Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги баъзи олий ўқув юртларининг магистратура бўлимида таҳсил олаётган талабалар ўзларига қўйилган янги талабдан сўнг шундай савол билан олий ўқув юрти раҳбариятига юзланмоқда.

www.uznews.net ахборот нашрининг бу ҳақдаги хабарига кўра, деканатлар магистрант талабалардан стипендия олиш учун иш жойидан маълумотнома олиб келишни сўрамоқда.

www.uznews.net ахборот нашри, мисол тариқасида, Ўзбекистон миллий университетида таҳсил олаётган ва исми сир қолдирилган талабаларнинг фикр-мулоҳазаларини келтирган.

Хабарга кўра, университетнинг кундузги бўлимида таҳсил олaётган кўпчилик талабалар ҳанузгача охирги ой стипендиясини ололмаган ва стипендия сўраб борган магистрантлардан иш жойидан маълумотнома талаб қилинмоқда.

Шунингдек ушбу нашр хабарига кўра, Олий таълим вазирлиги жорий қилаётган янги тартибга биноан магистратура талабалари ноябр ойидан бошлаб, доимий иш жойи топиши лозим ва шундан кейингина уларга ойлик стипендиялар берилади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги мутасаддиси бу ҳақдаги мурожаатимизга жавобан бундай тартиб жорий қилинганини инкор қилди ва агар шундай талаб қўйилаётган бўлса ҳам, у университетлар маъмуриятининг ташаббуси бўлиши мумкин, дея изоҳ берди.

Вазирлик мутасаддисига кўра, университет маъмуриятларининг бунга хаққи бор, боиси, магистрантларга ишлашга рухсат берилган.

Бу борадаги саволларимизга жавоб берган Ўзбекистон миллий университети ходими ҳам магистратура бўлимида ўқиётган талабаларга ишлашга рухсат берилганини таъкидлади.

Университет маъмурияти буни талабаларнинг таълим ва амалиётни бирга олиб бориши зарурлиги билан изоҳламоқда. Аммо, стипендия олмоқчи бўлган магистрант талабадан ишлаши ҳақида маълумотнома сўралаётганига оид хабарни Олий таълим вазирлиги ва биз суҳбатда бўлганимиз университет маъмурияти вакили тасдиқламади, аммо, айни пайтда инкор ҳам қилмади.

Биз эса бунга ойдинлик киритиш ва бугунги магистрантнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида Ўзбекистон миллий университети факультетларидан бирининг Магистратура бўлими, иккинчи курсида таҳсил олаётган талабанинг ўзи билан суҳбатлашдик.

У билан телефон орқали боғланган чоғимизда талаба айнан стипендия учун навбатда турган экан. Ундан ҳозирча маълумотнома сўралмаган. Аммо, бу албатта, талаб қилинадиган қоғозлардан бири, дея гап бошлади магистрант Жасурбек.

Жасурбек: Маълумотнома олиб келишга келадиган бўлсак¸ бу нарсани магистратурани тугатганлардан тугатиш арафасида сўраш нимаси бор. Зашитага киришдан олдин ишга кирганлиги ҳақида справка олиб келиши керак. Справкада қанча ойлик олиши кўрсатилган бўлиши шарт. Бу олий ўқув юрти магистратурани битирганларни иш билан таъминлади¸ деган нимага асос ҳисобланади.

Озодлик: Демак¸ бунақа маълумот университет томонидан магистрантдан сўралади.

Жасурбек: Бунақа маълумотнома сўралади¸ лекин бу стипендия бериш жараëнида эмас. Бу магистр ўқишни тугатаëтган пайтида сўралади.

Озодлик: Ҳозир магистрларнинг кўпчилиги ишласа керак-а?

Жасурбек: Менинг билишимча¸ кўпчилиги ишлайди. Ишлашга рухсат берган¸ лекин қонун бўйича магистрантлар тўлиқ ставкада ишлаши мумкин эмас. 0.75¸ 0.50 ставкада ишлаши мумкин. Ўзининг соҳаси бўйича дарс бериши мумкин мактабда¸ коллежда. Бошқа соҳада ишлаши мумкин. Лекин айнан тўлиқ ставкада эмас.

Озодлик: Мана сиз ҳам магистрантсиз. Ишлайсизми сиз?

Жасурбек: Мен ишлайман. Магистрантлар тўлиқ ставкада ишлаши мумкин эмас¸ лекин мен тўлиқ ставкада ишлайман. 0.75 ишлашим мумкину¸ лекин ўзингиз биласиз¸ вилоятдан келиб ўқиб юрганлар айнан иқтисодий томондан кўмакка муҳтож бўлади ва мен ишхонам билан олдиндан шунақа келишиб ишга кирганман.

Озодлик: Демак¸ сиз ишхона билан келишгансиз.

Жасурбек: Ҳа¸ менга шароит яратиб беришган.

Озодлик: Иш билан ўқиш қандай бўлаяпти? Ўзи магистратурада ўқиш оғирроқ. Ҳам илмий иш қилишинглар керак. Қанча стипендия оласиз¸ стипендия етарли бўлганда¸ сиз ишлаган бўлармидингиз?

Жасурбек: Бизларда стипендия баҳога боғлиқ. Мен бешлик стипендия оламан. Ҳозирги кунда 112 минг бўлса керак. Тўғрисини айтсам¸ тўлиқ ўзимизни таъминлашимиз учун етмайди. Шунинг учун ҳамма магистр ишлашга мажбур. Ҳаммаси ўзининг соҳасида иш топа олмайди. Кўпчилиги айнан мактабларда¸ коллежларда дарс бераяпти ҳозир.

Озодлик: Ўзингизнинг ўқишингиздан кўнглингиз тўладими? Мана тўлиқ ставкада ишлаëтган экансиз¸ ҳам ўқиëтган экансиз. Ўзингизнинг кўнглингиз тўлаяптими? Кўнгилдагидай ўқиш учун магистр ишлаши керакми ëки йўқми?

Жасурбек: Тўғрисини айтсам¸ бизларнинг шароитда ҳам ишлаб¸ ҳам ўқиса бўлади. Чунки нагрузка кам. Домлаларнинг ҳаммаси ўзининг соҳасининг етук мутахассиси. Келаяптими келмаяптими текшириш¸ практикаси бўлади¸ ўтмайди ҳисоби. Дарсликлар масаласи. Айнан у тарафдан суст. Фанлар академиясининг кутубхонасига аъзо бўлиш учун бордим. Университетдан хат тайëрлатиб¸ деканнинг имзоси¸ печати билан олиб бориш керак экан. Айнан Тошкент пропискаси бўлмаган одамлар аъзо бўлиши мумкин эмас экан. Таълим тизимида оғриқли нуқта кутубхона масаласи.

Озодлик: Магистратуранинг контракти қанча?

Жасурбек: Ҳозир бизларники ошгани билан 1 миллион 750 минг бўлди.

Озодлик: Сиз буни қандай тўладингиз?

Жасурбек: Ота-онам тўлайдида.

Озодлик: Бошқа курсдошларингизда қанақа?

- Ҳаммаси шунақа. Ҳозир олий таълим тизимида моддий таъминланган ота-оналарнинг фарзандлари ўқийдиган бўлиб қолди. Оддий оилаларнинг болалари¸ камбағал оилаларнинг болалари бундан кейин ўқий олмаса керак¸ дейди бугунги магистрлар аҳволи ва таълими ҳақида сўзлаб берган Ўзбекистон миллий университети магистранти Жасурбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG