Линклар

logo-print

"Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги сонига таниқли ҳофиз Рустам Ғойипов бундан 23 йил олдин ижро қилган “Ўзбегим йигитлари” қўшиғини мавзу қилдик.

Совет Иттифоқининг оëғини осмондан келтирган қайта қуриш даври ва уни бошлаган Горбачев ҳуррияти кўпгина ижодкорларга эркин ижод имконини берган эди.

Ана шундай ижодкорлардан бири Рустам Ғойипов 1986 йилда “Ўзбегим йигитлари”¸ “Амир Темур”¸ “Пахтакор, ғалабангга ҳамма зор” деган мавзудаги миллий ватанпарварлик ашулаларини айтиб¸ элдан олқиш олди. “Ўзбегим йигитлари” деб номланган қўшиқ тарихи ҳақида сўрадик Рустам Ғойиповдан.

Рустам Ғойипов: Бизгача ҳам ватанпарварлик қўшиқлари кўп айтилган.

Озодлик: "Ўзбегим йигитлари" қўшиғининг айтилиш арафасини айтиб берсангиз. Қандай бўлган¸ шеърини ким ëзган?

Рустам Ғойипов: Шеърини Мирзабек Холмедов ëзиб берган.

Озодлик: Мирза ака ëзганми шеърини?

Рустам Ғойипов: Ҳа.

Озодлик: Бу қўшиқни илк бор қаерда айтгансиз?

Рустам Ғойипов: Тўйда.

Озодлик: Йилини эслайсизми? Қанақа қабул қилишган?

Рустам Ғойипов: Илк марта Чимкентда тўйда айтганман. Яхши қабул қилишган. “Ойни уради бенарвон” деган жойи яхши чиқмапти, деб айтишган.

Озодлик: Нимага шунақа дейишган?

Рустам Ғойипов: "Ойни бенарвон уради" деб ўғриларни айтади деганда.

Озодлик: Сиз нимага бу мавзуни танладингиз? Ўша пайтда раҳматли Муҳриддин акалар¸ Даврон Ғойиповлар севги ҳақида айтишарди.

Рустам Ғойипов: Чунки биз коммунистлар қўл остида яшашимизни билардик. Уларнинг программасини ҳам яхши тушунардик. Уларнинг мақсади ўзбек халқининг миллий ғурурини¸ миллий қадриятини йўқ қилиш¸ ўлдириш эди. Уни йўқ қилмас экан, ўзбек халқи ҳеч қачон бошқа халққа бош эгмас эди. Шу программага қарши биз шу қўшиқни тайëрлаганмиз.

Озодлик: Сиздан олдин Шерали Жўраев Эркин Воҳидов шеъри билан “Ўзбегим” ашуласини айтган. Унчалик ҳам хушланиб қабул қилинмаган-ку. У пайтда коммунистик режим эди¸ Совет Иттифоқи мавжуд эди. Ғуломжон Ëқубов ўша пайтда "СССР" деб ашула айтган эди.

Рустам Ғойипов: Бизнинг ëшлигимизда ғуруримизнинг¸ миллий қадриятимизнинг қалбимизда кўтарилишига сабабчи бўлган қўшиқчи Шерали Жўраев бўлади.

Озодлик: Шоирлар-чи?

Рустам Ғойипов: Эркин Воҳидов¸ Абдулла Орипов¸ Тўра Мирзо¸ э, Тўра Мирзо эмас, Тўра Сулаймон.

Озодлик: Тўра Мирзо деган шоир ҳам бор.

Рустам Ғойипов: Тўра ака билан мустақилликдан кейин танишдик-да. Совет вақтида миллий ғурурни кўтарадиган шоирлардан Тўра Сулаймон ҳам бўларди.

Озодлик: Ўзбегим йигитлари ашуласини илк маротаба айтган йилингиз нечанчи йил?

Рустам Ғойипов: 1986 йилда.

Озодлик: Қайси ойда?

Рустам Ғойипов: Кеч куз эди-да. Мана шунақа вақтлар.

Озодлик: Бу қўшиқ қанақа қилиб эл оғзига тушиб кетди? Звукозапис орқалими ëки тўйда ëзиб олибми?

Рустам Ғойипов: Бизларни фақат тўйда ëзишарди. Студияда ишламас эдик бизлар. Бизлар “Студияда ишлашга¸ катта саҳналарга чиқишга ëшлик қиламиз” деб студияларда ëзмас эдик. Мана ҳозир студияда ëзишни ният қилиб¸ студияда ëзаяпмиз.

Озодлик: Бу эшиттиришимиз шу қўшиғингизнинг тарихи ҳақида.

Рустам Ғойипов: Биз Мирзабек билан 1986 йилда танишиб қолдик. Кейин Мирзабек менга “Даврага туш” деган қўшиқнинг шеърини ëзиб берди. Мен “Шоирликдан талантингиз бор экан, ўзбекнинг миллий ғурурини кўтарадиган шеър ëзиб берсангиз” деб заказ бердим. Бирпасда ëзиб берди лекин. Бир ойга қолмай ëзиб берди.

Озодлик: Демак¸ қўшиқни биринчи марта Чимкентдаги тўйда айтдингиз. Ўзбекистонда биринчи марта қаерда айтдингиз?

Рустам Ғойипов: Ўзбекистонда биринчи марта концертда айтдим.

Озодлик: Қаерда бўлди бу концерт?

Рустам Ғойипов: 1989 йилда "Юбилейний" концерт залида бўлди.

Озодлик: Одам тўламиди?

Рустам Ғойипов: Ҳа¸ 12 та концерт бердик. Аншлаг бўлган.

Озодлик: "Юбилейний" концерт залига талабалар шаҳарчаси яқин эди. Улар жуда фаол эди ва сизнинг қўшиғингизни Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи гимни сифатида айтгандай бўлишган.

- Раҳмат¸ дейди Рустам Ғойипов.

Тошкентдаги "Юбилейний" концерт залида Рустам Ғойипов концертини томоша қилган ҳозир АҚШда истиқомат қилаëтган Баҳодир Файз бу ҳофизнинг ашуласи ўз даври учун жасорат ўрнаги бўлганини айтади.

Баҳодир Файз: Рустам Ғойиповнинг концертларига кирганман. Бизнинг ëшлик давримизда жуда машҳур эди. Агар янглиш хотирламаëтган бўлсам¸ 1986-1987 йилларда Рустам Ғойипов Ўзбекистонда жуда машҳур эди. Ўзи асли чимкентлик санъатчи. Ўша пайтлар қайта қуриш йилларининг бошлари¸ миллий озодлик ҳаракатлари энди чиқиб келаëтган пайт эди. Ўзбекистондаги миллий қадриятлар¸ Ўзбекистондаги ўзбекчилик деган нарсалар секин-секин инсонларнинг қалбига тушиб¸ инсонлар ўзлигини таниб¸ миллий қадриятларимиз секин-секин юксалиб келаëтган даврлар эди. Рустам Ғойиповнинг айтган ашулалари ўша пайтда шу нарсага жуда мос тушган. “Ўзбегим йигитлари” қўшиғи¸ Пахтакор командаси ҳақида қўшиқ халқ орасида¸ ëшлар орасида яхши қабул қилинган эди. Рустам Ғойиповдаги яна бир хусусият - миллий қўшиқларни модерн чолғу асбоблари билан айтилиши ўша пайт учун жуда чиройли бўлган эди.

Озодлик: "Ўзбегим йигитлари" қўшиғини бугун эшитсак¸ қулоғимизга киноя¸ кесатиқдай туюлмайдими?

Баҳодир Файз: 20 йиллик мустақиллик даври тарихи бор. Бу қўшиқлар айтганингиздай киноядай туюлиши мумкин. Чунки 1985-1986 йиллардаги ўзбекнинг қадри¸ ўзбек миллатига бутун Совет Иттифоқидаги бошқача қараш¸ ўзбекларнинг ўзини улуғ миллат сифатида кўриши¸ энди мана ҳозир Ўзбекистондаги режим туфайли ташқариларга чиқиб¸ дунëда ўзбек деган номнинг эътиборини бироз йўқотиб қўйиши бироз киноядек туюлади. Масалан¸ Қозоғистон¸ Россияда ишлаб юрган ўзбеклар¸ буларнинг дунëда ном солиши¸ ўзбекларга мардикор кўзи билан қаралиши¸ албатта бу ашулаларга киноя билан қаралиши мумкин бўлади.

Озодлик: Мана шу ашулани сиз машинангизда қўйиб юрасиз. "Ойни бенарвон уради" деб айтади-да. Лекин ўзбеклар ойни бенарвон ура олмаяпти-да.

Баҳодир Файз: Албатта ойни бенарвон ура олмайди. Энди бу 20 йил олдин айтилган қўшиқлар. Ўзбек ишбилармон¸ ўзбек уддабурон¸ қўйиб берсангиз кўпчилик ўзбекистонликлар билан гаплашганингизда...

Озодлик: Ўзбек пахтакор деган-да. Ўзбек худди пахта қўювчи подхалимдай бўлиб қолган-да.

- Ҳозир шунақа маъно келиб чиқади. 70 йиллик даврда Совет Иттифоқи даврида ўзбек албатта пахтакор бўлган. Пахтакор совет зеҳниятидаги бир маъно билан айтилган. Бу нарсалар совет пайтида улуғланган. Ҳозирги даврда бу қўшиқ киноядай туюлади¸ дейди Рустам Ғойипов ашулаларини эшитиб улғайган мухлис Баҳодир Файз.

Яна ҳофиз билан суҳбатга қайтамиз.

Рустам Ғойипов: Бизлар учун жуда катта кутилмаган воқеа бўлган. Ғайрат акага раҳмат. Мен “Концерт қўйишга ҳали тайëр эмасмиз, тайëргарлик кўришимиз керак, бироз қиладиган ишлар бор” дейишимга қарамай¸ “Ука¸ концерт қўясан, қўймасанг бўлмайди” деб қўймай олиб келган.

Озодлик: Ким у Ғайрат ака?

Рустам Ғойипов: Ғайрат ака ўша пайтда бизларнинг продюсер бўлиб ишлаган.

Озодлик: Исм-фамилиялари билан айтиб қўйинг у кишини.

Рустам Ғойипов: Абдуазимов Ғайрат Турғунович. Катта концертни бошлашимизга сабабчи бўлган одам ўша. Кейин Замин студиясининг асосчиси Саъдулла бор. У ҳам мени қидириб топиб¸ “Менга керак эмас” десам ҳам “Сизга керак бўлмаса, менга керак” деб, текинга Амир Темур тўғрисидаги қўшиққа клип қилиб берган. Шу билан клип яралиб қолган.

Озодлик: Ўша пайтда Совет Иттифоқи мавжуд эди. Сизга бир танқидлар¸ тазйиқлар бўлганми? Совет ватанпарварлиги ҳақида қўшиқ айтгин деган тавсиялар бўлганми?

Рустам Ғойипов: Йўқ. Чунки биз расмий жойларда айтмас эдик-да. Фақат тўйда айтардик. Концерт қўйганимизда қайта қуриш бошланиб кетган эди.

Озодлик: Қайта қуриш сизга қўшиқлар айтишга илҳом берган¸ шароит берган.

Рустам Ғойипов: Албатта¸ албатта. Қайта қуриш бошлангандан парвоз қилиб уча бошлаганмиз.

Озодлик: Горбачëв яратган муҳитда эркинлик ҳавоси бор эди-да.

Рустам Ғойипов: Албатта.

Озодлик: Нима учун битта қўшиқ машҳур бўлиб кетади-ю¸ бошқаси машҳур бўлмайди? Қўшиқнинг одамлар оғзига тушиб хит бўлиб кетишига сабаб нима?

Рустам Ғойипов: Буни билмасам.

Озодлик: Мана аскиячи Мирзабек ака шеърни ëзди. Мана Рустам Ғойипов қўшиқ қилиб айтди. Кейин ҳамма бирданига қўшилиб айта бошлади. Бунинг синоати нимада?

Рустам Ғойипов: Ўлай агар билсам.

Озодлик: Xўш, нима дегани у машҳурлик? Одам машҳурлик чўққисида турар экан¸ нимани ҳис қилади?

Рустам Ғойипов: Машҳурликнинг мазасими? Машҳурликнинг мазаси энди нафс кемиради-да. Одамнинг йўлдан бузилишига¸ ўзини йўқотиб қўйишига сабабчи бўлади.

Озодлик: Сиз ўзингизни йўқотиб қўйдингизми?

Рустам Ғойипов: Ўзимни яқинда топдим-ку. 10 йил бўлди.

Озодлик: Қандай топдингиз?

Рустам Ғойипов: Буни энди мен икки оғиз сўз билан тушунтириб бера олмайман. Ижодкорман-ку. Мен уйда қўшиқ айтишга тренировка қилаяпман. Боксëрларнинг “Бой с теню” деган стили бор. Рақибини кўз олдига келтиради-да¸ "шу билан урушаяпман" деб тренировка қилади. Мен “Саҳнада турибман¸ залда 5000 нафар одам ўтирибди” деб тренировка қилардим. Кейин бу ўзгара бошлади. Қанақа халқ ўтирибди? Мисол учун, Ўзбекистон халқи ўтирибди¸ Америка халқи ўтирибди¸ Қозоғистон халқи ўтирибди. Кейин “кимлар ўтирибди” - Нақшбандий¸ Аҳмад Яссавий боболаримизга ўхшаган¸ Ибн Сино¸ Беруний¸ 5000 нафар одам бўлса-да¸ ҳаммаси шунақа бўлса деб фараз қилиб, тренировка қилишим керак эди. Лекин улардан биттаси ҳам концертга келмас эди. Оддий одамлар келган, лекин улардан биттаси ҳам келмади-да концертга. Зални шунақа одамлар билан тўлдириш учун мен шунақа одамлар билан яқиндан танишига ҳаракат қилдим. Уларнинг ҳаëтини¸ фаолиятини ўргандим. Улар келмади. Шу билан “Нима учун уларнинг биттаси ҳам келмади концертга?” деб қизиқиш уйғонди менда. Чуқурроқ ўргандим. Шуларнинг ҳаëтини ўрганиб¸ уларни яқинроқ таниш билан мен ўзимни таний бошладим. Ўзимнинг кимлигимни била бошладим.

Озодлик: Навоий ҳам “Эл нетиб топгай мениким¸ мен ўзимни топмасам” деганда.

Рустам Ғойипов: Ўўўўў¸ Навоий бобомиз¸ биродар бобо. Алишер Навоий бобомиз ҳам бояги айтганларимнинг қаторида-да.

Озодлик: Сизни ардоқлаган¸ сизни севган¸ сизга гуллар тақдим қилган публиканинг сизни унутиб қўйганини ҳам бошдан кечирдингизми?

Рустам Ғойипов: Ҳа¸ кечирдим.

Озодлик: Унутилиш қандай бўлади?

Рустам Ғойипов: Бу зўр. Масалан¸ “ўлмай туриб ўлинг” деган. Ўлиб кўрдим. Бу ҳам зўр бўлади. Чунки бунинг тагида чуқур ҳикмат бор-да. Одамларнинг ҳақиқий юзини кўрдим. Одам бой¸ машҳур бўлиб яшаб юрганда ҳеч ўзининг юзини кўрсатмайди. Лекин эски чопон¸ махси калишларни кийиб¸ кўчама-кўча юриб¸ тиланчи бўлиб юрганда одамларнинг ҳақиқий юзини кўради одам. Бу ҳикмат¸ сабоқ¸ мактаб. Эшон Сўфи Оллоëр раҳматуллоҳи алайҳ. У шу вақтда давлат божхона бошлиғи бўлган-да.

Озодлик: Божгир бўлган.

- Шундай одамга “Тиланчилик қиласиз, шаҳардаги ҳар бир одамнинг эшигини қоқиб¸ садақа сўрайсиз” деб буюрганлар. Шундай министрдай одам кўчама-кўча юриб¸ садақа сўрайди. Бир кунда авлиë бўлади¸ бир кунда... Мана шунақа¸ дейди Рустам Ғойипов.

Ëруғликдан кейин зулмат келади¸ ëз ўз ўрнини қишга алмаштиради¸ машҳурлик даври эса унутилиш фасли билан алмашади. Рустам Ғойипов ҳам шуҳрат шоҳсупасидан унутилиш деган чоҳга ҳам қулади.

Одил Ëқубовнинг “Улуғбек хазинаси” деган романида Қаландар Қарноқий образи бор. Замондаги адолатсизликлар боис дунëдан этак силкиган дарвеш образи бу. Ҳозирги Чимкент¸ Туркистон томонларда бўлган дейишади Қарноқ деган юртни. Яна бировлар "асли Қарноқдан бўлган Одил Ëқубов бу образ қиëфасида ўзини тасвирлаган", дейишади. Чимкент тарафларда туғилган ва машҳурлик мартабасини ҳокисорликка алмашган Рустам Ғойипов ҳам қайсидир маънода қарноқлик қаландарни эслатади.

Рустам Ғойипов:

Холиқо!
Қойилман ўз нуқсонима¸
Кўб жафо қилдим ўзумни жонима.
Зоти покингдан иноят бўлмаса¸
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Холиқо!
Тўктум ибодат тосини¸
Сан тузарсан надани кам-кўсини.
Қулларинг булғонса исëн лойиға¸
Оқизурсан мағфират дарëсини.

Эшон Сўфи Оллоëр бобомиз ëзган. Раҳматуллоҳи алайҳ.

Озодлик: Мана шу қўшиқ айтилганидан бери 23 йил ўтди. Ўтган 23 йилнинг сабоғи¸ ҳикмати нима?

Рустам Ғойипов: Халқ билан бирга бўлдим¸ мулоқотда бўлдим. Халқ билан яқиндан мулоқотда бўлдим-да. Халқни яқиндан танидим.

Озодлик: Орадан 23 йил ўтиб¸ “Ўзбегим йигитлари” киноядай туюлмаяптими? Мардикорликда¸ Қозоғистонда қулликда.

Рустам Ғойипов: Мардикорлик¸ қулликлар ҳаммаси одамларнинг ўзидан. Ризқни Худо беради. 70 йилнинг ичида маънавиятдан¸ миллий ғурурдан ажратиб қўйдилар. Фақат пахта¸ дала¸ кетмон. Ўқиш йўқ¸ иш йўқ. Шунақа қилиб бизнинг халқни қийнаб қўйди. Унда ҳамма коммунистик ғояга ишониб яшади. Коммунистик ғоя йўқ бўлдими¸ ҳар ким билганини қилиб ëтибди.

Феруза гумбазли осмон остида¸
На чин мусулмонмиз¸ на кофири тамом. (Умар Ҳайëм)

Халқ улким¸ ўзининг пешонасида юлдузлар борлигин сезса¸ қувонса. (Омон Матжон)

Айтаяпти-ку, катталар ўзлигимизни англашимиз керак. Токи миллий маънавиятимизни¸ миллий ғуруримизни¸ миллий қадриятимизни тикламагунча¸ биз буюк халқ бўла олмаймиз¸ деб айтишаяпти. Халқнинг ичида юраман. Кўп одамнинг бу билан иши йўқ-да. Ҳаммасининг мақсади тезроқ пул топиш¸ машина олиш¸ кейин билмайман нима қилиш. Руҳий¸ маънавий бойлиги йўқ. Моддий бойликни нима қилади - билмайман.

Озодлик: Сизни бундан 23 йил олдин тинглаганлар ва ҳозирги мухлисларингизга айтадиган гапларингиз борми?

Рустам Ғойипов: Ўзбегим йигитларини тез орада тиклаш керак. Ўзбек халқи ким бўлган¸ ўзимиз киммиз¸ қаердан пайдо бўлдик¸ нима қилиб юрибмиз бу дунëда¸ қаëққа кетамиз¸ нимани тарк қилишимиз керак¸ нимани ўрганишимиз керак? Буларга миллий маънавиятни¸ миллий қадрият¸ миллий мафкурани тез ўзлаштиришга тилакдошман. Худодан сўрайман. Илоҳим, халқимизга¸ йигитларимизга¸ ўғил-қизларимизга шундай илм дарëсини бергинки¸ ўзбек халқи яна ўзлигига қайтсин.

Мард ўғлондир ҳам паҳлавон¸
Ойни уради бенарвон¸
Ҳар йигит Рустами достон -
Ўзбегим йигитлари.

Пахтакордир¸ миришкордир¸
Элимга хизмати создир¸
Ҳам санъаткор хушовоздир
Ўзбегим йигитлари.

Уддабурон ҳам босиқдир¸
Муҳаббатга у содиқдир¸
Чин севишга ҳам лойиқдир
Ўзбегим йигитлари.
XS
SM
MD
LG