Линклар

logo-print

Обама Афғонистонга яна аскар жўнатадиган бўлди


Афғонистондаги АҚШ генераллари¸ агар қўшимча куч юборилмаса¸ АҚШ нинг бу бу мамлакатда барқарорлик ўрнатиш уринишлари муваффақиятсизликка учрашидан огоҳлантирмоқдалар.

Афғонистондаги АҚШ генераллари¸ агар қўшимча куч юборилмаса¸ АҚШ нинг бу бу мамлакатда барқарорлик ўрнатиш уринишлари муваффақиятсизликка учрашидан огоҳлантирмоқдалар.

АҚШ матбуоти тарқатган хабарга кўра, президент Обама томонидан ошкор этилиши кутилаëтган янги стратегия Афғонистонга қўшимча 35 минг Америка аскари юборишни кўзда тутади.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга оид янги стратегияни ошкор қилишга тайёр эканини маълум қилди. Узоқ кутилган ушбу стратегияда Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сонини ошириш кўзда тутилган.

-Саккиз йил ўтгач - фикримча, шу муддат давомида ўз мақсадларимизга эришиш йўлида на стратегиямиз ва на манбааларимизни ишга сола олдик. Эндиликда у ердаги ишни тугатишга қарор қилдим, деди Оқ уй раҳбари.

Обаманинг 1 декабр куни телевидение орқали қиладиган чиқишида янги стратегияни ошкор қилиши кутилмоқда.

АҚШ армияси расмийлари эса келаси йил бошидан Афғонистонга қўшимча ҳарбий юбориш борасида кўрилаётган тарауддудни ниҳоясига етказмоқдалар.

Ҳарбийлар фикрича, феврал ойидан бошлаб Афғонистонга қўшимча 32 -35 минг аскар юборилиши мумкин¸ ҳамда янги стратегияда аскарларни Афғонистонга юбориш жараёнини¸ лозим топилса¸ сустлаштирилиш ёки мутлоқ тўхтатиш эҳтимоли ҳам инобатга олинган.

Янги стратегияда, шунингдек, НАТО ҳамкорлари Афғонистонга қўшимча 10 минг кишилик ҳарбий контингент юборишга чақирилган.

Хабарларга кўра, янги стратегия АҚШ қўшинларининг сонини орттириш билан бирга коррупцияга қарши кураш чораларини жадаллаштириш, сиёсий ислоҳотлар амалга ошириш, Афғонистон армияси салоҳиятини ошириш ва кўмак дастурларини кенгайтириш каби чораларни қамраб олган.

Айни пайтда Обама ва унинг ёрдамчилари АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш стратегиясини ошкор қилмадилар. Бироқ 25 ноябр куни Оқ уйда Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Синкҳ билан қўшма матбуот анжумани ўтказган Барак Обама АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши Афғонистон ҳукумат кучларининг мамлакат хавфсизлигини ўз зиммасига ола билиш имкониятларига боғлиқ эканини билдирди.

- Афғонистон халқи томонидан ўз хавфсизлигини ўзи таъминлаши кераклигининг тан олиниши жуда муҳимдир. Бу ишни бажариш учун Афғонистон хавфсизлик кучларининг керакли даражада ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ва қуроллангани каби жараённи биз муҳокама қиламиз. У ерда муваффақиятга эришиш учун фуқаровий ва дипломатик уринишларни ўз ичига олган кенг кўламли стратегияга эга бўлишимизни тан олиш ҳам жуда муҳимдир, деди Барак Обама.

Бир неча ой давомида Обама мухолиф республикачилар ва айрим демократлар танқидига учраб келди. АҚШда ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, мамлакат фуқароларининг ярмидан кўпи Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонининг оширилишига қарши чиқмоқдалар.

Бироқ Обама пухта ўйланмаган стратегияни шошма-шошарлик билан жорий этишдан кўра, янги стратегияни мукаммал ишлаб чиққан афзал эканини таъкидламоқда. Бундан ташқари Обама¸ агар америкаликлар Афғонистон ва Покистондаги экстремизмни мағлуб этиш лозимлигини тушунсалар, ҳукуматнинг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш қарорини қўллаб-қувватлашларига ишонишини маълум қилди.

-Ал-Қоида ва унинг экстремистик руҳдаги ҳамкорларини бу минтақаларда фаолиятини чеклаш бизнинг миллий хавфсизлик ва стратегик манфаатларимиздир. Биз уларни барча имкониятлардан мосуво қилиб, бу тармоқларни йўқ қилиш ниятидамиз. Афғонистон барқарорлиги ушбу жараён учун муҳимдир, деди Барак Обама.
XS
SM
MD
LG