Линклар

logo-print

“Нева экспресси” яна ҳалокатга учради


Москва-Санкт-Петербург йўналиши бўйича ҳаракатланаётган йўловчи поёздининг бир неча вагони изидан чиқиб кетиши оқибатида камида 30 киши нобуд бўлди, салкам 100 киши тан жароҳати олди. Шунингдек, ўнлаб йўловчи бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, фожеа рўй берган маҳал “Нева экспресси” поездида 600 дан зиёд йўловчи бўлган.

Россия Темир йўллар компанияси раиси Владимир Якунин поезд вагонларининг изидан чиқиб кетишига портловчи мосаламанинг ишга келтирилгани сабаб бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Таъкидлаш жоизки, ҳозир барча, жумладан, портлаш содир этиш версиясини ҳам кўриб чиқмоқдамиз. Бундай дейишга объектив асослар бор. Бироқ якуний хулосани терговчилар қабул қиладилар, деди Владимир Якунин.

Маълум бўлишича, Россия прокуратураси жума кунги фожеа юзасидан терроризм ва ноқонуний портловчи моддаларни сақлаш айблари бўйича жиноят иши очган.

2007 йилнинг август ойида ҳам “Нева экспресси” поезди Новгород вилояти ҳудудидан ўтаётганида қўлбола портловчи модда портлатиб юборилган ва оқибатда бир нечта вагонлар издан чиқиб кетиб, 30 га яқин йўловчи тан жароҳати олган эди.
XS
SM
MD
LG