Линклар

Ҳайит намозида яна президент улуғланди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда расман рўйхат берилган масжидлар сони камайиб кетгани боис¸ бу йилги ҳайит намози масжидлар одам тиғиз бўлган.

Ўзбекистонда расман рўйхат берилган масжидлар сони камайиб кетгани боис¸ бу йилги ҳайит намози масжидлар одам тиғиз бўлган.

27 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари ҳам Қурбон ҳайитини байрам қилдилар. Намозхонларга кўра¸ мамлакатнинг 2000га яқин жомеъ масжидида ўқилган ҳайит намозларининг аксарида ўзбекистонликлар шукур ва сабр қилишга чақирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг Озодлик радиосига айтишича, ўзбекистонлик мусулмонлар Қурбон ҳайитини хурсандлик билан нишонлаганлар.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Оллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки¸ бу йилги муборак Қурбон ҳайити байрамини ҳам Ўзбекистон мусулмонлари жуда яхши кайфиятда кутиб олдилар. Ҳайит намозлари Ўзбекистондаги 2000 га яқин масжидларда ўқилди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбариятига берилган маълумотларга қараганда барча вилоятларимизда¸ туманларимизда Ҳайит намозлари жуда кўтаринки руҳда ўқилган ва мусулмонларнинг ҳаммалари фаол қатнашиб¸ имомларимизнинг Ҳайит мавъизаларини тинглаб¸ руҳий озуқа олишган. Бирорта кўнгилсиз воқеа бўлгани йўқ. Ҳайит олдидан барча масжидларнинг салоҳияти¸ мусулмонларни қабул қилишга тайëр ëки тайëр эмасликлари кўриб чиқилган эди. Оллоҳга шукурки¸ ҳамма жойдан бизга яхши маълумотлар келиб турибди. Шу муносабат билан мен Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбарияти номидан¸ ҳамда шахсан ўзимнинг номимдан ер юзидаги мусулмонларни самимий муборакбод этаман. Бундай улуғ айëмларга ҳаммаларининг соғ-саломат етиб бориб¸ мана шундай ибодатларда бардавом бўлишимизни Оллоҳ барчамизга насиб айласин¸ дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур.

Тошкент шаҳридан олинган маълумотларга кўра, шаҳарнинг барча жомеъ масжидлари намозхонлар билан тўлиб тошган. Тошкентлик суҳбатдошимизнинг айтишича, масжидларда имомлар томонидан ўқилган маърузаларда деярли янгилик бўлгани йўқ.

- Ҳар доимгидай амру маъруф бўлди. Бир хил мажсидда бир хил тема. Қурбон ҳайити билан табриклаш¸ қурбонликни қандай адо этиш. Ҳамма жойда бир хил мавзуда. Унақа янгилик йўқ. Ҳеч бир домланинг портлаб чиқиб ҳақиқатни гапириши ҳозирги пайтда амримаҳол¸ дейди тошкентлик тингловчимиз.

Тошкентнинг Ҳамза туманида яшовчи Абдуқаҳҳор аканинг сўзларига кўра, имомларнинг бу маърузалари одатда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Диний ишлар қўмитаси томонидан ёзиб берилади.

- Янгилик йўқ. Эски тоғора¸ эски тос. Ҳурматли президентимиздан бошланади. Бизларнинг олдинги имомларнинг ҳаммасини ўқишга жўнатишган. Ҳозир уларнинг ўрнига котиблари қолган. Ўшалар ўтиб беришди. Диний қўмитадан юборилган шпаргалкани ўқиб беришди¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи Шукуржон аканинг сўзларига кўра, одатда имомлар бу маърузаларда одамларни сабр қилишга ва шукрона айтишга даъват қилади.

- Маърузаларни бир кун олдиндан тайинлаб кетишган экан. Имомларимиз ҳам ҳозир билсангиз керак ўша ëққа ҳамду-сано ўқишади. Шукур қилиш керак¸ сабр қилиш керак деб шу ҳақда гапиришди. “Ҳамма ëғимиз тинч. Тўйларимиз бўлаяпти. Машиналар олаяпмиз. Уйлар қураяпмиз” деб гапиришади. Беш-олти ҳожиларга ўтказиб юборишади. Ҳожиларку¸ ўзингиз биласиз¸ эски амалдорлар. Улар эртага биз томон ҳам бўлиб тураверишади. Ўзи биз ҳаммамиз ҳам эгиладиган бўлиб қолдик¸ дейди Шукуржон ака.

Фарғона шаҳридаги масжидларга одам сиғмай кетди, дейди фарғоналик Ҳасанжон ака.

- Яхши ўтди бу йил. Эрталабдан масжидлар тўлиб¸ сиғмасдан одамлар асфалтларга чииқб кетди. Орган ходимлари у ëқдан 500 метр¸ бу ëқдан 500 метр йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйган. Айланма йўл билан ўтказаяпти. Йўлларда намоз ўқишаяптида. Машина ўтишига имконият йўқ. Бомдод бешта кам еттида¸ Ҳайит намози 15 та кам 8 да ўқилди. Жуда яхши кутиб олдик¸ дейди Ҳасанжон ака.

Ҳасанжон аканинг сўзларига кўра, одамларнинг масжидларга сиғмай қолишига сабаб, ҳайит намозлари ўқийдиган жомеъ масжидларнинг вилоятда камайиб кетганлигидадир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар узоқ йўл босиб бошқа масжидларга боришга мажбур бўлмоқдалар.

- Ўтган йилги Қурбон ҳайитдагидан ўзгаришни мен шахсан сезмадим. Рухсат берилмаган мажсидларниг кўпи бу йил бекилди. Мусулмонлар сабр қилиб¸ Оллоҳга шукур қилиб яшаб келишаяпти¸ дейди Ҳасанжон ака.

Унинг айтишича, 28 миллионли ва бу миқдорнинг асосий қисми мусулмонлар бўлган Ўзбекистон аҳолиси учун 2000та жомеъ масжиди бу жуда кам.

- Бу¸ албатта¸ етарли эмас. Масжидлар жуда кам. Бу фақат менинг фикрим эмас. Бу бошқа мусулмонларнинг ҳам фикри. Ҳозир ҳудудларда ҳеч бўлмаса битта ҳам йўқда. Катта шаҳарда учта-тўртта. У бурчак¸ бу бурчакда. Ораси узоқ. Жуда қийин ҳозир. Қарилар бор¸ бошқалар бор. Бир маросимда масжид имомлари билан ўтирганимда “Мустақиллик бўлиб кўп масжидлар бекитилдию¸ лекин шу масжидларнинг ҳаммаси рўйхатда турибди. Имомлар бориб¸ муфтийлар билан гаплашиб¸ ҳамма талабларга жавоб берса¸ рухсат беради. Худо хоҳласа масжидлар 4000-5000 бўлиб кетади” деб гапиришганини эшитдим¸ дейди фарғоналик Ҳасанжон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG