Линклар

Жаладан ўзбек ҳожиларига зиëн етмади

  • Барно Анвар

Kучли ёмғир боис пайшанба куни Жидда шаҳрида 70 дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Kучли ёмғир боис пайшанба куни Жидда шаҳрида 70 дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Айни кунларда жаҳон мусулмонлари диққати бу йилги ҳаж ибодатига қаратилган. Макка ва Мадинада кучли ëмғир ëққани¸ айни пайтда ҳожилар орасида чўчқа гриппи тарқагани оқибатида қурбонлар борлиги ҳақдаги хабарлар¸ кўпчиликни ташвишга солиб қўйди.

Авваломбор, ўзбекистонлик тингловчиларимиз, барча мусулмонларни муқаддас Қурбон ҳайити билан табриклаймиз! Барчангизга омонлик, хайру баракотлар тилаймиз!

Бу йилги Хаж зиёрати, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги берган маълумотларга кўра, аввалги йиллардан бироз камроқ иштирокчи — бир ярим миллион хорижлик зиёратчи, тахминан, ярим миллиондан ортиқроқ маҳаллий зиёратчи билан ўтмоқда.

Хориждан келувчилар сони камайгани, аввало, иқтисодий инқироз ва бу йил катта ваҳималарга сабаб бўлган чўчқа гриппи пандемияси билан боғланмоқда.

Маҳаллий зиёратчиларнинг озайгани эса нақ Ҳаж зиёрати бошланган куни Саудия Арабистонида ёққан кучли ёмғир боис туғилган ноқулайликлар билан боғланди.

Сўнгги хабарларга кўра, кучли ёмғир боис Жидда шаҳрида 70 дан ортиқ одам қурбон бўлган. Бу эса чўчқа гриппи боис Саудияга қаратилган хавотирли нигоҳлар ташвишини яна-да оширди.

Шу боис, бугунги дастурни тайёрлаш асносида, энг аввало, муқаддас зиёрат сафарида бўлган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳолидан хабар олдик ва бу йилги Ҳаж зиёрати билан боғлиқ сўнгги янгиликларни суриштирдик.

“Кучли ёмғирдан ўзбекистонлик зиёратчиларга заҳмат етмади”

25 ноябр куни Саудия Арабистонида кучли ёмғир ёғди. Мамлакатнинг баъзи ҳудудлари, масалан, Жидда шаҳрида кучли жала қўйди.

Ҳаж зиёрати сафарида юртган юртдошларимиздан бирининг сўзларига кўра, бу юртнинг замини кўпроқ тошлоқ бўлгани боис бир неча соат қуйган жала суви кўчаларда анҳор бўлиб оққан.

Халқаро ахборот воситалари 26 ноябр куни кечга қадар кучли ёғингарчилик оқибатида 77 нафар одам қурбон бўлгани ҳақида хабар берди.

Ана шу ташвишли хабар ортидан биз биринчи бўлиб зиёратда юрган юртдошларимиз билан боғландик. Биз қўнғироқ қилганимизда ўзбекистонлик ҳожилар Арофот тоғига етиб борган ва зиёратнинг шу тоғда ўтадиган қисмига киришиш арафасида турган экан.

Дарвоқе, Apoфoт тоғида тypиш ҳaжнинг acocий pyкнларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда гап борар экан, уламолар “Ҳaж – apaфaдyp” деган ҳадисни тилга оладилар.

Хуллас, биз боғланган кезда ёмғир тинган, ҳамюрт зиёратчилар эса кўзланган манзилга етиб келган экан.

- Ëмғир ëғиб ўтиб кетди. Ҳозир ҳамма ëқ яхши. Каъбада мазза бўлаяпти.

Озодлик: Чўчқа гриппи билан боғлиқ хавотирлар кўпайган эди. Аҳвол қанақа?

- Чўчқа гриппи йўқ Худо хоҳласа.

Озодлик: Эҳтиëт чораларини кўраяпсизларми дейман?

- Худо кўраяпти эҳтиëт чораларини.

Озодлик: Энди нима қиласизлар? Арофотда бўласизларми бугун?

- Ҳа¸ бугун Арофотдамиз. Шомда бирор соат ўтириб¸ кейин Муздалифага кетамиз.

Озодлик: Сиз бошқа кишисиз шекилли-а?

- Ҳа¸ биз ëнма ëнмиз. Ўзбекистондагидай шароит яратиб берадигани ҳали йўқ шекилли. Мана қийналмасдан ибодат қилаяпмиз.

Озодлик: Ҳайитларингиз муборак бўлсин¸ зиëратларингиз қабул бўлсин.

- Сизларга ҳам насиб қилсин.

Озодлик: Чўчқа гриппи деган хавотирлар кўп эди. ҳозир қанақа?

- Бошқаларни билмадикку¸ лекин ҳали ўзбекистонликларга грипп юқиб¸ ҳали нима бўлгани йўқ. Оддий грипп ҳам учрагани йўқ. Маскада юрибмиз. Ҳамма ëқлар яхши. Ҳар битта гуруҳда доктор бор¸ дейди суҳбатдошимиз.

Мана тинглаганингиздек, ҳавонинг эса бироз салқинлигини айтмаганда, ўзбекистонлик ҳожилар зиёратни мушкулликларсиз, имкон қадар тўкис адо этмоқдалар. Зиёратнинг биринчи кунида ёққан қаттиқ ёмғирдан бизнинг зиёратчиларга заҳмат етмаган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар гуруҳи етакчиларидан бири – Тошкент шаҳар имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов ҳам буни таъкидлади ва шунингдек, кўпчиликни ташвишлантириб турган чўчқа гриппидан ҳам ватандош зиёратчиларга азият етмаганини айтди.

Зеро, 25 ноябр — зиёрат амалларини адо этиш бошланган илк кунда Ҳаж вазирлиги чўчқа гриппи боис 4 киши оламдан ўтганини маълум қилган эди.

Эргашали Рустамов зиёратнинг иккинчи кунида боғланганимизда, ўзбекистонлик зиёратчилар орасида бу касалликка ҳозирча ҳеч ким чалинмаганини айтиб, кўнгилларни хотиржам қилди.

- Биз чўчқа гриппи борасида нафақат бу ерга келгандан кейин¸ келгунимизча ҳам бироз ташвишда эдик. Бунинг учун Ҳажга жўнагунимизча жуда катта ишлар қилинган. Алҳамдулиллаҳ Худога шукур қилишимиз керак. Ўзбекистон ҳожиларидан бирортаси чўчқа гриппи ëки оғир гриппга чалингани йўқ¸ дейди Эргашали Рустамов.

Тошкент имом хатиби муовни Эргашали Рустамов ўзбекистон юртдошлар ва дунё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан муборакбод қилди.

Биз эса у киши билан боғланиб, Ҳаж зиёратининг кейинги кунлари ҳақида ҳам ахборот олиш ва сиз тингловчига тақдим қилиб боришга ҳаракат қиламиз.

Чўчқа гриппи зиёратчиларга ўз юртида юққан”

Бу йилги Ҳаж зиёрати мавсуми ва шу мавсумга тўғри келган бу йилги серёғин об-ҳаво боис берилган қурбонлар ҳақида Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигидан ҳам маълумот олдик.

Вазирликнинг Арофот тоғида зиёратчилар билан бирга бўлган мутасаддиларидан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, бир неча соат қуйиб ёққан жала боис нобуд бўлганлар, асосан, Саудия Арабистони фуқаролари экани тахмин қилинмоқда.

- Биз ҳам мамлакат газеталаридан олган хабарларга кўра, нобуд бўлганларнинг кўпчилиги автомобил ичида бўлган. Чунки, кучли жала кўчаларни сувга тўлдирди. Ҳайдовчиларимиз бундай об-ҳавога кўникмаган. Шунинг учун, кўчаларда дарров бетартиблик юзага келди. Ҳам сув, ҳам тартибсизлик боис автоҳалокатлар кўп бўлди, афтидан, дейди Ҳаж вазирлиги мутасаддиларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонида айни мавсумдаги бу қадар қаттиқ ёмғир бундан 4 йил муқаддам кузатилган, аммо, бунчалик кўп қурбонлар бўлмаган.

Айни пайтда кучли ёмғир 26 ноябр куни кечга яқин ва кейинги 2 кун давомида ҳам бўлиши кутилмоқда.

- Мен ҳозир Арофотдаман ва биз кечки 6 ларда яна кучли ёмғир кутаяпмиз. Шу боис, тегишли давлат ташкилотлари ва ҳарбийлар барча эҳтиёт чоралари учун ҳозирлаб қўйилди. Мен ҳам кеча туни билан мижжа қоқмай, идорада бўлдим. Биз учун жуда масъулиятли пайт бўлгани боис, келган ҳожиларни бешикаст кутиб олиб, кузатиб қўйишга астойдил ҳаракат қилаяпмиз, дейди суҳбатдошимиз.

Шу ўринда яна қўшимча қилиш жоиз, бу расмий билан суҳбатимиз куннинг биринчи ярмида бўлди ва куннинг иккинчи ярмига келиб, кучли ёмғирдан нобуд бўлганлар сони 77 нафарга етгани, яна ўнлаб одам бедарак йўқолгани ҳақидаги расмий маълумот ҳам тарқатилди.

Аҳоли гавжум бўлган Жидда, Мадина, Макка каби шаҳарларда фавқулодда хизмат вакиллари ва ҳарбийлар оёққа турғизилди.

Биз эса Ҳаж вазирлиги мутасаддисидан чўчқа гриппи билан боғлиқ вазият, шу касалликдан нобуд бўлган тўрт ҳожи ҳақида ҳам маълумот беришни сўрадик.

Зеро, баъзи мутахассилар, нам ҳаво чўчқа гарипи вируси тарқалиши хавфини ошириши ҳақида сўзламоқдалар.

Ҳаж вазирлиги ходими сўзларига кўра, вафот этган ҳожиларга касаллик зиёрат чоғида юқмагани аниқланган.

- Улар бу касалликка Саудия Арабистонига келишдан аввал учрагани аниқланди ва уларнинг атрофидаги зиёратчиларни эҳтиёт қилиш чоралари кўрилди. Ҳозирча, бошқа қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ. Вазият тўлиқ назорат остида. Вазирлик ва давлатнинг масъул идораларининг барчаси тик оёқда туриб, хизмат қилишаяпти, дейди Ҳаж вазирлиги мутасаддиси.

Ҳозирча бу йилги Ҳаж зиёрати мавсуми билан боғлиқ аниқлаганимиз тафсилотлар мана шулардан иборат.

26 ноябр куни Арофот тоғида бўлган зиёратчилар, хусусан, ўзбекистонлик зиёратчилар кун ботгач, Муздалифага бордилар. 27 ноябр куни эса эрталаб Минога қайтиб, у ердан кейин Жамаротга отланадилар ва у ерда шайтонга тош отиш маросимини ўтайдилар.

Кейин эса қурбонлик сўйилади, соч олдирилади. Кейин эса “тавофи ифода”, яъни, Байтуллоҳни тавоф қилиш амали бажарилади. Бу ҳам Ҳаж зиёратининг асосий рукнларидан бири. Етук уламолар бу рукн бажарилмаса ҳам зиёратчининг ҳажи ҳаж бўмайди, дейишади.

Сўнгра зиёратчилар икки кун Мино тоғида бўладилар ва ўзбекистонлик зиёратчилар 29 ноябр куни Ҳаж ибодатини битириб, меҳмонхонага, 2 декабр куни эса Ҳаж зиёратини битириб, Ўзбекистонга қайтадилар.

Уларнинг барчасига омонлик ва зиёрати қабул бўлишини тилаймиз. Ўзбекистонлик ва бошқа мусулмон тингловчиларимизни яна бир бор Қурбон Ҳайити билан табриклаймиз!

Ҳаж орзусига етган ким-у, етолмаган ким?

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришини тинглаяпсиз. Ҳаж зиёрати насиб қилиб, Маккаю мукаррама, Мадинаю мунавварага қадами етган зиёратчиларнинг ҳоли, кайфиятида, зиёратидан хабар олдик.

Гарчи қутлуғ байрам кунларида тилга олиш бироз ноқулай бўлса-да, дастуримизнинг эндиги қисмида эса уларни кузатиб қолган ва шундай зиёратни ният қилгану, етолмаётган ўзбекистонлик аҳволини ҳам бирров тилга олмасак, бўлмас.

Зеро, йиллар давомида Ҳажга боришни орзу қилган ва бу орзусига етиш имкони бўлатуриб, ета олмаётган минглаб ўзбекистонликлар бор.

Бизга маълумки, Ўзбекистондан Ҳажга юборилган зиёратчиларнинг расмий сони бу йилги зиёратчиларни қўшиб ҳисоблаганда, 65 минг нафарга етди. Яъни, ҳар йили 5000 зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилади.

Ҳаж вазирлиги томонидан белгиланган ҳар минг кишига бир кишилик квотага кўра, ҳозир аҳолиси 28 миллионга етган Ўзбекистондан 28 минг киши Ҳаж зиёратига бориши мумкин.

Аммо, нега 28 минг эмас, фақат 5000 киши зиёратга жўнатилаётганига Ўзбекистондаги расмий диний ташкилотлар ҳанузгача аниқ расмий жавоб бергани йўқ. Аммо, баъзи норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили расмийлар айтгани каби 5000 эмас, балки 5200, 5300 киши зиёратга боради.

Мисол учун, бу йил Саудияда ўзбекистонлик ҳожилар жойлашган меҳмонхона маъмуриятидан олинган норасмий маълумотга кўра, 5200 киши зиёратга келган.

Ўзбекистонда эса зиёратга орзумандлар бисёр. Бироз муқаддам ана шундай орзумандлардан бири Озодликка берган интервьюсида зиёратчиларни танлаш учун ўтказиладиган узундан-узоқ чиғириқ ҳақида ҳикоя қилган эди.

- Ҳажга боришни ният қилган одам маҳалла комитетига учрайди. Маҳалла комитети “Шу одамнинг Ҳажга бориши учун бизнинг қаршилигимиз йўқ” деган справка беради. Бу справкани олиб сиз ҳокимиятга борасиз. Туман ҳокимиятида диний масалалар билан шуғулланадиган шахслар бўлади. Улар сизнинг справкангизни олиб қолиб¸ сизни рўйхатга киргизиб қўйишади. Биз турадиган маҳалла анча катта маҳалла. Ҳар йили бешта¸ ўнта одам хоҳлайди. Лекин ўша шаҳардан 500 та кетадиган бўлса¸ буни бутун маҳаллаларга тақсим қилиб чиқишади. Кимдир 2009 да¸ кимдир 2010 да¸ кимдир 2011 да навбатга ëзилади. Бошқа давлатларда бунақа нарсалар йўқ. Германияда ëки бошқа Европа давлатларида бир ой олдин ҳаракат қилсангиз ҳам¸ озгина нархи қиммат бўлса ҳам бориб келасиз. Ўша йилнинг ўзида бориб келасиз. Қолиб кетмайсиз. Россия¸ Қозоғистон ëки Қирғизистон орқали чиқиб келаман десангиз¸ унга ҳам қаршилик қилишади. Ҳаж зиëрати бўйича ўзаро келишувга асосан Ўзбекистон фуқароси фақат Ўзбекистон орқали Ҳаж қилиши мумкин деган тартиб бор¸ деган эди бироз муқаддам Ўзбекистондан Ҳаж зиëратига орзумандлардан бири.
XS
SM
MD
LG