Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

“Бакиев Каримовдан ўрнак олди”


Кузатувчилар¸кун сайин Бакиевнинг "каримовлашиб" бораëтганидан гапирмоқдалар.
Кузатувчилар¸кун сайин Бакиевнинг "каримовлашиб" бораëтганидан гапирмоқдалар.

25 ноябр куни Бишкекда Марказий Осиёда террорчиликка қарши кураш мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Йиғинда Афғонистондаги вазият ва унинг минтақага таъсири муҳокама қилинди.

Бишкекда бўлиб ўтган халқаро анжуман иштирокчилари Афғонистоннинг минтақа мамлакатлари билан чегарадош бўлган ҳудудларида вазият тобора мураккаблашиб бораётганидан ташвиш билдирдилар.

Мутахассисларга кўра, бундай вазиятда Марказий Осиёдаги террорчи гуруҳлари фаоллашуви мумкин.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти масъули Михаил Меликовнинг айтишича, Афғонистонда ҳукуматга қарши гуруҳлар террорчилар ва айирмачилар билан тиғиз алоқада фаолият юритмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Ҳизбут-Таҳрир партиялари ҳам бор.

- Бу гуруҳларнинг эмиссарлари савдогар ёки даъватчи қиёфасида чегараларимиздан ўтмоқда. Кўпчилик ҳолатларда уларнинг фаолияти туфайли минтақа мамлакатларида наркотик ноқонуний савдосининг янги марказлари ва янги экстремистик гуруҳлар пайдо бўлмоқда, деди Михаил Меликов.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти масъули минтақада Афғонистондан олиб ўтилаётган наркотиклар савдоси марказларининг пайдо бўлаётгани террорчи ва айирмачи гуруҳларнинг молиявий таъминоти яхшиланишига сабаб бўлаётганига алоҳида эътибор қаратди.

- Афғон наркотрафиги таҳдидига халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳо берилмай келинаётир, деди Михаил Меликов.

Анжуманнинг айрим иштирокчилари эса минтақада террорчи ва айирмачи гуруҳлар фаоллашувини Марказий Осиёда демократик давлат тамойилларига амал қилинмаётгани билан боғладилар.

Экспертларга кўра, минтақа давлатларида сиёсий таъқиблар мавжудлиги, инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ва сўз эркинлигининг бўғилаётгани айрим табақаларнинг радикаллашувига сабаб бўлаяпти.

Бироқ Қирғизистон Давлат ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбаев экспертларнинг бундай фикрларига қатъий эътироз билдиради:

- Мен бу фикрни тўғри, деб билмайман. Минтақадаги террорчилик ва экстремизм ташқи омиллар оқибатида пайдо бўлган ҳодисадир. Бу ҳолатларнинг пайдо бўлишига минтақа давлатларидаги сиёсатнинг таъсири йўқ, деди Қодирбек Сарбаев.

Бишкек анжуманида минтақа давлатлари ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг террорчиликка қарши кураш баҳонасида диндорларни таъқиб қилаётгани ҳам танқид қилинди.

Масалан, Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан демократик бўлган Қирғизистонда ҳам сўнгги пайтларда диний мотивлар билан айбланганлар кўпаймоқда ва бугунги кунда ўнлаб диндорлар таъқиблардан қочиб, хорижий давлатлардан бошпана изламоқдалар.

Айни пайтда Қирғизистондаги таъқиблардан қочиб, чет давлатлардан бирида бошпана топган Абдуллоҳ исмли диндор ҳам бу фикрларга қўшилади.

- Мен очиқ айтаман, бугунги кунда президент Бакиев Қирғизистон мусулмонларига очиқдан-очиқ жиҳод эълон қилди. У Ислом Каримовдан ўрнак олди. Шунинг учун ҳам мен Англиядан бошпана сўрашга мажбур бўлдим. Жума куни БМТ Қочқинлар идораси менинг аризамни кўриб чиқади. Ҳозир Қирғизистондан қочаётган диндорлар кўп, дейди Абдуллоҳ.

Унинг айтишича, ўтган йил октябрида Ўш вилоятининг Новқат туманида бўлган тартибсизликлардан сўнг диндорларга нисбатан таъқиблар кучайган ва оддий намозхонлар ҳам террорчи, экстремист сифатида қамоққа олинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 октябрида новқатлик диндорлар Ҳайит байрамининг тантанали ўтказилишига рухсат беришни талаб қилиб намойишга чиққан ҳамда бу намойиш милиция билан тўқнашувларга айланиб кетган эди.

Бироқ Қирғизистон расмийлари минтақанинг бошқа давлатлари ҳукуматлари каби мамлакатда диндорларга нисбатан таъқиблар мавжудлигини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG