Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:53

Эркин микрофон - "Отахонга инсоф берсин!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Қурбон ҳайити арафасида Озодликка сим қоққанлар¸ асосан ўз диндошларини муқаддас айëм билан қутладилар. Айни пайтда¸ ҳайит арафасида ўзбекистонликлар дуч келаëтган қийинчиликларга ҳам тўхтадилар.

Яшасин қора қумғон билан сандал!

Фарғонадан сим қоққан илк суҳбатдошимиз ўзи яшаётган туманда одамлар газ тақчилигидан азият чекаётгани, Қурбон ҳайити кунлари қишлоғида рўйхатдан ўтмаган масжидлар ёпиб қўйилгани, байрам намозини адо этиш учун бу йил олис қўшни қишлоқдаги масжидга боришга тўғри келаётганини гапиради.

- 2009 йил Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинди. Лекин қишлоқда ўзгариш йўқда. Шу кунларда газ¸ свет умуман йўқ. Газ ëзда ҳам бўлгани йўқ. Ҳеч бўлмаса мана шу йили газ билан светни ëқиб беришсин. Кеча Машъалдан ахборотни эшитдим. Намаганнинг Чортоқ туманида 12 та маҳаллага қувур тортилиб¸ газ берилибди. Бизнинг маҳаллага тортилганига 10 йил бўлибди. Яхшиямки¸ ота-бобомиздан қолган қора қумғон билан сандал бор экан. Қора қумғонда чой қайнатиб¸ чўғини сандалга босиб ўтирибмизда. Мана эртага Ҳайит намози ўқилади. Андижондаги воқеадан кейин ҳамма масжидларни печатлаб қўйган. Мен ҳозир 15 чақирим нариëққа бориб¸ документи бор масжидда намоз ўқишим керак.

Озодлик: Нимага ëпилган?

- Андижондаги охирги воқеалар учун. Портлаш бўлдию. 70 га кирга чоллар 15 чақирим нариëққа бора олмайдида. Документи йўқ масжидлар борку маҳаллаларда. Ўшаларни ëпиб ташлаган. Олдин документи бўлмаса ҳам ўқилаверган.

Озодлик: Яъни масжидлар рўйхатдан ўтмаган.

- Шундай. Эртага намозга кимдир боради¸ кимдир бормайдида. Ҳеч бўлмаса мана шунақа кунлари очиб берсин¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.


"Отахон" чегараларни ëпиб қўйди


Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан эканини айтган Муҳсинжон ака бу йил Қурбон ҳайити кунлари чегаралар ёпилгани боис Ўзбекистондаги яқинларини зиёрат эта олмаётганидан зорланади.

Муҳсинжон ака: Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан телефон қилаяпмиз. Исмим Муҳсинжон. Улуғ айëм билан Озодлик радиосида ишлайдиганларни¸ тингловчиларни¸ мухлисларни табриклайман. Ўзбекистонда яшайдиган қариндошларимиз¸ ўртоқларимиз бор. Шуларни ҳам табриклаймиз. Чегара денг сал нима бўлиб қолди¸ бора олмаяпмиз. Арзи додимизни кимга айтишни билмаяпмиз. Бора олмаяпмизда Ўзбекистонга.

Озодлик: Қанақа муаммо бор?

Муҳсинжон ака: Шу денг чегарани тўсиб қўйганига бир-икки ой бўлибди. Биз ҳам Россияда эдик. Энди униси ўлган¸ буниси ўлган. Жанозага¸ фотиҳага бора олмадик. Айëмларда¸ айëм арафаларида ҳар йили бориб келардик. Бу йил мана улар ҳам келолмаяпти¸ биз ҳам бора олмаяпмиз. Сўғд вилояти Ашт райони Наманган вилояти биалн чегарада. Ўтганлар ўша ерда қолиб кетибди. Қизларини Қўқонга узатган. Кўришишга бориб¸ ўша ерда қолиб кетибди. Улар келолмаяпти¸ биз ўта олмаяпмиз. Қариндошчилик¸ уруғчилик ўша ерда қолиб кетган.

Озодлик: Ҳозир нимага чегарадан ўтказишмаяпти?

- Икки ойдан бери тўсиб ташлаган дейди. Билмадик энди. Ўтган йил сал яхши эди. Бир-икки кунга меҳмондорчиликка борардик. Қайсидир куни аëллар ўтамиз деб борса¸ қайтариб юборибди. “Қачон очилади?” деса¸ “Отахон рухсат берса¸ очамиз¸ ўтказамиз” дейишипти. Биз ўзимизнинг раҳбариятга чиқсак¸ “Қаерга борсаларингиз рухсат. Ўзбекистон ҳукумати қўйиб юбормаяпти” дейди. Энди отахон ўша президент Каримов бўлса керак дейманда. Уларга айтадиган гапим¸ 70 дан ўтган бўлсалар керак¸ уларга ҳам инсоф берсин. Эл қатори у киши ҳам қариб қолди. Ҳамма нарсани узиб ташласа ҳам борди-келди узилмасин. Ҳаммамиз бир халқ эдик. Союз вақтида бемалол бориб келардик. Бир-икки йилдан бери бемалол келиб кетарди улар. Биз ҳам борардик. Бизники сал проблема эдию¸ лекин борардик. Уларга ҳам инсоф берсину¸ қариндошчиликни узмасинлар. Ҳамма нарсани узиб бўлдилар. Қариндошчиликни узмасинлар, деб илтимос қилмоқчиман отахондан¸ дейди сўғдлик Муҳсинжон ака.

Москвада мардикорлик қилаётган навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Қурбон ҳайитини оиласидан йироқда нишонламоқда.

- Мен Озодлик радиосининг мухлисиманда.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Шу ишлаймизда. Ғишт терамиз. Ҳайитда тилакларимиз аввало Ўзбекистонимиз тинч бўлсин. Юртимиз¸ юртимизда яшайдиган бутун мусулмонлар тинч бўлсин. Ишларига омад. Худодан илтижо қиламиз Ўзбекистонимиз яхши бўлиб кетсин. Билмадим энди қачон яхши бўлиб кетади¸ қачон борамиз. Мусофирчиликда ишлаб юргандан кўра¸ ўзимизда ишлаб бола-чақа боққанимиз яхшида¸ дейди тирикчилик илинжида Россияда меҳнат қилаëтган ўзбек муҳожири.


Яна пластик истибдоди...

Навбатдаги суҳбатдошимиз Навоий шаҳридан.

- Менинг исмим Бахтиëр. Навоий шаҳридан телефон қилаяпман. Мен беш йилдан буëн касаллик билан қийналаман. Ўзим аслида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Ойликларимиз 100 фоиз пластикка ўтиб кетган. Касаллик бўйича врачлардан маслаҳат олмоқчи бўлсак¸ 8000 сўм белгиланган нархда оламиз¸дейди. Улар пластикни қабул қилмайди. Натижада бизнинг касалликларимиз сурункали касалликка айланиб кетаяптида. Чунки пулимиз йўқда. Пулимиз бўлмагандан кейин қаерга борамиз? 100 фоиз пластикка ўтгандан кейин ҳаттоки шаҳарга бориб келишга пул топа олмаймиз. Ўзи ойлигимиз 170-180 минг. Кўпи билан 200 минг сўм. Бу билан бола-чақа боқиш керакми¸ тирикчилик қилиш керакми. Кийим-бош дегандай. Энг асосийси саломатлигими учун тиббий хизмат пулли эканлиги¸ ойликнинг 100 фоиз пластикка ўтганлиги бизни ниҳоятда қийин вазиятга олиб келаяптида. Кўп вақтдан бери биз Ўзбекистонда ўзгариш бўлармикан¸ деб умид билан яшаямиз. Кундан кунга ëмонлашиб кетаяптида. Тўғри президентимиз ҳам сиëсат олиб бораяпти. Бу ерга келиб шунинг ижроси бўлмаяптида. Пластикка белгиланган битта-иккита магазин бор. 100 фоиз терминал йўқда. 20 фоиз теминал бор. Ҳам ижтимоий-иқтисодий¸ ҳам тиббий жиҳатдан фойдалана олмаяпмиз. Саломатлигимиз талаб даражасида эмаску. Даволанайлик десак¸ ойлигимиз пластикда¸ пластикдан докторлар олмайди. Аптекалар ҳам деярли олмайдида. Битта-иккитаси олади. Керакли дори бўлган аптекага борсангиз¸ у “Пластик қабул қилмайман” дейди. Шунинг учун мен хафа бўлиб кетаяпманда. Яхши бўлиб кетармикан деб умид қилиб яшаяпмиз¸ дейди навойлик Бахтиëр ака.


"Маҳмуд акага айтар гапим бор...."

Ангрен шаҳридан сим қоққан суҳбатдошимиз "Мусулмончиликда хотинни ҳафтасига уриб туриш керак" деб тарғибот қилган Маҳмуд аканинг фикрига эътироз билдиради.

- Мен Тошкент вилояти Ангрен шаҳриданман. Кеча эшиттиришларингизда сариоғочлик аканинг ва Аҳад аканинг гапларини эшитдик. Сариоғочлик аканинг аëлни ҳафтасида бир марта уриб туриш керак деган гапларига муносабат билдирмоқчиман. Ўзим нафақахўрман. Невараларим бор. Мен сариоғочлик аканинг фикрларига умуман қўшилмайман. У киши “Аëл кишини ҳар ҳафта уриб туриш керак деб Исломда ëзилган” деди. Йўқ. Агар ўша аками¸ уками мени эшитаëтган бўлса¸ ўзларининг қизи бўлса¸ турмушга чиқса ва куëви ҳар ҳафта қизларини сабабсиз уриб¸ тан жароҳати етказиб хафа қилса¸ қандай бўлар экан? Яна бир эшиттиришларингизда ана шу мавзуга яна қайтсангизлар. Мен қўшилмайман бу нарсага. Хотин-қизларни уришнинг умуман кераги йўқ. Агар улар ëмонлик қиламан деса¸ ҳеч қандай йўл билан қайтариб бўлмайди. Фақат яхши сўз билан¸ тарбия билан қайтариш мумкин. Шуни айтмоқчи эдим¸ дейди Ангрендан сим қоққан бу суҳбатдош.


Озодликнинг кекса мухлиси...

"Эркин микрофон" эшиттиришида қатнашиш истагини билдиган 81 яшар ўзбекистонлик момо "менинг ҳам Озодликка айтадиган гапларим бор", деб қолди.

- Мен сизларнинг гапларингизни жуда яхши кўраманда. Кўп қулоқ соламан¸ эшитаман. Мен сизларга жуда ҳам ишонаман. Сизлар демократик тўғри сўзларни айтганликларингиз учун сизлардан жуда ҳам хурсандман. Менинг саломимни сиз билан бирга ишлаëтганларга етказиб қўйинг. Менинг невараларим¸ болаларим тинч¸ соғ-саломат яшасин дейман. Сизларга катта раҳмат. Менинг айтган саломимни етказинглар. Муҳаммад Солиҳни жуда яхши кўраман. Шу кишига менинг саломимни етказинг. Кўришгунча хайр. Раҳмат сизларга. Соғ бўлинглар¸ дейди 81 яшар момо.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG