Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Теҳрон расмийлари "Нобел"ни соҳибидан тортиб олди


Ширин Ибодий дунёдаги энг нуфузли ҳисобланган Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлган биринчи мусулмон аёл.
Ширин Ибодий дунёдаги энг нуфузли ҳисобланган Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлган биринчи мусулмон аёл.

Эрон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ширин Ибодийга 2003 йилда берилган Нобел тинчлик мукофотини мусодара қилди. Теҳрон расмийлари ўзининг бу ҳатти-ҳаракатини Ибодий мукофот пулидан солиқ тўламагани билан изоҳлади.

Озодлик билан суҳбатда Ширин Ибодий Теҳроннинг Инқилоб суди буйруғига кўра уч ҳафта олдин Эрон расмийлари ўзининг Эрон банкидаги шахсий қутисида сақланаётган Нобел олтин медали ва дипломини олиб кетганларини айтди.

Ибодий Эрон расмийлари Франция ҳукумати унга берган “Legions of Honor” медали ва Германия Журналистлар уюшмаси совға қилган узукни ҳам банк қутисидан олиб¸ мусодара қилганини айтди.

- Разведка вазирлиги ходимлари уйимга яқин хонадонда яшайдиган синглимга у ердан кўчиши кераклигини очиқчасига айтишди. Акс ҳолда унинг эри ва икки нафар талаба ўғлининг келажаги яхши бўлмаслигини айтишди. Бошқа томондан, менинг банкдаги ҳамма ҳисобим, жумладан пенсия учун тўплаган пулларим, банкдаги шахсий қутим шунингдек, эримнинг банк ҳисоби ва пенсия пулларининг ҳаммаси мусодара қилинди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ширин Ибодийга кўра, Эрон ҳукумати банк ҳисобларини музлатиб, Нобел қўмитаси берган 1,3 миллион доллар мукофот пулидан 410 минг доллар солиқ тўлашни талаб қилмоқда. Эронда мукофот пулидан солиқ тўланмаслиги боис Ибодий ҳукумат расмийларининг ҳатти-ҳаракатини ноқонуний деб атади.

Норвегия Нобел қўмитасининг доимий котиби Гиер Лундестад бу хабарни эшитиб қўмита “даҳшатга” тушганини айтди.

- Бизнинг ҳафсаламиз пир бўлди. Биз ҳатто даҳшатга тушдик. Ширин Ибодий ва Эрон ҳукумати ўртасида анча вақтдан бери баҳс давом этаётган эди. Бу эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа бўлди, деди Нобел қўмитаси котиби.

Норвегия Ташқи ишлар вазири Йонас Гаҳр Стоере 108 йил олдин таъсис этилганидан бери Нобел мукофоти тарихида мукофот биринчи марта унинг соҳибидан тортиб олинганини айтди.

Теҳрон расмийларига норозилик билдириш учун Эроннинг Ослодаги фавқулодда ва мухтор элчиси Норвегия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

27 ноябр куни Эрон Ташқи ишлар вазирилиги матбуот вакили Эрон ўзининг солиқ ҳақидаги қонунларини амалга тадбиқ этишини Норвегия танқид қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

Ширин Ибодий дунёдаги энг нуфузли ҳисобланган Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлган биринчи мусулмон аёл. Айни пайтда у Нобел мукофотини олган эронлик биринчи ҳакамдир.

Ширин Ибодий 12 июн куни Эронда ўтказилган мунозарали президентлик сайлови арафасида халқаро анжуманда қатнашиш учун Испанияга жўнаб кетган. Ўшандан бери у Эронга қайтгани йўқ.
XS
SM
MD
LG