Линклар

НАТО Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Оқтош туманидаги ҳарбий қисмда 18 йилдан буён сақланиб, атроф-муҳит учун жиддий хавф солиб келаётган ўта заҳарли моддани зарарсизлантиришга киришди.

Тошкентда 25 ноябрда ўтказилган семинар ана шу мавзуга бағишланди. НАТОнинг “Илм, тинчлик ва хавфсизлик учун” программаси директори Крис Де Виспеларнинг Озодлик радиосига айтишича, собиқ иттифоқ давридан буён қолиб келаётган “Меланж” типидаги ракета ёнилғиси учун ишлатиладиган ўта заҳарли оксидловчи моддани зарарсизлантириш лойиҳаси учун бир миллион 200 минг евро миқдорида пул ажратилган. Ўзбек томони эса лойиҳани химикатлар билан таъминлайди ва лозим бўлган инфраструктурани барпо этади.

- Бу лойиҳадан кўзланган мақсад аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга таҳдид солаётган ушбу моддани зарарсизлантиришдир. 1100 тонна ўта заҳарли оксидловчи модда ҳар бири 100 тонналик бўлган жуда эски цистерналарда сақланмоқда. Бизнинг вазифамиз келаси беш ой давомида ушбу моддаларни атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, ўғит сифатида ишлатилиши мумкин бўлган моддага айлантиришдан иборат, деди НАТО вакили Крис Де Виспелар.

Эколог олим, академик Бекжон Тошмуҳаммедовнинг айтишича, НАТОнинг бу тадбирини олқишлаш керак. Лекин Ўзбекистоннинг экологиясига ва аҳоли саломатлигига қўшни давлатлардаги радиоактив чиқиндилар қабристонлари кўпроқ хавф солиб турибди.

- Ўзбекистон ҳудудида уран рудалари қазиб олинадиган жойлар илгари ҳам бор эди ва ҳозир ҳам улардан самарали фойдаланилмоқда. Лекин Ўзбекистонга денгиз сатҳи бўйича биздан юқорида жойлашган уран қабристонлари кўпроқ хавф солмоқда. Масалан¸ Қирғизистондаги Мойлисув радиоактив моддалар қабристонига 50 йил бўлди. Ёмғир ва селлар туфайли ундаги радиоактив моддалар пастга, Мойлисув дарёсига оқиб тушмоқда ва бу бутун Фарғона водийсига хавф солиб турибди, дейди Бекжон Тошмуҳаммедов.

Академик фикрича, шимолий Тожикистоннинг Табошар посёлкасидаги уран моддалари қабристонлари ҳам Ўзбекистон учун жуда хавфли.

- Бу уран қабристонлари Сирдарёдан тепада бўлганлиги учун ҳам хавфли. Радиоактив моддаларнинг ҳозир ерости сувларига қўшилиб аста-секин пастга, Сирдарёга қараб силжиётгани кузатилмоқда, дейди Бекжон Тошмуҳаммедов.

Академик сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида уран рудаси қазиб олинади ва қайта ишланади. Лекин у атроф- муҳитга хавф солмайди.

- Чунки бу одамлардан ҳоли, овлоқ жой. Ёғингарчилик ҳам жуда кам бўлади. Шунинг учун ҳам у ердаги радиоактив моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалиши эҳтимоли жуда кам. Фақат уран рудасини қайта ишлашга сарфланган сувнинг ташқарига чиқиб кетмаслигига йўл қўйилмаса бўлди, дейди академик Бекжон Тошмуҳаммедов.

Орол денгизининг Ўзбекистон қисмидаги Возрождение ороли ҳам, экологлар назарида, ҳозиргача хавфли ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда.

Возрождение ороли собиқ иттифоқ даврида биологик қуроллар синаладиган полигон бўлган. Бу ердаги катта лаборатория мажмуи 1972 йилгача фаолият кўрсатган. 1988 йилда бу оролга Россиядан Сибир куйдиргиси қўзғатувчиларидан бир неча тоннаси келтириб кўмилган.

Ушбу полигонни демилитаризация қилиш, уни зарарсизлантириш мақсадида АҚШ Давлат департаменти 4 миллион доллар маблағ ажратган эди. АҚШнинг халқаро тендерда ғолиб чиққан “Рейзион текникал сервисез” компанияси 2002 йил апрел ойидан мазкур лойиҳани амалга оширишга киришди. Лойиҳага Ўзбекистоннинг бир неча манфаатдор вазирлик ва идоралари ҳам жалб этилди.

Хабарларга қараганда, Сибир куйдиргиси қўзғатувчилари жойланмиш 11 та контейнерни топган америкалик мутахассислар уларни очиб, ичидаги моддаларни текшириб кўрган. Сўнг эса хлор билан аралаштирилиб, қайтадан контейнерларга жойлаб кўмилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида тузилган шартноманинг Сибир куйдиргиси жойланган контейнерларни оролдан олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги банди бажарилмаган.

Биология фанлари доктори, профессор Олег Митрополский 2004 йилда Озодлик радиосига берган интервьюсида бу ҳақда шундай деган эди.

- Энг асосийси, бу лойиҳага жуда катта маблағ сарфланди, лекин, назаримда, бундан самара бўлмади, бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен ўз вақтида бу кўмилмаларнинг усти Чернобилдаги сингари бетонлаб ташланиши лозимлиги ҳақида гапирган эдим. Чунки Сибир куйдиргисини йўқ қиладиган восита ҳозирча йўқ, деган эди профессор Олег Митрополский.
XS
SM
MD
LG