилади. Аммо ўзбек аёли ўзига нисбатан эри, қайнонаси ёки қайнотаси томонидан зуғум ўтказилаётганини кўп ҳолларда жамоатчиликка ошкор қилмайди. Бу мавзу матбуотда ҳам деярли ёритилмайди. Айни пайтда ўзбек оилаларида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари мавжудлиги жамоатчиликка сир эмас.

Ўзбек аёлларига нисбатан зўравонлик ўтказилаётгани ҳақида йилда бир-икки марта ўтказиладиган давра суҳбатларидан ташқари бирор жойда тилга олинмайди.

Тошкентлик Зебо исмли суҳбатдошимиз аёлларнинг зўравонлик ҳолатларига чидашини ўзбекона андиша билан боғлайди.

- Аёл ота-онасиникига борса, улар уни эшитмайди. Бегонага дардини айтса, улар уни масхара қилиб, устидан кулади. Ишқилиб, аёл борадиган жойини топа олмайди. Маҳалла қўмитаси ё милиция бўлимига бораман деса, бу ишни қилишдан уялади. Бугун борса, эртага бутун маҳалла уни у ерга борганидан хабар топади. Уят ўлимдан кучли. Андиша қилади аёллар, дейди тошкентлик суҳбатдош аёл.

“Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Ориповага кўра, ўзбек аёли нафақат оилада, балки жамиятда ҳам турли зўравонликларга дуч келади.

- Мисол учун, кўпчилик аёллар бозорда ишлайди. Бу ерда орган ходимлари буларга нисбатан зўравонлик қилиб, калтаклашгача боради. Аёллар бола-чақасини боқиш учун ҳамма хўрликларга чидайди, дейди Гавҳар Орипова.

Шаҳрисабзлик Зулфия Ҳайдарова эса аёл ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билса, унга нисбатан ҳеч қаерда ва ҳеч ким зўравонлик қила олмайди, деган фикрда.

- Одамнинг ўзига боғлиқ-да бу. Мен ҳар доим ўзимни фикрим билан иш қилганман. Ҳеч ким мени камситмаган. Ҳар ким ўз ҳуқуқларини билиши керак. Билса, ҳеч ким унга зуғум ўтказа олмайди, дейди Зулфия Ҳайдарова.

Гавҳар Орипова жойлардаги маҳалла қўмиталари, маҳаллий ҳокимликлар аёлларга нисбатан зўравонлик масалалаларида ҳар доим кўз юмиб келишини айтади.

- Маҳалла қўмиталари бор. У ерда хотин-қизлар билан ишловчи ходимлар бор. Маҳаллада маслаҳатчилар бор. Суриштириб билмоқчи бўлиб, маҳалла қўмитасига борсам, “Бизларда ҳаммаси яхши, оилалар жуда яхши яшайди, ажрашиш йўқ, тинч”, дейишади. Лекин, ваҳоланки, бизнинг ташкилотга кўзи кўкарган, юзи шишган аёллар кўплаб келади. Уларнинг шикояти бўйича маҳаллаларга бориб, маҳалла раислари билан гаплашаман. Энди қаранг, мен кетганимдан кейин маҳалла раиси бизга шикоят қилган аёлнинг оиласига зуғум ўтказади. Ўз навбатида, ўша оилада яна зуғум айланиб келиб бизга шикоят қилган келинга қаратилади. Аҳвол янаям баттар бўлади.

Яқинда Қибрайда бир аёлни бир ойлик чақалоғи билан уйидагилар калтаклаб, кўчага ҳайдашибди. У аёл яшайдиган маҳаллага бориб: “Нимага сизлар бу каби масалаларни кўтармайсизлар?” десам, маҳалла раиси: “Квартира сотиб олиб, алоҳида чиқиб кетишсин, тинч яшайдилар” деган жавобни берди. Мана маҳалла раисининг жавоби. Шундан билса ҳам бўлади муносабатнинг қандайлигини, дейди Гавҳар Орипова.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари фикрича, ўзбек жамиятида аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, маҳаллаларда аёлга, онага нисбатан муносабатни ўзгартириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
XS
SM
MD
LG