Линклар

Ҳайит қамоқда ҳам ҳайит

  • Ҳурмат Бобожон

Собиқ маҳбуслар¸ ўзбек қамоқхоналарида ҳам 2000 йилга қадар маҳкумларнинг ўз масжиди бўлганини эслайдилар.

Собиқ маҳбуслар¸ ўзбек қамоқхоналарида ҳам 2000 йилга қадар маҳкумларнинг ўз масжиди бўлганини эслайдилар.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги минглаб эътиқод тутқунлари¸ хусусан мусулмонлар Қурбон ҳайитини темир панжара ортида нишонламоқда. Хўш Ҳайит байрамлари Ўзбекистон қамоқхоналарида қандай ўтади?

47 яшар фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кўп ўтмай қамалган ва 970 кун Ўзбекистон қамоқхонасида ўтирди. Бугунги кунда Францияда Қурбон ҳайитини нишонлаётган Тожибоева учун Тошкентдаги аёллар колонияси ва унда кечган икки йиллик маҳбуслик даври энди ўтмишга айланди.

- Мана бугун мен аëллар колониясидаги маҳкумаларнинг ҳар бир дақиқаси қандай ўтаëтганини ҳис қилиб турибман. Ўзбекистон қамоқхонасида бир нечта Ҳайитни ўтказишимга тўғри келди. Тўғрисини айтиш керак¸ Ҳайит кунлари муассаса вакиллари эрталабки текширув пайтида маҳкумаларни Ҳайит билан табриклашади. Ош қилинарди. Кейинги пайтларда маҳкумалар ош талашиб кўп жанжаллар¸ ҳатто муштлашувлар бўлиб кетганлиги учун ош қилишни чеклашган. Бошқа ҳеч қандай имтиëз¸ эркинлик берилмайди. Баъзан артистларни олиб келиб концерт қўйиб беришади. Ҳайит мана шундай нишонланади. Маҳкумалар уйларидан жўнатилган озгина емишни Ҳайит кунларига сақлаб¸ ҳатто кўкариб кетган нонларни дастурхонга қўйиб¸ бир-бирларини меҳмонга чақиришади. Мен мана шу фурсатдан фойдаланиб¸ Ўзбекистондаги барча маҳкум ва маҳкумаларни Ҳайит билан қутлайман. Янаги Ҳайитда ўз оилалари бағрида бўлишларини истайман. Мана шу қутлуғ кунда Оллоҳдан сўрайман¸ мана шу диктаторга инсоф берсин¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Қорақалпоғистонлик собиқ эътиқод маҳбуси, Тўрткўлдаги “Аламли бобо” масжидига имомлик қилган Муҳаммадсолиҳ Абутов Тожибоевадан олдинроқ, яъни 1996-2004 йилларда Нукус, Товоқсой ва Навоий жазони ўташ муассасаларида жами 8¸5 йиллик қамоқ жазосини ўтаган.

- Ҳайитни дам олиш куни қилиб¸ худди янги йил ва бошқа байрамлардагидай қилиб¸ ош берадиган одат чиқарди. Баъзида бўлади¸ баъзида бўлмайди. Дам олиш бўлади. Шу куни ишга чиқмаймиз. Фойдаси шу эди¸ холос. Зоналарда шундайки¸ байрам кунлари сектордан секторга ўтиш мумкин бўлиб қолади. Бошқа вақтда ўта олмайсиз. Йиллар давомида у сектордан бу секторга ўтиб бўлмайдида. Бир бировни кўра олмай бир зонада яшаб юраверасиз. Байрам кунлари ўтиб¸ табриклаб¸ шунақа шароитлар озгина бўлар эди¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Ўзбекистонлик диссидент, мухолифат фаоли Сафар Бекжоннинг қамалиши 90- йиллар бошига тўғри келган.

- 1993 йилда қамалган бўлсам¸ қамоқхоналарда ҳали диний масалаларда унча чеклов йўқ эди. 90-йилларда рухсат берилган ва эскидан келаëтган қамоқхонадаги масжидлар ишлаб турган эди. 1993 йилда Тоштурмада бўлганман. Мен бўлган пайтимда у ерда масжид бор эди. Байрамда масжидга чиқиб намоз қилиш имконлари бор эди. Байрам намозига бориш мумкин эди. 1994 йилда зонага борганимда зонада масжид бор эди. 49-зонадаги масжидга камида 200 нафар одам сиғар эди. Байрам намозларига¸ жума намозларига чиқиш мумкин эди. 1995 йилга келган пайтда масжидни ëпишди¸ бузиб ташлашди¸ намоз қиладиган одамларни қийнай бошлашди. Калимаи шаҳодат келтирганларга¸ диндорларга¸ намоз ўқийдиганларга зўравонликлар бошланиб кетди. 1996 йилга келиб диний эътиқоди учун қамоқхона ичкарисида зуғум ўтказилди¸ дейдио Сафар Бекжон.

Муҳаммадсолиҳ Абутов 90-йилларда ўзбек қамоқхоналарида ибодат қилиш имконлари берилгани, эътиқод эркинлигини чеклашнинг эса 2000 йилдан бошланганини эслайди.

- Ўша пайтда ҳам том маънодаги масжид бўлмаган. Совет пайтида Ленин комнатаси деган комната бўларди. Ўша комнатани масжид қилиб намозхонлар ўша ерда намоз ўқишган. Ўша масжид ҳисобланган. Ҳозир намоз ўқиш ҳам мумкин эмас. Ҳозир турмадан олаëтган маълумотларимга қараганда оддий намоз ўқиш ҳам мумкин эмас¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Мўътабар Тожибоевага кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида динга эътиқод қилганлар жазоланади. Тожибоева Ҳайит кунида ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани эслайди.

- 2007 йилда Ҳайит куни маҳкума яқинда ўтган қариндоши учун намоз ўқиб¸ тиловат қилиб ўтирганида¸ назоратчилар келиб қолди. Шулар келганида сен ҳурматини қилиб турмадинг¸ деб изоляторга қамашганини биламан¸ дейди Мўтабар Тожибоева.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон дунёда диний эркинликларни энг кўп чеклаётган давлатлар қаторида қолмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти дунёда диний эркинликларнинг аҳволига доир ўзининг бу йилги ҳисоботида маълум қилган. Қамоқхоналарда диний экстремизмда айбланиб, маҳкум этилганларнинг намоз ўқишларига қаршилик қилиш, рўза тутишига изн бермаслик сингари ҳолатлар ҳам кузатилган, дейилади ҳисоботда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG