Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Болалар далада соғлиғидан айрилмоқда


Болаларни бир томондан¸ давлат идоралари¸ иккинчи томондан эса¸ қашшоқлик мажбурий меҳнат¸ биринчи галда пахта даласига ҳайдамоқда.
Болаларни бир томондан¸ давлат идоралари¸ иккинчи томондан эса¸ қашшоқлик мажбурий меҳнат¸ биринчи галда пахта даласига ҳайдамоқда.

Халқаро миграция ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, 15 ёшгача бўлган тожикистонлик болаларнинг 70 фоизи мажбурий дала ишларига жалб этилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти болаларни эксплуатация қилишнинг олдини олиш дастури масъули Питер Ҳуст Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири билан суҳбатда мамлакатда ҳар йили тахминан 400 минг тожикистонлик пахта йиғим-теримига жалб этилаётгани, уларнинг 40 фоизини ўсмирлар ташкил қилишини билдирди.

Халқаро ташкилот расмийси Тожикистонда Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ болаларни давлат миқёсида меҳнатга жалб этиш кузатилмаса-да, улар ўз яқинларининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилаётгани, бу эса, ўз навбатида, халқаро ташкилотлар хавотирига сабаб бўлаётганини таъкидлайди. Питер Ҳустга кўра, ҳашаротларга қарши кимёвий моддалар сепилган майдонда, зах ерда соатлаб ишлаш болалар саломатлигига салбий таъсир ўтказмай қолмайди.

- Болалар эксплуатация қилинишининг олдини олиш борасида гапирар эканмиз, биз энг аввало 14 ёшгача бўлган болаларни назарда тутамиз. Қонун бўйича уларни меҳнатга жалб этиш тақиқланади. Шу билан бирга, 15 ва 17 ёшдаги болалар ҳам назарга олинадики, уларнинг меҳнат қилиши учун иш берувчи етарли шароит яратиб бериши лозим. Масалан, дам олиш учун етарли вақт, меҳнатига яраша иш ҳақи бериш ва улар хавфсизлигига оид масалалар шулар жумласидандир. Айни пайтда биз Тожикистон ҳукумати билан қишлоқ хўжалиги соҳасида болалар меҳнатига доир мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз, дейди халқаро ташкилот расмийси.

Питер Ҳустнинг билдиришича, Тожикистоннинг Сўғд, Хатлон вилоятларида болаларнинг каттагина қисми қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилган, Бадахшон вилоятида эса 65 фоиздан ортиқроқ бола иш ҳақи тўланмасдан ишлатилаётган экан.

Мустақил кузатувчилар Тожикистонда мавжуд иқтисодий-ижтимоий муаммолар ва қашшоқлик ортидан оила бошлиқларининг хориж мамлакатларга чиқиб кетаётгани мамлакатда болалар меҳнати суиистеъмол қилинишига асосий омил бўлаётганини таъкидлашади.

Сўғд вилоятининг Панжакент туманига қарашли Шўрча қишлоғида истиқомат қилувчи 12 ёшли Обиданинг отаси ҳам кўп қатори Россияга иш ахтариб кетгани сабабли экин экиш, ҳосил йиғиш ва бошқа юмушлар у ва онаси зиммасига юклатилган экан.

- Қўш ҳайдаб, ер ҳайдаймиз, картошка экамиз. Буғдойларни ўриб, хирмонга олиб келиш ҳаммаси бизнинг зиммамизда. Яна кузги буғдой экамиз, боғимиздаги дарахтлар тагини юмшатамиз, дейди Обида.

Суҳбатдошимизнинг онаси Шарофат қишлоқда ўз экин ерига эга бўлмаган кишилар бола-чақаси билан катта ер эгаларининг экин майдонларида ишлашини айтади. Аёлга кўра, эртаю-кеч “бойлар” ерида меҳнат қилган қашшоқ оилалар меҳнати эвазига баъзида бир-икки қоп буғдой олиш билан кифояланадилар. Шарофатнинг айтишича, кўпинча бу оилалар касал бўлиб қолган болаларини даволаш учун зарур маблағ ҳам тополмай қоладилар.

- Қишлоқ болаларининг куни меҳнат билан ўтаяпти. Бечоралар катта одамлардек рўзғор ташвиши бошига тушиб қолган. Қорни тўйиб нон емайди. Ўз вақтида мактабга боролмайди. Кўп болалар бўйи ўсмай, касалванд бўлиб қолган. Биз ёшлигимизда арава тортиш, кўчада исириқ тутатиш, қўш ҳайдаш деган нарсани билмаганмиз. Бу бечоралар пул топиш, оила боқиш учун шу оғир ишларнинг ҳаммасини қилади, дейди Рудакий туманида яшовчи Олмахон.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар тожик жамиятида болалар эксплуатация қилинишига ҳали-ҳозир чек қўйиб бўлмаслигини, зеро меҳнатга жалб этилаётган бу болалар аксариятининг оиласи қашшоқликда кун кечиришини таъкидлашади. Шу нуқтаи назардан, кузатувчиларга кўра, оилани боқиш учун улар меҳнат қилишга мажбурлар.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунё бўйлаб 15 ёшгача бўлган тахминан тақрибан 200 миллион бола кам ҳақ тўланадиган ишларда ишлайди.
XS
SM
MD
LG