Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:43

Бир саволга 5 жавоб - Ўзбек аëли зўравонликка нега чидайди?


Мустақил таҳлилчи ва тадқиқотчилар¸ Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг кучайиб бораëтганини айтмоқдалар. Хорижда аëл фазога учаëтган 21-асрда ўзбек аëлини момолари каби зўравонликка қисмат экан¸ деб чидаб келаëтгани ортидаги сабаблар нима?

- Мана, яқинда Гулистонда бир эркак хотинини калтаклабди. Уриб, буйрагини ишдан чиқарибди. Шунчалик ёмон дўппослаганки, ҳозир бечора аёл майиб бўлиб ётибди. Беш боласи бор, энг кичиги уч яшар экан. Энди болаларга ким қарайди? Аёл ногирон бўлиб қолган. Бу каби воқеалар жуда кўп бўлиб туради.

Бу - Тошкентдаги "Озод аëл" ноҳукумат ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова айтган сўзлар. Гавҳар опа бу хавотирни ўтган ҳафтанинг чоршанбасида¸ 25 ноябр куни дунë бўйлаб нишонланган Аëлларга қарши зўравонликни тўхтатиш куни муносабати билан тилга олди.

- Мусулмончиликда борку¸ хотинни ҳафтасига бир марта уриб туриш керак экан. Ота-боболаримиз ҳафтасига бир-икки марта уриб тургану. Мусулмончиликда бор нарсаю бу.

Буниси энди¸ айни кун муносабати билан Озодликка фикр билдирган ўзбек эркакларидан¸ аниқроғи "зўравон"лардан бири Аҳмад ака.

Бугун Ўзбекистондаги минглаган (аниқ сонини биров билмайди) аëлларнинг емиши ҳам¸ киймиши ҳам ҳақорат¸ калтак ва зўравонлик бўлиб қолмоқда. Ўзини мусулмон дегувчи минглаб эркаклар¸ жумладан Озодлик мухбирига ҳам хотинини ҳафтасига уриб туришни тавсия қилган Аҳмад ака кабилар¸ бунда деярли муаммо кўрмаëтирлар. Бундан-да аянчлиси эса¸ бундай зўравонлик ичида яшаëтган минглаб аëллар ҳам ë буни муаммо деб билмаëтир¸ ëхуд ундан қутулиш чорасини тополмаëтир.

Хўш¸ бугун Ўзбекистондаги минглаб аëллар нега оиладаги хўрлик ва зўравонликка чидамоқдалар?



Марфуа Тўхтахўжаева¸
Ўзбекистондаги хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоячиси¸ аëллар муаммоларига бағишланган қатор тадқиқотлар муаллифи:

Марфуа Тўхтахўжаева
Менимча бу анъана. Чунки бизда ëш ҳам¸ қари ҳам “Аëл киши эркак кишидан бир поғона паст бўлиши керак” деб айтади. Шу туфайли аëл киши ҳамма томондан бир поғона паст бўлиб қолади. Паст бўлгиси келмаган ҳолда зўравонлик бўлади. Ҳозир шунақа нарсалар борки¸ гиëҳванд¸ ичкилик – шу орқали битта нарса баҳона бўлиб¸ хотинини калтаклайди. Бу ҳам анъана.

Бизнинг жамиятимизни мусулмон жамият дейиш жуда ҳам қийин. Аввало ичкилик борми¸ бу жамиятни мусулмон жамият¸ деб бўлмайди. Иккинчидан¸ бизнинг жамиятимиз патриархал жамият. Эркакнинг қандайдир устунлиги орқали зўравонлик деган нарса бор.

Шундай бўлсада¸ аëлнинг бу зўравонликдан қутулиш имкони бир ва бундайлар кўпаймоқда. Мана кўп аëллар қочиб кетишади. Мана ҳозир Туркияга самолëтда учсангиз¸ ярим самолëт аëллардан иборат. Ярмиси хонадонларда энага бўлиб¸ қарияларга қараб¸ хизматкор бўлиб ишлайди. Ярмиси секс бизнесда. Ўйлайманки¸ айрим аëллар бу имконни зўравон муҳитдан қутулиш йўлларидан бири деб биладилар.

Ўйлайманки¸ жамиятимиз қандайдир очиқроқ бўлса¸ ўшанда курашишнинг нормал имконияти ҳам туғилади. Ҳар доим “Бизда ҳамма нарса яхши. Бизларда ҳамма нарса ажойиб” десак¸ нима билан курашиш мумкин? У ҳолда ҳеч нарса билан курашилмайди. Бу ҳақда гапириш керак. Агар биз гапирмасак¸ ҳаммаси қандай бўлса¸ шундай қолади.


Доктор Ойдин Солиҳ¸ "Ҳақиқий тиббиëт" китоби муаллифи¸ ҳам инсон руҳияти¸ ҳам исломий тадқиқотлар билан шуғулланувчи олима:

Др.Ойдин Солиҳ
Мен бу ўринда оиладаги сабр ҳақида тўхталмоқчиман¸ зотан сабрларнинг энг гўзали¸ оиладаги сабрдир. Оила инсон яратилганиден бери мавжуд бўлиб келаëтган жамиятнинг энг мустаҳкам маърифий ҳужайрасидир. Бу дунëда ундан мустаҳкам¸ ундан муҳимроқ нарса йўқ. Агар эркак ва аëл бир бўлса¸ уларни дунëдаги бирор бир ëвузлик мағлуб қила олмайди. Аммо ëвузлик эркак ва аëл ўртасига кириши ҳамоно¸ нафақат уларнинг ўзи¸ балки болалалари¸ болаларининг болалари ва бутун келажак авлодлари ҳам заволга юз тутади. Шу боис Оллоҳ аëл қалбига сабрни кўпроқ солган ва айнан сабр аëлнинг энг гўзал фазилатидир. Ва бу ëруғ дунëда сабр қилган инсон¸ сабр қилган аëл Оллоҳ мукофотисиз қолган эмас. Аëл оиладаги камчиликларга¸ эрининг нуқсонларига сабр қиладиган бўлса¸ уни эри ҳам сева бошлайди¸ болалари ҳам қадрлай бошлайди ва оила мустаҳкамланади.

Бу гапларни айтар эканман¸ мен зўравонликни ҳаëт тарзига айлантирган руҳий касалларни назарда тутмаяпман. Бундайлар¸ афсуски¸ борган сари кўпаймоқда ва мен аëл зўравонликка ҳам сабр қилиши лозим¸ деган фикрдан йироқман. Аммо айни пайтда¸ бундай зўравон эркаклар нега кўпаймоқда¸ деган савол устида жиддий ўйлаб кўриш лозим. Инсон¸ хусусан эркак руҳиятида зўравонлик ва ëвузликка нисбатан мойилликни кучайтираëтган омиллардан бири бугун кундалик ҳаëтнинг ажралмас қисмига айланган хушбўй ҳид таратувчи атир-эликлардир. Асосини гормонлар ташкил этувчи бу моддалар нафас йўллари орқали тўғридан-тўғри мияга¸ унинг инсон баданидаги гормонлар ишлаб чиқарилиши учун маъсул қисми гипофизга таъсир қилади.¸ ҳатто ўқимишли¸ ақлли эркакда ҳам зўравонликка майл туғдиради. Агар рўзғор атир-эликлар¸ идиш-товоқ ювишда ишлатиладиган моддалар¸ сунъий хушбўй ҳидлар қўшилган озиқ-овқат маҳсулотларидан фориғ бўлса¸ оилада нисбатан тинчлик бўлади.

Оилада зўравонликка дуч келаëтган аëлларга ўта муҳим бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Бошларига бундай мусибат тушган тақдира улар Оллоҳга юзланар экан¸ "Оллоҳим мадад бер¸ бошимга буюк бир мусибат тушди"¸ демасинлар. Оллоҳга юзланар экан улар¸ мусибатнинг қанчалик буюклигига қарамай¸ "Оллоҳу Акбар" десинлар¸ яъни Оллоҳим сендан буюкроқ зот йўқ десинлар¸ шунда иншооллоҳ мусибатлари аримай қолмас.


Умида Ниëзова
¸ инсон ҳуқуқлари фаоли:

Умида Ниëзова
Менимча¸ ўзбек аëлларининг зўравонликка чидаб келаëтганининг сабаблари бу чорасизлик¸ ўзига ишонмаслик ва ҳуқуқ томондан ҳимоясизлик. Дейлик¸ жоҳил эридан қутилиб кетмоқчи бўлган аëлнинг борадиган жойи йўқ¸ биринчидан. Ота-онасининг уйи кўпинча ака-укаларига тегишли бўлади. Унинг яқинлари¸ қариндошлари кўпинча шу аëлнинг яна шу зўравон эрининг олдига қайтиб кетишини хоҳлашади ва шунга ҳаракат қилишади. Агар аëл ишламаëтган бўлса ëки ишласа ҳам жуда кам миқдорда ойлик оладиган бўлса¸ яна бир муаммо¸ бола-чақам билан бирга мени ким боқади¸ деган муаммо туғилади. Аëл шундан ҳам қўрқиб чидаб келади. Шу билан бирга давлат томонидан қўйилган тўсиқлар¸ дейлик аëл моддий тарафдан мустақил бўлса ҳам маҳаллаларда яраштириш комиссиялари бор. Бу комиссияларнинг асосий мақсади аëлни оила шаклида сақлаб қолиш. Буни жамият томонидан қанақадир диктат деса бўлади. Чунки улар жуда чиройли аргументлар гапириб келади. “Оила муқаддас” дейилади¸ оилада болалар бўлса “Бола ота меҳрини кўриши керак” дейилади. Шунақа қилиб аëл болаларини деб ўзини қурбон қилишга мажбур бўлади. Ҳуқуқ томонидан эркакларни жазолаш механизмлари ҳам ишлаб чиқилмаган.

Шундай қилиб аëлнинг битта ўзи зўравон эркак ва жамият томонидан диктатларга қарши чиқиши керак ва бунинг оқибатлари доим ҳам аëл учун яхшилик билан тугамайди. Мен бир типик мисол келтирмоқчи эдим. Тоштурмада уч ой кичкина ҳужрада бир аëл билан бирга ўтирдим. Бу аëл эри билан 20 йил бирга яшаб келган. Эри 20 йил давомида бу аëлга нисбатан жуда ëмон муносабатда бўлган¸ тинимсиз урган¸ таносил касаллари юқтирагн. Бу аëл болалари кичкина бўлганида бир неча марта милицияга мурожаат қилган. Милиция унинг эрини бир кун ушлаб турган ëки ундан ҳам камроқ ушлаб туриб қўйиб юборган. У эса уйига қайтиб келиб аëлни яна ҳам қаттиқроқ дўппослаган. Бу аëл 20 йил чидаб келган. Бу аëл моддий жиҳатдан мустақил аëл. Ўзи нотариус бўлиб ишлаган. У қандайдир одамларни топиб¸ ўзининг эрини урдирмоқчи бўлади ва улар ураëтганда эри ўлиб қолади. Охир-оқибатда бу аëлнинг умри барбод бўлади ва 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Албатта¸ оила муқаддас ва уни сақлаб қолиш керак¸ лекин аëлга зўравонлик ҳисобига эмас.


Муқимжон Маҳмуд¸ Ислом ва хотин-қизлар мавзуидаги чиқишлар муаллифи :

Бугунги кундаги ўзбек аёллари нима учун эрларининг ҳар қандай зўравонликларига сабр қилаверадилар?

Ўзбек аёллари эмас, айрим ўзбек аёллари дейилса, тўғрироқ бўлади, менимча. Бунинг сабаблари турлича:

· Қайсидир аёл эрдан ажрашишни ор санаб, ҳар қандай оғирликка бардош берар;
· Қайсидир аёл эрининг кейинроқ ўнгланиб кетишига умид боғлар;
· Қайсидир аёл зукколик билан эрининг ғазабланишига мутлақо бошқа нарса, масалан, ташқи муҳит сабаб бўлаётганини англар;
· Қайсидир аёл эрсизликдан кўра зўравон эр билан яшашни афзал билар;
· Қайсидир аёл атрофдан андоза олиб, ҳаёт ўзи шу, урф-одатимиз ўзи шу, деб билар;
· Қайсидир аёл эрининг фазилатларига маст бўлиб, унинг зўравонлигини кўра олмас;
· Қайсидир аёл ўзим сабабчиман, тилим сабабчи, деб айбни ўзидан ахтарар;
· Яна қайсидир аёлга айнан мана шу зўравонлик ёқар ва ҳоказо ва ҳоказо.

Лекин шу нарсани унутмаслик керакки, эрнинг зўравонлиги ҳам, шу зўравонликка нисбатан аёлнинг сукути ҳам асло Ислом билан боғлиқ иш эмас. Аёл сукутининг қаерларидир қайсидир даражада билвосита боғланиши мумкин. Масалан, Ислом сабр-бардошли бўлишга чақиради. Аммо эрнинг зўравонлиги мутлақо боғланмайди.

Аёлни улуғловчи ҳадислар ва оятлар кўп. Аёлга нисбатан қандай муомалада бўлиш хусусида Пайғамбар алайҳис-салом шундай деганлар: «Сизларнинг энг яхшингиз ўз оиласига яхши муомалада бўлганганингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилгувчи кишиман”.


Флемминг Роуз¸(Flemming Rose) Даниядаги Jyllands-Posten газетасининг маданий масалалар бўйича муҳаррири¸ Ислом ва мусулмон жамияти бўйича тадқиқотчи:

Флемминг Роуз
Хотин-қизларга қарши зўравонлик ҳақда гапирар эканмиз¸ унинг нафақат мусулмон жамияти¸ балки миллати¸ ирқи ва динидан қатъий назар барча жамиятларда мавжудлигини таъкидлаш лозим бўлади. Аммо мусулмон оламида (мен ўзбек жамиятини яхши танимаганим учун умумиятла мусулмон жамияти ҳақда гапираман) хотин-қизлар дуч келаëтган муаммолар¸ хусусан уларга қарши зўравонлик илдизи¸ менимча икки сабабга бориб тақалади. Сиз нега мусулмон жамиятида хотин-қизлар нега зўравонликка чидаб келмоқда¸ деган саволга жавоб излаяпсиз. Мусулмон жамиятида аëлнинг вазияти жуда қийин ва зўравонликдан қутулиш учун улар ташқи ëрдамга муҳтож.

Бу ëрдам асосан¸ икки жабҳада бўлмоғи лозим. Биринчиси¸ маориф соҳасида. Зотан дунëдаги саводсизларнинг аксарияти хотин-қизлар ва бу нисбат мусулмон давлатларида жуда баланддир. Эронни мустасно қилганда¸ мусулмон давлатларида савод чиқарган эркаклар сонининг аëлларга нисбатан бениҳоя баланд эканини кўрамиз. Мусулмон жамиятидаги хотин-қизларни зўравонликдан қутқариш учун¸ биринчи галда¸ уларга таълим олиш ҳаққини бериш ва уни амалда кафолатлаш лозим.

Бундай зўравонликдан қутулишнинг иккинчи йўли эса¸ назаримда¸ мусулмон аëлларига иқтисодий имконлар беришдир. Зотан¸ агар аëл киши ўзи ва болалари қорнини тўйғазиш¸ устини бутлаш учун 100 фоиз эрининг пулига қарам бўлса¸ бундай вазиятда унинг зўравон муҳитдан қутулиш имкони мутлақ йўқдир.

Ва ниҳоят¸ аëлни зўравонликдан қутулишга тайëрлаш учун унга қарши зўравонлик қилганларни жазолашнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш зарур бўлади. Зўравонликка учраган аëлнинг ҳуқуқий ëрдам излаб борадиган аниқ жойи бўлмоғи лозим ва бу ерга бораркан¸ аëл киши зўравонликнинг тўхтатилишига ишониши лозим.


Азиз муштарий¸ Сиз нима дейсиз:

Бугун Ўзбекистондаги минглаб аëллар нега оиладаги хўрлик ва зўравонликка чидамоқдалар?


Бу саволга оид кузатишларингизни бизга йўлланг. Хусусан¸ бундай зўравонликни бевосита ўз бошидан кечирган ëхуд кечираëтган аëл муштарийларимиз¸ айни пайтда аëлига нисбатан ўзи зўравонликка қўл урган ëхуд ураëтган эркак муштарийларимиз мулоҳазалари¸ бу муаммони яхшироқ англаб¸ унга муносиб чора топишга хизмат қилган бўлади. Мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

XS
SM
MD
LG