Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Президентнинг қизи телефон бозорини эгалламоқда


Тожикистон мобил алоқа бозорида янги телефонлар пайдо бўлди.
Тожикистон мобил алоқа бозорида янги телефонлар пайдо бўлди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг етти қизидан бирига тегишли экани айтилаётган “MLT” ширкати ўз мижозларига қуёш нуридан зарядланувчи уяли телефонлар таклиф қилмоқда.

Ширкат матбуот хизмати бошлиғи Азизулло Хайруллоевга кўра, қуёш нуридан энергия олувчи телефонлар Хитойнинг "ZTE" ширкати томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, MLT бу телефонларни икки томонлама имзоланган шартнома асосида Тожикистонга олиб кираяпти.

- Ширкатимиз таклиф қилаётган қуёшдан энергия олувчи телефонлар мижозларга йилнинг турли фаслида, хусусан, электр энергияси тақчил бўлган куз ва қишда уяли телефондан ҳеч бир муаммосиз фойдаланиш учун универсал техник восита саналади. Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергосистемасидан чиқиб кетиши ортидан республикамизда юзага келиши мумкин бўлган электр энергияси тақчиллиги эндиликда мижозларимизнинг кечаю-кундуз сифатли алоқа хизмати билан таъминланишига монеълик қилолмайди, дейди “MLT” ширкати вакили Азизулло Хайруллоев.

Ширкат масъулининг билдиришича, қуёш нуридан энергия олувчи аккумуляторлик битта уяли телефон нархи 46 АҚШ доллари бўлиб, бу тожикистонликлар учун унча қимматлик қилмайди.

Айни пайтда жуда замонавий саналмиш мазкур уяли телефонлар республиканинг барча вилоят ва шаҳарлари дўконларида сотилмоқда экан.

Ҳозирча бундай телефонлардан неча киши фойдаланаётгани ҳақида аниқ статистика йўқлигини таъкидлаш баробарида “MLT” ширкати расмийси қуёшли Тожикистонда нурдан энергия олувчи уяли телефонларнинг истиқболи порлоқ бўлишига ишонч билдирди.

Мазкур уяли телефондан фойдаланаётган суҳбатдошларимиздан бири Иззат Мирзоев телефонини сўнгги марта қачон электр энергияси билан зарядлаганини эслай олмайди.

- Бу хизмат тури жамиятимизда янгилик бўлгани учун аввалига сал шубҳа қилдим. Кейин бир неча кунлаб телефонимни электр энергияси билан зарядлашга эҳтиёж қолмаётганини кўриб қувондим. Негаки идорамизда кўпинча свет берилмайди. Ҳозир янги телефонимни иш столим устига ташлаб қўяман, бир муддатдан кейин қарасам, у қуёш нуридан зарядланиб олган бўлади. Менимча, бу жуда қулай. Хусусан, қишда республикамизда электр энергияси тақчил бўлган пайтларда, дейди суҳбатдошимиз.

Иззат қуёш нуридан энергия олувчи аккумуляторлик уяли телефонлар Тожикистонда кенг тарқалишига ишонади.

Аснода мустақил таҳлилчилар президент фарзандига тегишли компания қуёшдан зарядланувчи телефонлар бозорини монополия қилиб олмаслигига умид билдирмоқдалар.

- Агар бу янги система “MLT” компанияси томонидан монополия қилиб олинмаса, аксинча ширкатлар ўртасида соғлом рақобат принципларига амал қилинган ҳолда иш юритилса, у ҳолда барча баравар бу система хизматидан фойдаланиши мумкин, дейди мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Суҳбатдошимизнинг маънодор кулиб қўшимча қилишича, йилнинг 300 куни қуёшли бўлган Тожикистонда соғлом рақобат шароитида табиий энергия барча ширкатларга бемалол етади.
XS
SM
MD
LG